Долзарб мавзулар Фото

FACEBOOK`ДА ҲАМ ЮРТДОШИМИЗ ИШЛАЙДИ

Бўлимлар: Рекорд
Теглар:
Добавлено: 22.12.2017, 15:32

Азиз Муртазаев Нукус шаҳрида таваллуд топган ва ҳозирда Facebook’нинг Буюк Британиядаги офисида ишлайди. Унивиртуал олам билан алоқадор бўлганлар яхши танийди. Биз ҳам юртдошимизнинг улкан муваффақиятларидан фахрланган ҳолда Азиз ва у эришган ютуқлар ҳақида маълумот беришга қарор қилдик.

"ДАСТУРЧИ БЎЛАМАН ДЕБ ЎЙЛАМАГАНДИМ"

Азиз Муртазаев Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус шаҳрида туғилган ва ўша ердаги 37-лицейнинг математикага ихтисослашган синфида ўқиган. Балки шу сабабдир, Азиз мактабда математикани барча фанлардан кўра кўпроқ яхши кўрарди ва аъло даражада ўзлаштирди. Шанба кунлари отасининг ишхонасига бориб турадиган болакай компьютер билан илк бор ўша ерда танишади. Барча ёш болалар каби у ҳам дастлаб компьютерда фақат ўйин ўйнаган. Кейинчалик эса MS-DOSҳамда Windows дастурларини оз-моз ўзлаштиради. Аммо ҳеч қачон дастурлашга қизиқмаган Азиз “Шароит бўлса ҳам, ҳеч қачон дастурчи бўламан деб ўйламаганман...”, — дейди.

Азиз Муртазаев мактабни тугатгач, Ўзбекистон Миллий университетининг Иқтисод факультетига ўқишга кирди. Лекин уўқишга киргунча иқтисод ҳақида ҳеч қандай тушунчага эга бўлмаган. Шунчаки, ўқишга киришда муҳим бўлган математика ва инглиз тилини яхши билар ва ўша пайтда бу фанлар билан олий таълим даргоҳига кириш мумкин бўлган соҳалар ичида иқтисод энг қизиқарлисидек кўринарди. Аммо, у учинчи курсда иқтисодга умуман қи­зиқ­маслигини ҳис қила бошлайди.

МУВАФФАҚИЯТЛАРГА ДЕБОЧА БЎЛГАН ҚЎШИМЧА ТАЪЛИМ

Институтда ўқиб юрган кунларининг бирида Азиз “Ёш дас­турчиларни тайёрлаш ва қўллаб-қувватлаш маркази” талабаларни дастурлашга бепул ўқитиши ҳақида эшитиб қолади. 3 ой давомида дарслардан сўнг, ҳафтасига 5 кун, кунига уч соатдан шу марказга қатнай бошлаган қаҳрамонимизга дастурлаш жуда ёқиб қолади. Ўқув курслари тугагач, якуний лойиҳасини топширган Азизнинг иши марказ ҳамкорлик қиладиган компаниялардан бири — NetDec’га маъқул келиб, уни амалиёт ўташга чақиришади.

ХОРИЖДА ТАЪЛИМ, ЯНГИ ТАКЛИФЛАР

Азиз Муртазаев университетни битирганида ким бўлиб ишлашини аниқ биларди. У даставвал Тошкентдаги Muransoft компаниясида ишлайди кейин магистратурада ўқиш учун Жанубий Кореяга жўнаб кетади.

Кореянинг Сувон шаҳридаги Аджоу университетида ўқиган Азиз кейинчалик Сувондаги Samsung Electronics’га ишга киради. Дастурлаш тизимида тўлақонли билим ва тажрибага эга бўлгач эса дунёга машҳур “Facebook”ка ишга кириш учун ҳаракатни бошлаб юборади. Бунинг учун у 2014 йилнинг сентябридан 2015 йилнинг февралига қадар ўта мураккаб тузилган уч босқичли суҳбат кўринишидаги имтиҳондан ўтади ва 2015 йилнинг 14 сентябридан Facebook`нинг Лондон офисида Android операцион тизимида ишлайдиган дастурчи-муҳандис бўлиб иш бошлайди.

Азиз Муртазаев “бир кун келиб, Facebook`ни тарк этишга тўғри келса, ўзимни катта даражага чиқиш истагида бўлган кичик компанияда ёки бирор стартапда синаб кўришни хоҳлардим”, — дейди.

Биз эса ўқиш ва ўрганишдан бир лаҳза бўлса-да тўхтамайдиган, юртимизнинг кўплаб ёшларига ўрнак бўлаётган бу йигитга омад тилаб қоламиз.

Google+
WhatsApp
VK
Telegram

Комментарии