ТАРИХ ЯРАТГАН ШАХС ҲАҚИДА ЎЙЛАР

МУТОЛАА 03.01.2018, 14:48
ТАРИХ ЯРАТГАН ШАХС ҲАҚИДА ЎЙЛАР

Яқинда бир ажойиб китоб нашрдан чиқди. Бу сиёсий фанлар доктори Тўлқин Алимардонов қаламига мансуб “Ўчмас Шараф” монографияси бўлиб, китобда миллатимизнинг мутафаккир фарзанди, айни вақтда ўзбек халқи тарихининг бутун бир даврини яратган буюк шахс, улуғ давлат арбоби ва таниқли ўзбек адиби Шароф Рашидов ҳаёти ва фаолияти тарих кузгусида ойдинлаштирилади.

Жамиятнинг шахс тарбиясидаги роли, шахснинг жамият ҳаётида тутган ўрни масалалари жуда қадим замонлардан буён турли мунозараларга сабаб бўлиб келади. Зеро, тарихда жамият тарбияси дунёга танитган буюк шахслар ёки аксинча жамиятни юксалтирган улуғ мутафаккирлар кўплаб учрайди. Оқибатда тарих (яъни ўтиб борувчи ҳаёт ва жараён) шахсларни яратадими ёки шахслар тарихними, деган савол табиий равишда пайдо бўлади.

Т.Алимардонов бир бирини тўлдирувчи мазкур икки масалага доир назарий қарашларни мутафаккир, буюк давлат раҳбари ва адиб Шароф Рашидов мисолида таҳлил қилади. Бир қарашда монографияда жамият, тарих ва шахс тушунчалари атрофида ҳам жамият, ҳам тарих ҳам шахснинг бетакрор қирралари очиб берилади. Атиги учтагина тушунчанинг минг турли товланувчи хусусиятлари олимона синчковлик билан ойдинлаштирилади. Натижада муаллиф замон, макон, халқ, миллат, давлат, сиёсат, соҳалар, режалар, натижа ва оқибатлар, хислатлар, фазилатлар, ҳаракатлар, шарт-шароитлар ва бошқалар гоҳ жамиятнинг етакчилиги, гоҳида шахснинг раҳбарлигини исботлаб, жамият ва шахс муносабатларининг тарихий нуқтаи назардан доимий ўзгарувчанлигини кўрсатиб беради. Шуниси ҳам қизиқки, шахснинг жамиятда эгаллаган мавқеи унинг тарихий фаолияти билангина эмас тарихий хотирасининг сифати билан ҳам белгиланади. Т.Алимардонов бу масалаларнинг ҳаммасини Шроф Рашидов сиймоси мисолида муваффақиятли таҳлил қилади. Ҳақиқатда Шароф Рашидов ҳаёти ва фаолиятининг авлодлар тарихий хотирасидаги сифатини у амалга оширган фаолиятга нисбатан кўп инсонлар томонидан билдирилган ёки айтилган фикрлар тарозисида ўлчайди. Буни муаллиф шундай таъкидлаб ўтади: “Ш.Рашидов шахсига баҳо беришда тадқиқотнинг бош масаласи бўлган тоталитар жамиятнинг Ўзбекистонга татбиқ этган сиёсий бошқарувининг мустамлака ва тажаввузкор моҳияти, хўжалик юритишнинг маъмурий-буйруқбозлик услуби ҳамда ундан келиб чиққан фожиалар кўлами, зиддиятли инсон ва давлат манфаатлари, бўсундиришнинг хуфёна усуллари ва унинг сиёсий-иқтисодий ва мафкуравий воситалари, айни пайтда, халқнинг занжирбандлиги ҳолатида юксалиш ва истиқбол мақсадларга интилиш, ташқи ва ички сиёсий тазйиқлар босимини юмшатиш ва бунда миллат етакчисининг жасорати, унинг имкони ёки вақти етмаган муаммолари билан уйғун қарашга ҳамда хулосалар чиқаришга ҳаракат қилдик”. Бу жамият ва шахс муносабатлари муаммосини ёритишда ажойиб услуб ва амалий натижа.

