1

ЭРКАК КИШИ НЕГА РАФИҚАСИГА ҚЎЛ КЎТАРАДИ?

СУҒДИЁНА 10.01.2018, 10:49
ЭРКАК КИШИ НЕГА РАФИҚАСИГА ҚЎЛ КЎТАРАДИ?

Сўнгги вақтларда саҳифамизга келаётган аксарият мурожаатларнинг мазмуни оилада эрларнинг аёлларига қўл кўтариши ҳақида бўлмоқда. Шу боис экспертимиз мана шу мавзуга батафсилроқ тўхталишга қарор қилди. “Эркаклар нима учун хотинини уради, бунинг сабаби нимада?”, “Аёлларнинг калтак ейишига ким айбдор, ўзими?”. Шу ва бошқа саволларга жавоб излашга ҳаракат қиламиз.

Азиза Тошхўжаева, Психолог

Оилада эркак билан аёлнинг биргаликда кун кечириши давомида гоҳида турли тушунмовчиликлар ҳам келиб чиқади. Тушунмовчиликлар эр ва хотиннинг бевосита ёки билвосита иштирокида пайдо бўлиши мумкин. Масалан, оиладан ташқарида бўлган қариндошларнинг, ота-оналарнинг тўғри-нотўғри кўрсатмалари туфайли жанжал чиқиши ёки эр-хотин ўзларини маълум бир вазиятда, маълум бир муаммога дуч келганда тўғри йўл тутолмагани ортидан ҳам жанжаллар келиб чиқиши мумкин.

Умумий ҳолатда оила даври иккига ажратилади: фарзандсиз бўлгандаги давр ва фарзандли бўлгандан кейинги давр. Фарзандлар туғилгунча бўлган даврда асосий жанжаллар ўзаро муносабатлар орқали келиб чиқади, кейин эса фарзанд туғилгач, асосан улар туфайли келиб чиқади. Сабаби, фарзанд тарбиясига турлича қарашлар бўлиши табиий, чунки эр ҳам, хотин ҳам бошқа-бошқа оилада тарбия топган. Эр ўзининг оиласида кўрган тарбиясини боласига сингдирмоқчи бўлади, аёл эса ўзининг. Мана шу катта-кичик жанжалларда эркакларнинг аёлларига қўл кўтариш ҳолатлари, афсуски, учраб туради.

Эр хотинини уришига ким айбдор?

Кўпчилик аёллар билан суҳбатлашганимизда, “эр урдими, эр айбдор!”, деган гапни айтишади. Қўл кўтарилганда фақатгина эрни айбдор деб билиш масалага бир ёқлама қараш бўлиб қолади.

Эр нима учун уради?

- аёл эрини етарли даражада ҳурмат қилмаса;

- аёл эрига овозини кўтариб гапирса, ҳақоратласа, қарғаса;

Аёл бу ҳолатларда қатор баҳоналар билан ўзини оқлайди: вақтида бозорлик қилиб келмайди, уйга маст аҳволда келади, маошини бермайди ва ҳакозо. Яъни эрнинг бор камчиликларини рўкач қилиб, эрни беҳурмат қилиш даражасига бориши ҳам қўл кўтарилишига сабаб бўлувчи ҳолатлардандир.

Эр қачон қўл кўтаради?

- эр аёлнинг доимий терговига учраса;

- аёли томонидан ўринли-ўринсиз рашк қилинаверса;

- аёлини сабабли-сабабсиз рашк қилаверса;

- кўчадаги муаммолари, ишдаги қийинчиликлар натижасида уйга жаҳл қилиб келса;

- мастлик натижаси.

Ҳар нарсанинг илдизи бўлганидек, ҳар қандай вазият ортида маълум бир сабаб бор. Муаммони бартараф этишнинг бирдан-бир йўли унинг туб сабабини топишдир.

Эркакнинг хотинини уришига қандай сабаблар бўлиши мумкин?

- Уйида кўрган. Яъни эр болалигида носоғлом муҳитда катта бўлган, отаси онасини муштлаганини, зўравонлик қилганини кўрган. “Қуш уйида кўрганини қилади”, деган гап бор-ку.

