ОРГАНИЗМГА ҚАЙСИ ВИТАМИН ЕТИШМАЁТГАНИНИ ҚАНДАЙ АНИҚЛАШ МУМКИН?

САЛОМАТЛИК 10.01.2018, 10:40
  ОРГАНИЗМГА ҚАЙСИ ВИТАМИН ЕТИШМАЁТГАНИНИ ҚАНДАЙ АНИҚЛАШ МУМКИН?

Олимлар тадқиқотига кўра, инсон тўлақонли ва соғлом ҳаёт кечириши учун С, Р, В-1, В-2, В-6, В-12, РР, А, Д, Е дармондориларига доимий эҳтиёж сезади. Масалан, одам вужудида С дармондориси (аскорбат кислота) етишмай қолса, унинг ақлий ва жисмоний қобилияти пасайиб кетади, меъда-ичак фаолияти бузилади, у тез-тез шамоллайдиган бўлиб қолади. Бунга йўл қўймаслик учун киши С дармондорисига бой тузланган карам, петрушка, исмалоқ, қулупнай, наъматак, лимон, помидор, пўртахол, сабзи каби неъматларни истеъмол қилиши керак бўлади.

Тана аъзоларида В-1 ҳамда В-2 дармондориларига танқислик сезилганида иштаҳа йўқолади, ич қотади, юрак уриши секинлашади, кўз хиралашиб, соч тўкила бошлайди, асаб тизими фаолияти бузилади, инсон ланж, лоқайд бўлиб, озиб кета бошлайди. В-1 дармондорисини гўшт, жигар, қора нон, кепакли нон, дуккакли донлар (нўхат, мош, ловия кабилар)да, барча турдаги сабзавот, бодом ва ёнғоқда топасиз. В-2 дармондориси кўпроқ сут маҳсулотларида, тухум, донли экинлар, турли сабзавотлар ва ёнғоқда бўлади.
Бордию танада В-6 (перидоксин) етишмай қолса, туғилажак бола нимжон ва касалманд бўлиб қолади, одамдаги модда алмашинуви бузилади, асаб тизимига зарар етади. Бу дармондори эса кўпроқ балиқ, сут, жигар, хамиртуруш ва ўсимликларда бўлади.
А дармондориси эса ёш болаларнинг яхши ўсишига, кўзнинг кўриш қобилиятини кучайтиришга, модда алмашинувининг бир меъёрда бўлишига ёрдам беради. Бу дармондори гўшт, балиқ, сут, сариёғ, тухум, сабзи, помидор, кўк нўхат ва кўкатлар таркибида бор.
Киши организмида Е (токоферол) дармондорисининг камчиллиги оқибатида унинг умумий ва жинсий қобилияти сусайиб кетади, оқсил ва қувват берувчи моддалар алмашинуви издан чиқади. Бундай дармондори ўсимлик мойида, донли экинлар, янги кўкатлар, ёнғоқ, писта ва бодомда учрайди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1