Монография марказида Шароф Рашидов тимсоли туради. Тимсол доирасига қараб бир кичик монографияда бир неча юзлаб чизиқлар тортилади ва буларнинг ҳар бири бир соҳа белгиси. Бу қуёш баркашининг минг-минглаб торларда нур таратишига ўхшаб кетади. Уларнинг ҳар бири устида қилинган анализга оид фикрлар кишини тўлқинлантиради. Масалан, китобни ўқиш жараёнида қўриқ ерларнинг ўзлаштирилиши тарихи билан боғлиқ воқеаларга эътибор қаратинг. Чор империяси Туркистондаги қўриқ ерларни ўзлаштиришдан маҳаллий халқнинг фойдасини кўзламаганини амалга оширилган сиёсат мисолида яққол кўрасиз: Россия фабрикалари учун пахта хомашёси миқдорини ошириш, ўзлаштирилган ерларга бошқа халқларни кўчириб келиш воситасида ерли аҳоли бирдамлигини пароканда қилиш, қурама халқни яратиш орқали бошқарувга эгалик қилиш, ҳудудда империяга содиқ буржуазия қатламини шакллантириш, иқтисодиётни қарамликда тутиш, маҳаллий тараққиёт эмас, хоҳлаган вақти тўхтатиш ёки кўчириш мумкин бўлган тараққиётни қўллаб-қувватлаш, замонавий билим ва касбга эга кадрлар кўпайишига имкон бермаслик, охир-оқибатда туркистонни чор империясининг ажралмас қисмига айлантириш ва бошқа шу каби кўплаб мақсадлар.

Т.Алимардонов қўриқ ерларни ўзлаштиришнинг совет даври мақсадларини ҳам ана шундай тизимли, изчилликкик билан очиб беради. Чор империяси билан Совет иттифоқи сиёсати ва мақсадлари орасида айтарли катта фарқ йўқ. Лекин иттифоқ империяча мақсадларни янада мукаммаллаштирганини кўриш мумкин. Жумладан, Т.Алимардонов ўтган аср бошларида ташкил топган Совет иттифоқи таркибида бўлган Ўзбекистонда ижтимоий шарт-шароит, жараёнларнинг ўзгариши, мамлакатга иттифоқ марказий ҳукумати томонидан кўрсатилган тазйиқлар, иқтисодий танглик, айни вақтда кадрларга нисбатан салбий муносабатларнинг очиқ ва амалий намоён бўлиши, марказий ҳукумат хатти-ҳаракатларида миллатлараро бирдамлик ниқоби остида собиқ империя сиёсати янгича талқинда, шаклларда амалга оширилиши, иттифоқнинг “айбини бўйнига қўйиш орқали” (Л.Левитин) мафкуравий таъсир кўрсатиш йўли билан халқлар қарамлигини янада оширишга бўлган интилиши, шу йўлда ишлаб чиқилган стратегик режа ва амалий хатти-ҳаракатлар, Ўзбекистон ССРнинг сиёсий ва иқтисодий ҳаёти, республика, унинг меҳнаткашлари пахтанинг ялпи ҳосили кетидан қувишнинг азоб-уқубатлари, мажбуриятларнинг кўр-кўрона ошириб борилиши, партия амал қилмайдиган қонунларнинг ортиши ва уларнинг қоғозлардагина қолиши, ижтимоий адолат тузумларининг айниб бузилиши, ҳали нафасини ростлай олмаган халқ бўйнига оғирдан-оғир вазифаларнинг мунтазам қўйилавериши каби амалиётнинг шаклланиши ва шунга ўхшаш бошқа кўплаб масалаларни ҳам холисона ва далиллар билан ёритиб беради.

Т.Алимардонов ёзади: “Ш.Рашидов ўша даврда ўзининг даражасидаги бошқа барча раҳбарлар қатори Ўзбекистоннинг иқтисодий-ижтимоий сиёсатини мустақил белгилаш имкониятига эга бўлмаган. Бундай имконият КПСС ва Марказий министрликлар қўлида бўлган. Иттифоқдош республикалар бўйсунувчи маҳаллий ҳокимиятлар бўлган холос. Мана шундай шароитда Ўзбекистон хомашё етказиб берувчи бир минтақа, ҳатто энг оддий масалаларни марказнинг ихтиёрисиз ҳал этиш қобилиятига эга бўлмаган ўлка эди. Лекин, шундай шароитда ҳам, Ш.Рашидов ўзининг моҳир сиёсатчи эканлигини кўрсата билган. У ҳар қандай йўл билан бўлмасин Марказнинг ишончини қозонишга, кучли бюрократик тизим чангалидан Ўзбекистоннинг улушини ажратиб олишга мувофиқ бўлган. Бунинг натижасида у ўз халқини манфаатлари фойдасига талай ижобий ўзгаришлар қилишга эришди. Ўзбекистон, том маънодаги аграр республика даражасидан индустриал аграр республикага айланди.”