- Ўзига ишончсизлик. Баъзи эркаклар шу даражада ўзиги ишончи паст бўладики, аёлини уриш билан ўзига бўлган ишончини оширади, кучига куч қўшади. Бундай шаклдаги ҳаракат, ўша эркакнинг ниҳоятда иродасизлигини билдиради. Улар ҳар қандай қийинчилик олдида осон синадиган, осон енгиладиган, ўзига жавоб беролмайдиган бўлишади. Улар ташқарида ўзини кўрсата олмаганидан, аёлини уриш билан гўё ўзини кучли ҳис қилади.

- Боғланиб қолганлик. Баъзи эркаклар спиртли ичимликларга боғланиб қолади. Ушбу зарарли одати оқибатида қўл кўтарганини билмай қолади.

Урадиган эркакларнинг тоифалари:

- Чақмоқ. Арзимаган нарсага ҳам қўл кўтармаса туролмайди. Уларнинг тез жаҳли чиқади, бирданига ёниб ўчади. Уларни момақалдироқ деса ҳам бўлади — бирдан гумбурлайди-ю, лекин дарров тинади.

- Болта. Уларга қўл кўтаришга сабаб керак эмас, аксинча, жанжалга сабабни ўзи қидириб топади ва ташланади.

Шундай тоифа эркаклар ҳам борки, жаҳли чиққанида овозини баландлатиши, аразлаб олиши, гаплашмаслиги мумкин, лекин асло қўл кўтармайди. Айримлар эса нима учундир қўл кўтаради. Унутманг, эркакнинг қўл кўтариши ВОҚЕА эмас, у НАТИЖА!

Энди нима қилиш керак?

Самимий суҳбатлар. Эр-хотин бир ёки икки марта ошиқса ҳис-туйғуларсиз, кўз ёшларсиз, бақир-чақириқларсиз, айбловларсиз, дийдиёларсиз самимий суҳбатлашиши керак. Кўпчилик аёллар суҳбатни эрларини айблаш билан бошлаб, айблаш билан тугатишади. Масалан, “мана, сизга турмушга чиқдим, бола туғиб бердим, эрталабдан кечгача кирингизни юваман, овқатингизни пишираман, сиз эса менга қўл кўтардингиз”, дейди. Аёллар буни ўрнига: “мен сизни деб шу хонадонга келдим, сизни соянгизман, ҳурмат қиламан, бахтли бўлишни, бахтли қилишни хоҳлайман, ўртамизда қўрқув эмас, ишонч, муҳаббат бўлишини истайман. Мен буларни қўрққанимдан эмас, яхши кўрганимдан қилишни истардим. Хатоларимни тан оламан, уларни такрорламасликка сўз бераман ва сиз ҳам бошқа қўл кўтармаслигингизни сўрайман”, деган гапларни айтса, қандай бўларкин? Шу йўл маъқул эмасми?

Турсуной Содиқаванинг шундай сўзлари бор: “Ёмғирдек ерга сингиб кетиб, осмон қадар буюк ишларимизни битирайлик”. Яъни ёмғир тупроққа сингиб, бақувват чинорларни кўкка бўй чўзгудек ўстиради. Аёллар ҳам ҳокисор бўлиб, азим чинорларимизни ўстирайлик.

Аёллар овозини кўтариши, жазавага тушиши, чегарадан чиқиши аёллик шаънига ҳам, ташқи кўринишига ҳам тўғри келмайди. Чунки эркак киши аёлни кўзи билан севади. Бақираётган, кўзлари ола-кула бўлиб, овозию ташқи кўриниши дўриллаган аёл қачон чиройли бўлган? Бақираётган аёл қачон қайси эркакни ўзига қаратган? Жалолиддин Румий “Овозингни кўтарма, япроқларни ёмғирлар ўстиради, гумбурлаган момоқалдироқлар эмас”, деганида ҳақ эмасми?

Уйингизни жаннат боғларидан-да чиройли боғ қилиб қўйинг-ки, эр кўчадан фақат шу ерга талпиниб келсин. Уйдаги муҳитнинг яратувчиси бу — аёл, бекорга аёлни уйнинг фариштаси дейишмайди.

Аёлларимиз мана шу фикрларни қулоқларига зирак қилиб тақиб олса, оила фаровонлиги албатта мустаҳкам бўлади, деган умиддамиз.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1