1

ЯЛТИРАГАН ҲАР НАРСА ОЛТИН БЎЛАВЕРМАС ЭКАН...

МУТОЛАА 05.01.2018, 11:52
ЯЛТИРАГАН ҲАР НАРСА ОЛТИН БЎЛАВЕРМАС ЭКАН...

Оилада тўрт фарзанд эдик: уч опам ва мен. Уч қиздан кейин дунёга келганим сабабми, ёки битта ўғил бўлганим боисми, хуллас, уйимизда ҳамма менинг кўнглимга қарарди.

Ўн олтига киргунимгача эркатой бўлиб юрдим. Раҳматли отам мен учун ҳамма нарсани муҳайё қиларди. Совуқ қиш кунларининг бирида отам юрак хуружи туфайли тўсатдан оламдан ўтди. Бу кўргуликдан анчагача ўзимга келолмай юрдим. Нима бўлганда ҳам кўникишга мажбур эдим.

Онам ва опаларимни ўйлаб, оз бўлса-да, рўзғорга фойдам тегсин, деб ўқишдан сўнг қариндошимизнинг дўконида сотувчилик қила бошладим. Уч йил кўз очиб юмгунча ўтиб кетди.

Коллежни тамомладим. Институтга ҳужжат топшириш ўрнига ижарага дўкон олдим. Икки йил деганда ўзимизни тиклаб олдик. Энди ҳаётимиз анча яхши томонга ўзгара бошлади.

Шу орада Шоҳиста опамни турмушга бердик. Сўнг онам ва қариндошлар мени уйлантириш пайига тушиб қолишди. Ўзимга қолса ҳали бир-икки йилсиз уйланиш ниятим йўқ эди. Бироқ, онамнинг «Кўзим очиқлигида невара суйишни ҳоҳлайман. Қачонгача келишингни кутиб, зерикиб ўтираман. Отанг раҳматли бўлганида аллақачон уйлантириб қўярдик» деган гапларидан кейин розилик бердим.

Уйдагилар ва қариндош-уруғ қиз излашга тушишди. Мана энди ҳаётнинг ширин, шу билан биргаликда анчайин жиддий ва масъулиятли дақиқалари бошланаётганди. Тўғри-да, бир умр бирга яшайдиган тан маҳрам, йўлдош танлаш масаласи, менимча, ҳар қандай манаман деган йигитни ўйлантириб қўйса керак. Менга ёққанига ўзим маъқул келмайман ёки уйдагилари беришмайди. Хуллас, қиз қидириб, икки-уч ой овора бўлдик.

Ва ниҳоят, онамнинг дугонаси Раҳима ҳоланинг қўшниси Нафиса исмли қиз билан бир-биримизга маъқул келдик. Ҳижоб ўраган, оппоққина бу қиз биринчи учарашувдаёқ менга ёқиб қолди. Унинг ҳижобда эканлигидан иболи, ҳаёли, оқила қиз бўлса керак деб ўйладим. Ҳатто, суюнганимдан ўз бахтимни топиб бергани учун Раҳима холага тўйимизда бошдан-оёқ сарпо қилишга ваъда бердим. Шу тариқа не орзу-умидларда тўй қилиб, элга ош бердик. Бир ойларча бахтли ҳаёт кечирдик.

Тўйдан бир ойлар чамаси вақт ўтгач, Нафиса турли арзимаган баҳоналар топиб, жанжал чиқара бошлади. Менга ва онамга бўлган муносабати ёмон томонга ўзгараверди. Бора-бора бизни ҳурмат қилмай қўйди. Ҳатто, уй ишларини ҳам бутунлай онамга юклайдиган бўлди.

Мен-ку майли, лекин онамга қилган муносабатини кўриб, у билан ажрашишга қарор қилдим. Шу пайтгача кўзимга оғир-вазмин, иболи, ҳаёли бўлиб кўриниб юрган бу «ҳижобли фаришта» аслида ниқобдаги ялмоғиз эканлигини кўрсата бошлади.

Бир-икки марта ота-онасини чақириб, вазиятни ётиғи билан тушунтирдик. Улар ҳам қизларини койиб, маслаҳат бериб кетишди. Ахир, ҳар бир ота-она фарзандининг бахтини истайди. Бироқ уринишимиз фойда бермасди. Нима қилишни билмай, бошимни чангаллаганча ўйга толардим.

Бир куни Нафиса билан ажрашишга, ортиқ ўзимни ҳам онамни ҳам қийнамасликка қарор қилдим. Бироқ, онамнинг «Сабр қил ўғлим инсоф бериб, ўзига келиб қолар, маҳалла-куй олдида мени шарманда қилма» дея ҳўнг-ҳўнг йиғлаши Нафиса билан ажрашишга имкон бермади.

Онам бечора менинг пешонамга ажрашган деган тамға ёзилишидан қўрқиб яшарди. Шунинг учун келинидан қанчалик зуғум кўрмасин, ҳаммасига чидарди. Нафисанинг ҳарҳашаларига чидаш, ҳатто, эркак бўла туриб баъзида менга оғирлик қиларди.

Бу ҳаётнинг синови эканлигига, ҳали ҳаммаси изига тушиб кетишига ишониб Нафиса билан салкам уч йил яшадим. Шу орада қизим Нигина туғилди. Унинг туғилиши оиламизга қувонч олиб келди. Онам ҳам, мен ҳам бундан бениҳоя суюндик. Энди Нафисага инсоф кириб қолар, деб ўйладик.

Йўқ, бундай бўлмади, у мени ва онамни беҳурмат қилгани каби ўз фарзанди, яъни қизимиз Нигинани ҳам қадрламас, унга меҳрсиз эди. Жигарбандига бу қадар беэътибор ва меҳрсиз онани биринчи марта кўришим. Бўлди ортиқ сабрим етмасди. У билан ажрашишга қарор қилдим, онамга ҳам ётиғи билан тушинтириб, вақт борида Нафиса билан орани очиқ қилиш кераклигини, кейин кеч бўлиши мумкинлигини уқтирдим. Шундай қилиб, Нафиса билан ажрашдим.

Унинг қизимизга бўлган салбий муносабати юзасидан судга ариза бериб, Нигинани ўзим билан олиб қолдим. Нафиса оналик ҳуқуқидан маҳрум этилди. Лекин у бундан заррача ҳам ачинмади, тушкунликка ҳам тушмади. Ҳатто хурсандчилигини яширмай, суд залидан «Энди эркин қушман, билганимдай яшайман» дея кулиб чиқиб кетди.

Инсонинг ташқи кўринишига, кийинишига қараб баҳо бериб бўлмаслиги менинг ҳаёт йўлимда ўз исботини топди. Ташқи кўриниш алдамчи бўлишига яна бир бор амин бўлдим. Зеро, «ялтираган ҳар нарса ҳам олтин бўлавермайди» деган мақол бежиз айтилмас экан.

Бошимга тушган кўргиликларни ҳеч бир йигитга раво кўрмайман!

Асқар Носиров,

Тошкент шаҳри

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1