Мана шу кенг қамровли, ўта мураккаб ва инсон ҳаёти учун таҳликали жараёнлар силсиласида ўз халқи манфаатларини эзувчилардан ҳимоя қила олувчи, уларнинг зулмкор манфаат ва мақсадларини миллат форовонлигига йўналтирадиган, қулларча меҳнатни эркин ва озод меҳнатга айлантиришга қодир, юз фоиз фойда олиш учун берилган маблағдан икки юз фоиз фойда олиб, унинг юз фоизини халқ манфаатларига қарата олишга уқувли, хўжайин йўқ деб турганда ундан маблағ ундириб, эл фаровонлигига сафарбар этишга лаёқатли чапдаст, зукко шахс қандай шаклланган? Шундай замон, макон ва сиёсатдан инсон манфаатлари, халқ тараққиёти, миллат равнақи ва ватан ободонлиги учун вақт, имконият, ҳамфикр, маблағ, ирода топиш ҳамда уни ўта ҳассос дипломатик йўл билан амалий ҳаётга жорий этиш қудрати нимада эди?

Т.Алимардонов ана шу саволларга тарихий Совет иттифоқи ва Ш.Рашидовнинг ундаги тарихий фаолияти билан боғлиқ қуйидаги каби реал маълумотлар, далиллар ва бошқа воситалар орқали жавоб беради: “Ш.Рашидов съезд ва шунга ўхшаш Олий йиғинлардан унумли фойдаланган, Марказ раҳбарлари олдида Ўзбекистонда пахта етиштиришнинг эркин истиқболлари хақида маъруза қилган... Буюкдавлатчилик сиёсати намоёндаларининг иштаҳасини қитиқлагач эса, бунинг учун янги ерларни ўзлаштириш лозимлиги, кўплаб техника ва технологиядан марказнинг ёрдам бериши зарурлигини қистириб ўтар, сўнгра залдаги Ўзбекистон депутатлари Ш.Рашидовнинг фикрини тасдиқловчи, тўғрироғи ана шу фикрларни янада мустаҳкамловчи чиқишлар қилишарди”.

Сиёсий узоқни кўра билиш, ҳаммаслакларни бирлаштириш, кўзланган мақсадни қабам-бақадам режалаштира олиш ва уни ўз ўрни ва жойида кўтариб чиқа олиш. Мана Ш.Рашидовнинг қобилияти нимада эди.

Т.Алимардонов Ш.Рашидовнинг шундай йўл тутиб, масалан, биргина қўриқ ерларни ўзлаштиришни индустрлаштириш режасидан кўзлаган мақсадлари қандай натижаларга олиб келганини шундай изоҳлайди: “Ш.Рашидов 60 йилларга келиб Ўзбекистонда қўриқ ерларни йирик режа ва индустриал асосда ўзлаштириш имкониятини вужудга келтиришга эришди. Бу имконият, аввало марказлашган маъмурий давлатнинг пайдо бўлган иқтисодий қудратидан оқилона фойдаланишда намоён бўлади ва амалда ҳам ўз аксини топади. Бу ишларга ўнлаб иттифоқ лойиҳалаштириш илмий институтлари жалб этилади. Юзлаб янги, замонавий муҳандислик ишлари тажриба қилинади. Бу ерда биринчи бор муҳандислик ирригацион тизим ташкил этилади. Биринчи бор ёпиқ горизантал дренаж, ишлаб чиқариш қўлланилади. Сув хўжалиги қурилишида янги техналогия ва констурукциялар пайдо бўлади. Қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг янги индустируал шакллари жорий этилади. Кенг миқёсда ишлаб чиқариш ўринлари ташкил этилади. Аҳоли зичлигини бартараф этиш, озиқ-овқат билан таъминлаш имкониятини кенгайтиради. Натижада Ўзбекистон қишлоқ хўжалигини индустриал-саноат асосида ривожланган етакчи республикага айланади. Бу борадаги унинг салоҳияти нафақат иттифоқда балки, дунё миқиёсида эътироф этилади... Охирги маълумотларга кўра, республиканинг қўриқ ерларида 160 та давлат хужаликлари (совхоз) ташкил этилди, 7,7 млн. кв. метр уй-жой бинолари, 37 минг ўринли мактабгача болалар тарбия муассасалари, 102 минг ўринли умумтаълим мактаблари барпо этилди. Ўзлаштирилган ерларда асосан пахтазорлар, боғлар бунёд этилди, озиқ-овқат экинлари етиштирилди. Қўрик ерларда йирик қишлоқлар, хўжаликлар, туманлар вужудга келтирилди, янги шаҳарлар қад кўтарди. Масалан, фақат Мирзачўлнинг янги ўзлаштирилган ерларида Пахтакор, Ильич, Дўстлик, Арнасой, Оқолтин, Меҳнатобод ва бошқа туманлар билан бир қаторда Янгиер, Гулистон, Пах¬такор, Дўстлик, Ширин, Бахт каби шаҳарлар пайдо бўлди... Бир пайтлар одамлар қудрати етмаган чўл бағрига янги замонавий лойиҳалар асосида уй-жой, маданий-маиший иншаотлар қад кўтарди. Сув, электр қуввати, газ, иссиқлик узатиш коммуникациялари, алоқа тизими, темир ва автомобил йўллари қурилди”.

