GOOGLE КОМПАНИЯСИНИНГ ИЛК ЎЗБЕК ИНЖЕНЕРИ

Рекорд 22.12.2017, 15:24
GOOGLE КОМПАНИЯСИНИНГ ИЛК ЎЗБЕК ИНЖЕНЕРИ

Нодир Тўрақулов — паспортида миллати деган жойга ўзбек деб ёзилган Google компаниясининг ягона ходимидир. У эришган ютуқлари билан инсон агар чин дилдан орзу қилса, мақсадига интилса, барча ниятларини амалга ошириши мумкинлигини исботлади.

Қуввати тугаб қолаверган ­компьютер сабаб

Нодир 1987 йилда Тошкентда, зиёли оилада дунёга келди, унинг ота-онаси ядро физикаси институтида ишлаган. Нодирнинг буви ва бувалари ҳам олим бўлишган. У болалигиданоқ кўчада бемақсад юргандан кўра, китоб ўқишни, уйда конструктор ўйинчоқ ўйнашни маъқул кўрган. Компьютер қуввати янги видеоўйинларга етмай қолгандан кейин эса Windows дастурини ўргана бошлаган.

Муваффақият сари илк қадам

Нодир юқори синфларда ўқиётганда физика-математика йўналишини танлади ва бу соҳада тинмай ўқиб, изланди. Мактабни тамомлагач, Ўзбекистон Миллий университетининг математика факультетига ўқишга кирди. У иккинчи босқичда ўқиётган пайтида дастурлаш бўйича ўтказилган (ACM ICPC) халқаро мусобақада қатнашди. 2008 йилда университетни тугатаётган йили уни Канаданинг ComponentOne компанияси шартнома асосида дастурловчи лавозимига ишга таклиф этди. У компания­нинг таклифини қабул қилиб, 2012 йилгача масофадан туриб ишлади.

Нодир 2013 йилда АҚШга кўчиб ўтди, мазкур компанияда ишлагани туфайли унга Google рекрутери алоқага чиқди. Уларни Нодирнинг резюмесидаги дастурлаш бўйича халқаро олимпиадада учинчи ўринни эгаллагани қизиқтириб қолди ва уни Google компаниясига ишга таклиф этишди.

Халқаро компаниядаги фаолият ҳақида

Нодир Google компаниясидаги меҳнат фаолиятидаги қизиқарли фактлар билан ўртоқлашди. Унинг айтишича, Google компаниясига ишга кириш учун суҳбатдан ўтиш бир неча босқичдан иборат бўлиб, унга 2-3 ой вақт кетади. Биринчи босқичда телефон орқали интервью олиниб, “уйга вазифа” берилади. Номзод берилган вазифани уддалай олса, Google штабларидан бирига таклиф этилади. Ишга қабул қилишда номзоднинг жинси, ёши ва ирқи ҳеч қандай аҳамиятга эга бўлмайди. Иш жараёнида ҳеч ким “уни қил, буни қил”, деб буйруқ бермайди. Гуруҳнинг ҳар бир аъзоси ўзининг хизмат вазифасини яхши билади. Ҳар бир ходимнинг супервайзери бўлиб, у босим ўтказмаган ҳолда ходимларнинг иш жараёнини назорат қилади. Ҳаракатчан дастурловчи вазифаларини ўзи белгилайди. Нодир ишлайдиган Google штабининг ичида ҳордиқ чиқариш учун махсус спорт зал, дунё халқлари таомларини тайёрловчи 30 га яқин ошхона ва қаҳвахона мавжуд. У ер­да соғлом турмуш тарзини кечириш учун фойдали таомлар тайёрланади. Зинапоялар ўрнига сирғаниб тушиш учун тепаликлар ўрнатилган. Google ходимларидан ҳеч ким, шу жумладан Нодир ҳам масофадан туриб ишламайди. Компаниянинг фикрича, ходимнинг масофадан туриб ишлаши иш унумдорлигига салбий таъсир кўрсатади. Чунки ходимнинг ёнида янги ғояларни муҳокама қилиш учун ҳаммаслак одамлар, ишчанлик муҳити бўлмайди. Компания учун иш соати эмас, балки натижа муҳимдир. Ходимлар ишга Wi-Fi мавжуд бўлган компаниянинг махсус автобусларида олиб келинади. Ишга келиб-кетиш учун ходим автомобиль бошқаришга эҳтиёж сезмайди.

Google компаниясида Python дастурлаш тилидан фойдаланилади, унинг барча инфраструктураси шу дас­турга асосланган. Компания ходимларига ҳар қандай шароитда ҳам энг муносиб ходим бўлиб қолиш лозимлиги уқтирилади. Ходимларнинг меҳнат самарадорлиги йилига икки маротаба ўрганилади. Агар ходим вазифасини тўлиқ бажаришга улгурмаса, муаммонинг сабаблари қидирилади, иш таҳлил қилинади. Google компанияси ходимининг интернет тезлиги Гигабитларда ҳисобланади.

Нодир Тўрақулов Google штаб квартирасида, Google Chrome лойиҳаси гуруҳида меҳнат қилаётган ягона ўзбекистонликдир. Биз дунё­нинг шундай машҳур компаниясида меҳнат қилаётган ҳамюртимиз Нодир Тўрақулов билан фахрланамиз. Унинг келгуси ишларида улкан ютуқлар тилаб қоламиз.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1