1

УРФДАГИ «МАКЕ-UP»НИНГ 5 ОЛТИН ҚОИДАСИ

СУҒДИЁНА 06.01.2018, 10:09
УРФДАГИ «МАКЕ-UP»НИНГ 5 ОЛТИН ҚОИДАСИ

Мода жуда инжиқ нарса. Аксига олиб фақат кийим кечакларга эмас, пардоз-андозга ҳам ўз таъсирини ўтказади. Ахир образингиз тўкис бўлиши учун замон билан ҳам ҳисоблашишга тўғри келади-да. Хўш 2018 йилда қандай пардоз оммалашади? Бу ҳақда стилист Насиба НУРМАТОВАдан билиб оламиз.

Хайр, контуринг

Йил давомида пардоз-андозни жойига қўйиб, Кулойимдан қироличага айланган «гўзал»лар сизни ҳам ҳайратга солганмиди? Ёдингизда бўлса, пардозда юзга тўқ ва оч рангли воситаларни суртиб, уни кичикроқ ёки чўзинчоқроқ кўрсатиш урф бўлганди. Бироқ тез оммалашган нарса, тез назардан қолади дейишгани рост кўринади. Демак, 2018 йилда юзингизга уч қават–қават тонал крем суртишга мажбур бўлмайсиз. Чунки урфда табиийлик! Терини табиий кўрсатишда эса глиттер (майда декоратив зар) ёки жилоланувчи ёғупалар ёрдам беради.

Узун киприклар

Дўкон расталаридаги ҳажм берувчи тушлар сотилиб кетмасидан харид қилишга улгуриб қолинг. Бу йил қора тушдан зерикканларнинг омади чопди. Урфда кўк ва жигарранглари бўлиши кутилмоқда. Байраму тадбирларда эса, албатта, улама киприклар ёрдамига мурожаат қилинг. Бундан ташқари, ҳеч иккиланмай совуқ рангли тенлардан фойдаланиб кўрсангиз ҳам бўлади. Масалан пушти, шафтоли ранг, бинафшаранг ҳар қандай аёлнинг кўркига кўр қўшишга қодир.

Лаблар

Бу алоҳида мавзу. Шу кунгача лаб бўёғининг жилоланмайдиган туридан харид қилинг, дея маслаҳат берган жаҳон стилистлари, энди лабни каттароқ кўрсатувчи жилоланувчи турларига эътибор қаратишни таъкидлашмоқда. Айниқса, қизил ва унинг барча туслари ўзига муносиб эътиборга сазавор бўлиши кутилмоқда. Тажриба ўтказишдан қўрқмайдиган хонимлар эса олчаранг ва тўқ қизилдан ҳам фойдаланишлари мумкин. Образига янгилик киритишга шошилмайдиган хонимлар пушти бўёқларни синаб кўришлари тавсия этилади.

Қошлар

Гарчи бир неча йилдан буён қалин қошлар актуаллигини йўқотмаётган бўлса-да, табиий бўлиши керак экан деб, уларни ўз ҳолича ташлаб қўйманг. Агар шаклини ўзгартиргингиз келмаса, шунчаки, атрофидаги ортиқчаларини териб, чиройли кўринишга келтиринг. Қалам ёки қия кесилган чётка билан бўяганда қўлингизни юқоридан пастга қараб ҳаракатлантирсангиз янада табиий кўриниш ҳосил бўлади.

Қовоқлар

Шу кунгача пастки киприкларнинг асосини тўқ қора қалам билан бўяб келган бўлсангиз, энди бундай қилманг. Жуда ўрганиб қолганингизни биламиз. Яхшиси, пастки қовоқнинг тенг ўртасини белгилаб, ташқи томонга бироз қалам юргизсангиз, кифоя. Фақат қаламингиз билинар-билинмас бўлгани афзал. Устки қовоқларга тортиладиган чизиқларни эса қалинроқ бўяшни машқ қилишни бошлайверинг.

МАФТУНА тайёрлади.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1