Мақсадни амалга оширишнинг қойилмақом услуби. Одатда бир юришнинг ортидан ўнлаб, юзлаб юришларни режалаштириш ўта кучли шахматчиларга хос. Лекин шахмат бир ўйин, холос. Аммо юксак бошқарув лавозимида туриб босилган ҳар бир қадам тақдирни ҳал қилиши мумкин бўлган реал ижтимоий ҳаёт шароитида шундай юриш, шундай натижа! Бунинг учун “Душманнида дўст қиладиган” (Х.Ҳасан) юксак маҳорат талаб этиладики, бу камдан-кам учрайдиган ноёб салоҳиятдир.

Шунингдек, Т.Алимардонов монографияда чор истилочилари юртимизни мустамлака асоратига солган даври, унинг вориси бўлмиш советларнинг коммунистик идеологиси ўрнатган қарамликда сақлаш режими даврларида ер, сув ва бойликларга муносабат, қарамлик замонида мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг амалга оширилишида Ш.Рашидовнинг роли ва хизматлари, Ш.Рашидов раҳбарлик қилган даврнинг ўзига хос хусусиятлари, Ш.Рашидовнинг ундан ҳушёр ва усталик билан фойдалана олиш характери, Республикамизда кадрлар салоҳиятини оширишда у томонидан қилинган ишлар, мамлакатнинг фақат иттифоқ доирасида эмас хорижий мамлакатларда ҳам обру қозонишида бу буюк шахснинг ўрни каби масалаларни ҳам кенг таҳлилга тортган. Монографияда келтирилган кўплаб статистик маълумотлар, расмий ҳужжатлардан кўчирмалар, замондошлар томонидан баён қилинган фактлар унинг маънавий салмоғини янада оширади.

Китобда Т.Алимардонов 80-йиллар ва мустақиллик даврида Ш.Рашидов сиймоси ва фаолияти танқидий ёритилган кўплаб манбаларни таҳлилга тортган. Уларнинг баъзиларида Ш.Рашидов раҳбарлигида амалга оширилган айрим ишлар республика экологияси, аҳолиси соғлиги ва бошқа айрим халқ хўжалиги тармоқларига зарар етказганлиги айтилади. Т.Алимардонов бу мандаларнинг мақсади, қамров доираси, уларда танқид қилинган ишларнинг фойда ва зарар ҳажмлари нисбати, замон, талаб ва шароит тақозоси каби ўлчовлар асосида таҳлил қилиб, холис ва жуда ўринли хулосалар ҳам тақдим этади. Ҳақиқатан Ш.Рашидовнинг ҳаракатлари натижасида Ўзбекистонда миллионлаб гектар суғорма ерлар, минглаб завод, фабрика, ишлаб чиқариш комбинатлари, минглаб қишлоқ, посёлка шаҳарчалар, боғча, мактаб, техникум, институтлар, бир неча ўн минглаб уй-жойлар, маданий-маиший маскан, хизмат кўрсатиш тармоқлари, боғлар ва сайргоҳлар барпо этилди, миллионлаб одамлар иш билан ва демакки маош билан таъминланди. Ўша даврда барпо этилган бу нарсалар ҳозир ҳам мавжуд ва аҳолига хизмат кўрсатишда давом этмоқда. Аслида шарт-шароит, кадр, илм-фан, ишлаб чиқариш, жамият ва давлат тушунчаларининг шундай кетма-кетликда ўзаро уйғун бирикувига Ш.Рашидов тамал тошини қўйган эди. Бунга кўплаб фактлар билан мисоллар, аниқ статистик маълумотлар билан далиллар келтирган Т.Алимардонов шу ишлар орасидан камчилик топиб, уни Ш.Рашидов номига тақаб танқид қилиш холис иш эсамлигини таъкидлайди. Зеро, шу шароитда ундан ортиғига қодир эмслигини ҳам таъкидлаб ўтади. Шу ўринда бир тарихни эслаш жоиз. Ҳазрат Соҳибқирон Амир Темур тузукларида ўз фаолият услуби ҳақида гапира туриб “икки фойдали ва бир зарарли томони бўлса, бу ишни қилдим, бир фойдали, икки зарарли томони бўлса бу ишдан ўзимни тийдим”, дейди. Назаримизда Ш.Рашидов бу ҳикматни яхши билган ва буюк боболар ўгити сифатида унга амал қилган. Т.Алимардонов мазкур китобда Ш.Рашидов фаолиятини баҳолашда ана шу ҳикматдан ҳам келиб чиқади.

Сиёсий фанлар доктори

Ф.Р.Равшанов

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1