1

МАНДАРИН ЕЙМИЗ ВА ЁШАРАМИЗ!

САЛОМАТЛИК 27.12.2017, 11:38
МАНДАРИН ЕЙМИЗ ВА ЁШАРАМИЗ!

Мандаринсиз Янги йилни нишонлаш ёзни музқаймоқсиз ўтказиш билан бап-баробар. Бу мевани фақатгина таъми ёки фойдали хусусиятлари учунгина эмас, айнан хуш кайфият бағишлагани сабаб ҳам севиб истеъмол қиламиз. Бугун ёшу қарининг севимли меваси “хитой олмаси” ҳақида гаплашамиз.

Ёш кўриниш? Муаммосиз!

Оловранг мева ва сабзавотларнинг таркибида мавжуд бета-каротин моддаси организмга тушгач А дармондорисига айланади. Ушбу сеҳрли витамин эса терининг эластиклигини таъминловчи коллаген ва эластин моддалари ишлаб чиқарилишини рағбатлантиради. Шунинг учун бу мевадан кўп-кўп тановул қиладиганларнинг ранги тиниқ бўлади, юзига ажинлар соя солмайди. Айтгандек, мандариннинг амакиваччаси апельсинни хуш кўрувчилар ҳам тўғри танловни амалга оширишибди. Бироқ, мандаринда А витамини “қариндоши”га нисбатан икки баробар кўплигини инобатга олиб қўйсалар зиёни тегмайди.

Аёллар саломатлигини асрайди

“Хитой олмаси”нинг ўртача катталикдаги икки донаси кунлик С витаминига бўлган эҳтиёжингизни осон қондиради. С дармондориси иммунитетни кўтаришидан ташқари, қон томирлари деворчаларининг янгиланиш жараёнини ҳам рағбатлантиради. Унинг, айниқса, варикоздан қийналаётган аёлларга фойдаси беқиёс. Қолаверса, атеросклероз хасталигининг олдини олади. Бундан ташқари кўп миқдорда ҳайз кўрадиган аёллар, ой кўришдан бир неча кун аввал икки донадан мандарин еб туришгани мақсадга мувофиқ.

Қорин оғриганда...

Бу мева ичак перистальтикасини бўшаштириш хусусиятига эга. Таркибидаги фитонцидлар эса бактерияларга қарши курашади. Шунинг учун ҳам ич кетишидан азият чекаётган беморларга мандарин истеъмол қилиш ёки унинг шарбатидан ичиш тавсия этилади.

Танлаётганда-чи?

Агар қўлингизга олиб кўрган мевангиз ҳажмига нисбатан оғирроқдек туюлса, демак сархил, сувли ва янги мандаринга дуч келибсиз. Шунингдек, бу меванинг нордонига учраб қолмаслик учун кичикроқ, пўсти эса юпқасини танланг. Энг муҳими, харид чоғида бир бўлагини татиб кўришдан уялманг. Цитрус меваларининг пўстлоғи қалин бўлгани сабаб музлаткичда ҳам, хона ҳароратида ҳам сақлашингиз мумкин. Ягона шарти, музлатгичда бир ҳафтагача, хона ҳароратида эса 2-3 кундан ортиқ қолиб кетмасин.

Ҳа, айтгандек, мандаринлар олмаларнинг ёнида турмаслигига алоҳида эътибор беринг. Чунки олма ўзидан этилен газини чиқаради, бу эса нафақат мандарин, балки бошқа меваларнинг ҳам тезда етилиши ва чириб қолишига олиб келади.

Антидепрессант мураббога тобингиз қалай?

Янги йил дастурхонида ноз неъматларнинг мўл-кўллиги меваларнинг “кейин”га қолишига сабаб бўлиши мумкин. Ана шундай вазиятларда мандариндан ажойиб мураббо тайёрлаб қўйсангиз, бир неча ойдан сўнг ҳам истеъмол қилаверасиз. Бунинг учун бир килограмм мандаринни парраклаб тўғраб, қозонга соласиз. Пўстидан тозалаш шарт эмас. Устидан 2 ош қошиқ лимон шарбати, 350 грамм шакар ва 200 миллилитр сувни қуйиб оловни ёқасиз. Бир марта қайнаб чиққанидан сўнг 40-50 дақиқа ўрта оловда қайнатасиз. Истасангиз банкаларга ёпинг, истамасангиз шартмас. Бундай хуштаъм мураббони тушкунлика тушганингизда есангиз, тезда лабларингизда табассум пайдо бўлади. Айниқса, кичкинтойлар бундай хуштаъм ширинликни паққос тушуришади.

Кимларга мумкин эмас?

Ҳа, қанчалар фойдали ва тотли бўлмасин, уни ҳар доим ҳам тановул қилиш мумкин эмас. Айниқса, қандли диабетга чалинган беморларга тавсия этилмайди. Жуда иштаҳангиз очилиб кетса, 100 гр.дан ортмасин. Лекин асло шарбатини ича кўрманг. Янги сиқилгани ҳам, қадоқлангани ҳам қондаги инсулин муқдорига таъсир кўрсатади. Бундан ташқари, ортиқча сантиметрлардан қийналаётган ва улардан қутулиш йўлларини излаётган хонимлар учун ҳам мандарин меваси ва шарбати мумкинмас. Унинг таркибидаги кислоталар иштаҳангизни карнай қилиб юборади. Қолаверса, барча цитрус мевалар сингари “хитой олмаси” ҳам аллергияни келтириб чиқариши мумкин. Шунинг учун ҳомиладор аёллар ва эмизикли оналарга тавсия этилмайди. Айниқса, ошқозон ичак хасталиклари, холицистит, гепатит, гастрит, ичак шамоллаши ва ўн икки бармоқли ичакда муаммоси бор кишилар ҳам бу меванинг ўрнига бошқасини тановул қилганлари афзал.

МАФТУНА тайёрлади.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1