Долзарб мавзулар Фото

БАНК ИШИДАН УСТУН КЕЛГАН МАҲОРАТ

Бўлимлар: Рекорд
Теглар:
Добавлено: 25.12.2017, 13:01

Табиат гулларининг ҳар бири турфа рангда, ҳар бири ўзига хос гўзал. Шундан бўлса керак, рассомми, шоирми, ижодкор борки, табиатнинг бу мўъжизаларини ўз асарларида намоён этишни истайди. Бугунги қаҳрамонимиз Лайло Ўлмасова эсабошқа ижодкорлардан фарқли ўлароқ дунё гулларини оддийгина шакардан ярата оладиган ноёб истеъдод соҳиби. У яратган ишларни кўриб қойил қолмасликнинг иложи йўқ. Чунки­ унинг шакардан ясаган гуллари худди табиийга ўхшайди. Ижтимоий тармоқларда Лайло Ўлмасованинг гўзал ижод намуналарини кўрганлар ҳам ўзларининг ҳайратларини яшира олишмаяпти. Биз эса мазкур саҳифамизда ноёб қобилият соҳибаси ҳамда унингижодий ишлари билан сиз муштарийларни ҳам таништирмоқчимиз...

— Лайло опа, энг аввало, барчани лол қолдираётган қўл ишларингиз қандай яра­тилаётганини тушунтириб берсангиз...

— Турли ранглар ва безаклардан иборат бу гуллар оддийгина шакардан ясалади. Аслида биринчи марта кичик-кичик гулларни фақат торт ва пишириқларни безаш учун ясагандим. Кейинчалик эса катта-катта манзарали гулларни ҳам яратиш иштиёқи пайдо бўлди. Қизиқишим ва ўрганишларим сабаб илк гулдастамни яратдим. Аммо бу ишда энг муҳими сабр-қаноат эканлигини ёддан чиқармаслик керак. Масалан, бир гулни яратиш учун шакарли қиём тайёрланади, 2-3 см.ли махсус ўқловчалар билан юпқа қилиб ёйилади ва керакли шакллар кесиб чиқилади. Кейин уларни бир қанча муддат қуритишга қўямиз. Шундан сўнг эҳтиёткорлик билан қисмларни йиғиб, гул ҳолатига келтирамиз. Қилаётган ишим чиройли чиқиши учун рангларга катта эътибор бераман. Масалан, қайси гулни ясаётганимга қараб, табиат уни қандай яратган бўлса, мен ҳам ўшандек ясашга, энг кичик элементларини ҳам тўлиқ акс эттиришга ҳаракат қиламан. Хуллас, ҳар бир гулни яратишим учун икки кун вақт кетади.

— Бу ноёб ҳунар билан қачондан буён шуғулланасиз ва қаердан ўргангансиз?

— Мен аслида, ҳунарманд ҳам, қандолатчи ҳам эмасман. Молия институтини тугатиб, 15 йил банкда ишладим. Бундан беш йил олдин иккинчи фарзандим туғилганда бола парвариши учун таътилга чиққанимда, бекор ўтирмаслик учун интернетдан турли хил таом ва пишириқлар пиширишни ўргана бошладим. Асосан қандолат маҳсулотларига алоҳида қизиқишим бор эди. Секин-секин ҳар хил пи­ши­риқлар пишириш жараёнида ўзим ҳам турли ихтиролар қилиб, ижтимоий тармоққа жойлай бошладим. Қизиғи, кўпчилик буни жуда яхши кутиб олди. Ҳатто парҳез таомларни мазали қилиб тайёрлаш мумкинлиги борасида ҳам янгича ёндашувларни ўйлаб топдим. Кейинчалик бу борада ташкил этилган кўплаб маҳорат-сабоқларга бориб тажрибамни янада ошириб бордим. Ширинликларни безаклар орқали ноодатий кўринишда тайёрлаш билан бошлаган ишим маҳсулотлардан манзарали гулларни ясашгача бориб етди. Мана, кўриб турибсизки, ички қизиқиш ва мавжуд қобилият банк ишидан устун келди.

Лайло Ўлмасовани ҳақиқий замонавий аёл, дейиш мумкин. У мутахассислиги, яхшигина иши бўла туриб, тинимсиз изланишлар, ўрганишлар билан ўзининг ноёб қобилиятларини шакллантира олган инсон. Қаҳрамонимиз яратган қўл меҳнати маҳсулотларига қараб, ўзидан ва қилаётган ишидан мамнун. Унинг қўллари банк компьютерларида ҳисоб-китоб қилиш учун эмас, айнан ана шундай бетакрор гўзаллик бунёд этиш учун мўлжалланганини ўз вақтида англаб етган. Балки, бу гуллар нима мақсадда ишлатилишига қизиқаётгандирсиз? “Булар бозорларда бисёр бўлган гул ва сувенирлардан ўзгача. Уларни яқин инсонларга совға қилиш ва узоқ муддат сақлаш мумкин. Энг яхши томони эса қизиқувчан болажонлар бу гулларни бемалол истеъмол қилишлари ҳам мумкин”, дейди Лайло опа. Ажабмас, у кейинчалик машҳур бино-иншоотлар кўринишидаги ширинликларни ҳам яратса. Биз эса қаҳрамонимиздан янгидан-янги бетакрор санъат асарларини кутиб қоламиз.

Google+
WhatsApp
VK
Telegram

Комментарии