1

КУТИЛМАГАН ТУҲФА

МУТОЛАА 04.01.2018, 15:59
КУТИЛМАГАН ТУҲФА

— Дадаси, Янги йилга ҳам оз қолди. Иш топиб, пул олиб келмасангиз бўлмайди, — деди Нозима хўжайинига.

— Анави Ўктамжон катта қурилиш бошлабди деб эшитдим. Бориб кўринг-чи, балки сизга ҳам бирор иш топилиб қолар.

Шокир хотинининг қистови билан Ўктамжоннинг уйига йўл олди.

— Совуқ тушиб қолгани учун усталар уйларига кетиб қолди. Майли десангиз, ховлининг у ер-бу ерини текислаш керак,— деди Ўктамжон Шокирнинг елкасига қоқиб.

— Майли ака, ҳозир менга пул зарур. Янги йилга болаларга ул-бул сотиб олиш керак. Совуқ бўлсаям ишлайвераман. Фақат пулини…

— Гап бўлиши мумкин эмас, укам, гап бўлиши мумкин эмас… Нақд тўлайман.

Шокир ишни бошлаб юборди. Янги йил кунига ҳовли тайёр бўлди.

— Яшаворинг ука, кеннойингиз хурсанд бўлади энди.

— Энди ака, менга рухсат, шу, иш ҳақимни берсангиз, уйда болалар кутиб ўтиришибди. Майда-чуйда дегандай…

— Хўп бўлади, ука, ҳозир “йес” қиламиз. — Ўктамбой қўлини чўнтагига солганди юз доллар илинди. — Ийи, Шокиржон хафа бўлмайсиз. Ҳамма пулим “кўки”да экан. Сиз уйга кетаверинг, мен майдалаб, ўғлимдан бериб юбораман.

— Майли, ака, фақат тезроқ, хўпми? Магазинлар ёпилиб қолса, болалар…

Ўша куни Шокир кечгача йўл пойлади. Кеч тушганда Ўктамжонникига йўл олди.

— Акангиз бирровга келиб майда-чуйдаларни ташлаб кетганича йўқ. Телефони ўчирилган, — деди Ўктамжоннинг хотини. — Аксига олиб мендаям пул йўқ эди. Хўжайин келиши билан дарров айтаман.

Мана, Янги йил киришига саноқли дақиқалар қолди. Кута-кута тоқати тоқ бўлган Шокир, кўчага чиқиб, дўконга йўл олди. Ҳаммаси ёпилган. Бахтига қўшни қишлоқда кичкинагина бир дўконча очиқ экан. Шу ерга кириб, бор пулига озгина конфет билан печенье сотиб олди. Торт олишга пули етмади. Минг истиҳола билан дўкончи йигитга дардини айтганди, у “Мана шу торт мендан болаларингизга совға! Пулини топганингизда ташлаб кетарсиз”, деб қўлига тортни ушлатиб қўйди. Шокир уйига қандай етиб келганини билмайди. Дадасини кўрган болалар бирданига югуришди: “Ур-ре, торт еймиз!”

Нигора РАҲМОНОВА.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1