1

ЯНГИ ЙИЛ КЕЧАСИДАГИ НИЯТ

МУТОЛАА 21.12.2017, 18:17
ЯНГИ ЙИЛ КЕЧАСИДАГИ НИЯТ

«Янги йил кечаси қилган ниятим ҳаётимни ўзгартириб юборгани тасодифми ёки ҳаётнинг туҳфасими, билмайман, — деб мактуб йўллабди тошкентлик Муборак исмли мухлисамиз. — Ёшим йигирма олтида бўлса-да, ҳамон турмушга чиқмагандим. Тенгдошларимнинг боласи бўйи тенги бўлиб қолган, мен эса ҳалигача уйдагиларнинг қош-қовоғига қараб кун кўраман. Келинлар сабаб ўз уйингизга сиғмасангиз, ғалати бўларкан. Яхшиямки, ишлайман, бўлмаса нима қилардим, ҳайронман...»

Янги йил арафасида тикувчилик корхонамизда буюртмалар кўп бўлди. Охиргиларини байрам куни эрталаб топширишимизга тўғри келди. Байрам учун кўйлак тиктирган ўзим тенги келинчакларга жуда ҳавас қилдим. Ҳамкасбларимдан яширинча либосларнинг дизайнини чизадиган одатим бор эди. Қўлим бўшади дегунча, тўй кўйлакларни чиза бошлардим. Охирги чизган кўйлагим ўзимга ёқди. Оппоқ мато оч новвот рангидаги мунчоқлар билан безатилган, фатаси эса аксинча — матоси наввот рангида, мунчоқлари садафдек оппоқ. Сочга, бўйинга ва қўлга тақиладиган безаклар ҳам шу рангга уйғун бўлиб, либос худди сутга чайиб олингандек тасаввур уйғотарди. Муздек совуқ оқ ранг ёқмагани учун айнан шу илиқ рангларни танлагандим. Либосни хаёлан эгнимда тасаввур қилиб, хўрсиниб қўйдим. «Бу кўйлак кимга насиб этаркан-а?» ўйладим ўзимча ва негадир томоғимга нимадир тиқилгандек бўлди. Уйга кетишдан олдин бошлиғимиз Дилбар опа билан хайрлашиш учун хонасига кирдим. У шошиб нарсаларини йиғиштираётган экан,ёрдамлашдим. Жуда сезгир бўлган опа хомушлигимни дарров пайқади.

— Муборак, Янги йилда қандай ният қилмоқчисиз? — деди у қувноқ оҳангда.

Устимдан кулмоқчими дегандек ичимдан зил кетдим. Жавоб бермаганимни кўриб, «Кўнглингизга олманг, мен шунчаки ниятларингизни қандай ифодалашингизни билмоқчи эдим», деди.

Тушунмай, унга тикилдим.

— Келинг, сизга бир сирни ўргатаман. Соат ўн иккига бонг ургунча, юрагингиздаги иккиланишларни буткул чиқариб ташланг. Кейин чуқур нафас олиб, «мен ўзимга ишонаман, мен энг чиройли ва энг ақлли қизман», денг. Бу гапларни шундай айтингки, ўзингиз ҳам ишонганингиздан кўзларингиз чақнасин. Соат ўн иккига бонг урганда эса ўзимга муносиб, ақлли, очиқкўнгил жуфти ҳалол учратгин, мен шундай бахтга лойиқман, деб чин юракдан ният қилинг… Тушундингизми?

Қизариб кетдим.

— Ўзингизни яхши билмайсиз-да, бўлмаса, аллақачон бахтингиз очиларди, — деди у шошиб отланаркан.

Дилбар опа билан хайрлашгач, ўйланиб қолдим. Мендан нима кетди, бир уриниб кўрсам, ким билиб ўтирибди, деб ўйладим. Уйга келиб очиқ юз билан келинимга ёрдамлашдим, ўйнаб-кулиб ўзимга оро бердим. Яхши кайфиятда кўришни унутиб қўйишган ота-онам ҳам ҳайрон. Хонамга кириб, кўзгуга қарадим ва Дилбар опанинг гапларини қайта-қайта такрорладим. Ўн марталаб айтганимдан сўнг ўз гапимга ўзим ишона бошладим...

Соат милларига қараб, роппа-роса ўн иккига бонг урганда, «Ўзим ҳам, яқинларимни ҳам қувонтирадиган бахт бергин. Кейинги йил айни шу маҳалда ниятим амалга ошганидан қувониб ўтирай…» деб ният қилдим.

Байрам ўтиб, ишга чиққан куним Дилбар опа бир альбомни кўтариб: «Бу кимники?» деб юрганини эшитиб, ўгирилдим. Қарасам, менинг қоралама дафтарим.

«Меники» дедим ва опанинг қўлидан олишга шошилдим.

— Сизникими? — ҳам ҳайрат, ҳам қувонч билан сўради опа.

Дафтарни тезгина яширдим. Ўша куни тушлик маҳал Дилбар опа мени хонасига чақирди. У ерда дид билан кийинган, келишган йигит ўтирарди. Йигит ўрнидан турди. Қўлида мен чизган тўй кўйлакларнинг нусхалари турарди…

Дилбар опанинг кейин айтиб беришича, ўша куни шошилиб альбомимни унинг столида қолдирибман. Ўзининг нарсаларига қўшиб менинг дафтаримни ҳам олиб кетган Дилбар опанинг болалари сумкасини титкилаб дафтарни ҳам олиб чиқишади. Байрам куни уларникига меҳмонга келган жияни дафтарни кўриб қизиқиб қолади. «Бундай чиройли либосларни чизган одамнинг қалби ҳам гўзал бўлса керак, ким чизган буни?» деб сўрайди.

— Ажойиб истеъдодингиз ва дидингиз бор экан, — деди ўзини Масрур деб таништирган йигит. — Яқинда тўй либослари яратадиган тикув цехи очмоқчи бўлиб юргандим, менга ёрдам бермайсизми?

Ўйлаб кўришга фурсат топдим. Эртаси куни қўнғироқ қилди. У магистратурани хорижда ўқиб, яқинда қайтиб келган, уйланмаган эди. Кундан-кунга унга боғланиб бораётганимни билсам-да, буни тан олишдан чўчирдим. Лекин мен чизган сурат бўйича тўй либос тикишни топширишганида дунё кўзимга қоронғи бўлиб кетди.

— Ўз бичимингиз билан тикаверинг, келиннинг бўйи-басти худди сизникидек, — деди у синчков тикилиб.

Кўз ёшларимни ичимга ютиб, хўп дедим. Икки ҳафта давомида игнани матога эмас юрагимга қадаётгандек азоб билан кўйлакни тикиб битирдим. Тайёр бўлган куни Дилбар опа ҳозир Масрур келиб олиб кетади, деди. Юрагим зардобга тўлиб севгилиси билан кириб келишини кутиб турибман. Бир маҳал у келди. Лекин ёлғиз эди.

— Кўйлак жуда чиройли чиқибди — деди у жилмайиб

Мен ердан кўз узмай бош силтадим.

— Сиз ундан ҳам чиройлисиз, — деди у кутилмаганда. — Шукўйлакда тўй куни ёнимда туришингизни истайман…

Эртаси куни уйимизга совчи борди. Мана, мен учун омадли келган йил ҳам якун топаяпти. Бу йил байрам дастурхони атрофида ўтириб, ниятларим амалга ошгани учун шукрона айтмоқчиман…

Дилфуза Собирова

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1