1

ҚИЗЛАР ТАХТИ БАХТДАН БЎЛСИН

ҲИДОЯТ САРИ 04.01.2018, 09:43
ҚИЗЛАР ТАХТИ БАХТДАН БЎЛСИН

Ислом дини таълимотида қиз бола тарбиясига катта эътибор қаратилган. Имом Бухорий “Ал-адаб ал-муфрад” китобида қуйидаги ҳадисни нақл этган: Жобир ибн Абдуллоҳ (розияллоҳу анҳу) айтади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Кимнинг уч нафар қизи бўлиб, уларни тарбиялаб катта қилса, жаннатга кириши муқаррардир”, дедилар. Шунда бир киши: “Ё Аллоҳнинг расули! Унинг қизи иккита бўлса-чи?” деб сўради. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Икки нафар бўлса ҳам”, дедилар.

Қиз болани ҳар томонлама баркамол этиб тарбиялаш, унга ҳамиша ғамхўрлик қилишнинг аҳамияти катта. Ойша (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинади: «Бир куни тиланчи аёл икки қизини етаклаб келди. Ҳузуримда битта хурмодан ташқари нарсам йўқ эди. Мен хурмони узатсам, у аёл бир хурмони икки қизига бўлиб берди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кирганларида бу ҳақда хабар берган эдим, у зот: “Ким мана шу каби қиз фарзанд билан имтиҳон қилинса (синалса), уларнинг тарбиясини чиройли қилса, унинг учун жаҳаннамдан парда бўлади”, дедилар» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Киши фарзандлари учун совға олиб келган бўлса, уни тарқатишни, аввало, қизларидан бошлаши ҳақи­да кўрсатмалар бор. Анас ибн Молик (розияллоҳу ан­ҳу)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Ким бозордан фарзандларига ҳадя келтирса, у садақа қилган киши каби бўлади, ҳатто, уни уларнинг оғзига солади. Тарқатишни қизлардан бошласин, чунки Аллоҳ таоло аёлларга юмшоқлик қилди. Ким аёлларга юмшоқлик қилса, Аллоҳдан қўрқиб йиғлаган киши кабидир. Ким Аллоҳдан қўрқиб йиғласа, уни Аллоҳ кечиради. Ким қизлари билан хурсанд бўлса, Аллоҳ қиёмат куни уни хурсанд қилади” (Абу Лайс Самарқандий).

Ота ва оила аҳллари қизлари учун яхши хулқли, тақводор куёв қидиришлари шарт. Унинг бойлиги ва молини кўзлашлари керак эмас. Агар совчи қўювчи хулқи яхши, тақволи, шарафли, мурувватли, илмли ва кўркам бўлса, қандай яхши.

Қиз болани турмушга беришда куёвнинг дунёсига эмас, аввало, оқил ва солиҳ бўлишига эътибор қаратиш зарурлиги таъкидланган. Шаъбий (раҳимаҳуллоҳ) айтади: “Ким иззатлисини (қизини) фосиққа никоҳлаган бўлса, бошини ёрибди”. Бир киши Имом Ҳасан Басрийдан сўради: “Қизимни кимга эрга берайин?”. Имом жавоб бердилар: “Аллоҳдан қўрққанга бер. Агар у қизингни севса, ҳурмат қилади, агар ёмон кўриб қолса, унга зулм этмайди”.

Қиз бола кишининг номуси ва шарафидир. Уни муҳофаза қилиш ва сақлаш лозим. Қизининг шарафи, иззатига молидан кўра кўпроқ ҳарис бўлиши керак. Оқил одам қизини ўзига муносиб, номусини сақлайдиган, у билан қариндошлари қаноатланадиган ва қизини бахтли қила оладиган эрга никоҳлайди.

Афсуски, баъзи оналар турмушга чиқаётган қизларига оилада устунликни қўлга олиш борасида “насиҳат” қиладилар. Аслида, келин куёвга нисбатан қанчалик муҳаббат ва садоқат кўрсатса, камтарлик билан муомала қилса, унга ҳам куёвдан шунчалик илиқлик ва самимийлик қайтиши табиий. Шоир айтганидек, “Муҳаббатдин муҳаббат бўлур пайдо, муҳаббатсиз кишидан қоч, Ҳувайдо”.

Қуръони каримнинг Фуссилат сураси 34–35 оятларида айтилади: “Яхшилик билан ёмонлик баробар бўлмас. Сиз (ёмонликни) гўзалроқ (муомала) билан даф этинг! (Шунда) бирдан сиз билан ўрталарингизда адоват бўлган кимса қайноқ (қалин) дўстдек бўлиб қолур. Унга фақат сабрли зотларгина эришурлар, унга фақат улуғ насиба эгасигина эришур”.

Бинобарин, аёл ўз турмуш ўртоғига қанчалик яхши муносабатда бўлса, оиланинг мустаҳкамланиб бориши баробарида, эрдаги баъзи қусурлар ҳам бартараф бўлиши, унинг том маънодаги оила бошлиғи бўлиб шаклланишига сабабчи бўлади. Муҳтарам Биринчи Юртбошимиз Ислом Каримов таъкидлаганидек: “Оила соғлом экан – жамият мустаҳкам, жамият мустаҳкам экан – мамлакат барқарордир”.

Наргиза АДИЛОВА,

“Хадичаи Кубро” аёл-қизлар ўрта махсус

ислом билим юрти мударриси

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1