— Фарзандим футболга жуда қизиқади. Уни “Бунёдкор” футбол мактабига қандай жойлаштиришим мумкин?
Телеграмм орқали берилган савол
Баҳодир Маҳкамов, “Бунёдкор” футбол мактаби раҳбари ўринбосари:
— Тошкент шаҳрида истиқомат қилувчилар футболга қизиқувчан фарзандларини 6-14 ёшларида Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида жойлашган “Бунёдкор” футбол мактабига олиб келишлари мумкин. Мактабда академия ҳам ташкил этилган. У вилоятлардан келган болаларга мослаштирилган. Республикамизнинг турли ҳудудларидан келган ўқувчилар бу ерда ётоқхона билан таъминланади. Академияга ҳар йили 25 майдан 25 августга қадар 12-16 ёшлилар ўртасида ўтказиладиган танловлардан ўтган болалар қабул қилинади. Аммо танлов иштирокчилари ўз ҳудудларидаги футбол мактабларида таълим олаётган бўлишлари шарт. Фарзандингиз ҳар йили бўлиб ўтадиган мазкур танловдан муваффақиятли ўтса, “Бунёдкор” академиясида футбол сирларини ўрганиш имкониятини қўлга киритиши мумкин.
Агар фарзандингиз футболга қизиқса, энг аввал ўз ҳудудингиздаги футбол мактабларига беринг. 12 ёшга тўлганида “Бунёдкор” футбол мактаби томонидан ўтказиладиган саралаш танловига олиб келишингиз мумкин.
Бу ҳақда тўлиқ маълумотга эга бўлишни истаганлар “Бунёдкор” футбол клубининг 230-42-28 телефон рақамларига мурожаат этишлари мумкин.