1

ҚОРБОБОГА ЖЎНАТИЛГАН ХАТ

МУТОЛАА 25.12.2017, 15:42
ҚОРБОБОГА ЖЎНАТИЛГАН ХАТ

«Кеча Дилшод — укам ҳамма болаларни тўплади-да, Қорбобога хат ёзишларини топширди. Журналистикада ўқигани учунми, ўзича бир нималарни ўйлаб топиб юради-да. Қизим ҳали боғча боласи, ёзишни билмайди. Лекин қўлига қоғоз ва ручка олиб, бир нималарни ўзича ёзиб ўтирибди.

Қизиқарли маросими тугагач, Дилшод худди саҳнада нутқ сўзлаётгандек мактубларни виқор-ла ўқий бошлади. Биз эшитиб, ўша совғаларни тайёраб қўйишимиз учун-да.

Жавоҳир «Планшет» сўрабди, ўйин ўйнаб, ақлли бола бўлиб ўтираман дея ваъда ҳам берибди.

Фарзонага бўйи-баравар ўйинчоқ керакмиш, фақат ақлли бўлиши шарт экан, дарсларини тайёрлашга ёрдам беришини истаяпти-да.

Умидга эса бокс қўлқопи, «Чемпион бўлсам, Қорбободан ҳам машҳур бўлиб кетаман», дея мақтаниб ҳам қўйди жияним.

Мана, менинг қизимникини ўқиш навбати келди. Аммо бу ёзувни мен ва Дилшод тугул, хитойчани биладиганлар ҳам тушунмайди.

— Шаҳзода, қани, сеникини ўқиб кўрайлик-чи? Іа, менимча, шоколад сўрагансан.

Ширинликхўр Шаҳзода бошини йўқ дегандек чайқади.

— Ҳа, топдим, аквариумда яшайдиган балиқ, — дедим мен ўтган куни дугонамникида аквариумдаги балиқларни кўриб ҳавас қилганини эслаб.

У эса «Йўқ», дея Дилшоднинг қўлидан хатини олди.

— Шуни ҳам ўқий олмадингизми? — беш яшар қизим ҳайрон бўлиб тоғасига қаради. Дилшод ноилож елка қисди. — Дадамни олиб келишини сўрадим Қорбободан! Чунки Қорбобо дадамнинг ўртоғи!

Дилшод билан иккаламиз бир-биримизга боққанча жим қолдик, болалар эса зум ўтмай леголарини ясашга берилиб кетишди.

Икки ойдирки, ота уйимиздамиз. Эримникига қайтиб боришга менинг ғурурим йўл қўймаяпти, турмуш ўртоғим эса «Сенга ким кет деб айтганди», дея олиб кетишга келмаяпти... Ойим «Ҳамма оилада ҳам уруш-жанжал бўлади», дея гапира-гапира чарчади.

Бугун Шаҳзоданинг мактубидан кейин эса фикрим ўзгарди. Қизим байрам куни дадасининг келишидан умидвор. Аммо у келмаса-чи? Ахир эрим ҳам ўлгудек қайсар. Демак, Янги йилни кутиш ярамайди...

Орадан ярим соат ўтиб-ўтмай турмуш ўртоғимга «SMS» жўнатдим. Икки оғизгина, ишдан қайтишда бизни олиб кетишин айтиб...

Ахир Янги йилни фақат кутиш эмас, у томон бахтиёр қадам ташлаш ҳам керак!»

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1