1

ЯЛҚОВЛИКНИ ЕНГИШНИНГ 7 ҚОИДАСИ

СУҒДИЁНА 20.12.2017, 19:41
Теглар: Психология
ЯЛҚОВЛИКНИ ЕНГИШНИНГ 7 ҚОИДАСИ

... Кун давомида иш бўйича муҳим ҳисобот тайёрлаш ёки бирор лойиҳа ҳақида бош қотириш керак. Аммо одатдагидек, буни ортга сурамиз ва кун охирига келиб, жуда чарчаганимизни, тезроқ уйга боришимиз кераклигини, бу юмуш билан эртага, албатта, шуғулланишимизни ўзимизга-ўзимиз таъкидлаймиз.

Бу ялқовлик касалига мубтало бўлганимиздан далолат эмасмикан? Ахир, кимдир ҳафтада бир кун эринчоқлик қилса, бошқа биров бу “эзгу юмуш”га нақ беш кунни сарфлайди. Ҳатто доимий ялқовликдан халос бўла олмайдиганлар ҳам орамизда кам эмас. Энг ёмони шуки, дангасалик, эринчоқлик туфайли йиллар давомида орттирган “тажриба”миздан келиб чиқиб, ўзимизга-ўзимиз осонгина енгилишга одатлана борамиз ва аста-секин омадсизликка юз тутаётганимизни англамай ҳам қоламиз. Демак, “буюк ялқов бўлиб етиш”масдан аввал бу “хислат”ни яхши маънодаги айёрлик билан енгишга ҳаракат қилишимиз керак.

Биринчи қадам муҳим!

Минг чақиримлик йўл ҳам биринчи қадамдан бошланади, деган гап айнан дангасаларни тарбиялаш учун ўйлаб топилган бўлса керак. Чунки сиз жавонингизда дазмол босилиши керак бўлган кийим-кечаклар уйилиб ётган бўлса-да, ҳали ҳам телевизор қаршисида ўтирибсиз. Баҳонангиз тайёр: чарчадим, бу юмушларни тугатгунимча эҳ-ҳе... Шундай пайтда шунчаки ўрнингиздан туриб, эшик олдига боринг. Бу кичик қадам катта ишларни бошлашга сабаб бўлади.

Катта юмушни кичик бўлакларга ажратиш керак

Катта ишларнинг масъулияти ҳар қандай кучли истакни ҳам сўндириши мумкин. Шунинг учун психологлар бироз ҳийла ишлатишни тавсия қилишади: битта катта юмушни ўнта кичигига тақсимлаб чиқинг. Улардан бирини бажарганингиздаёқ, ўз-ўзингиздан қониқиш ҳосил қиласиз ва кейингисига киришиб кетасиз.

Режалаштириш усули

Ишларингизни тартибга солганингиз ҳамон улар у қадар кўп эмаслигига амин бўласиз. Бунинг учун бир дона оқ қоғоз олиб, уни тўрт букланг. Бўйига “шошилинч” ёки “шошилинч эмас” деб, энига эса “муҳим” ё “муҳим эмас”, деб сарлавҳа қўйинг ва бажаришингиз керак бўлган ишларни саралаб олинг.

Иштиёқ уйғонсин

Иштиёқ – жуда кучли хоҳишдир. Аммо, куну тун у ҳақда ўйласангиз ҳам хоҳиш сўниб қолиши мумкин. Хўш, нима қилиш керак? Бажаришингиз лозим бўлган иш ҳақида кўпроқ маълумот тўпланг. Янги фикрлар, ғоялар шундагина пайдо бўлади ва аста-секин сизда иштиёқ туғилади.

Сабабларга ойдинлик киритинг

Ҳар бир ҳаракат асосида ўзига яраша сабаблар бўлади. Худди шу ёзилмаган қоида бирор ишни бажармасликка ҳам тааллуқли. Шу боис агар кундан-кунга ҳисоботни кечиктириб бораётган, ишларни ортга сураётган бўлсангиз, ишингизни ўзгартириш ёки бошқа бирор чора ҳақида ўйлаб кўринг.

Муддатни ўзгартириш ҳам фойдали

Бу усул табиатан ғайратли одамларга мўлжалланган. Масалан, раҳбарият айтган охирги муддатдан аввалроқ шу ишни якунлашга ҳаракат қилишни олайлик. Бунда ишингиз олдинга силжиётганини сезишингиз аниқ. Зеро, бошқалардан аввалроқ ишни уддалаганингиз учун ўзингизга ишончингиз ортади. Бу эса омад калитидир.

Аниқ мақсад сари

Кўпинча, бирор ишни бошлашдан аввал омадсизликка учрашдан қўрқамиз ва уни иложи борича ортга сурамиз. Шу боис психологлар амалга ошириш у қадар қийин бўлмаган мақсадлар сари интилиш кераклигини таъкидлашмоқда. Бундай қилинг: бирор ишни бошлаётганда унинг натижаси ҳақида бош қотирмай, яхшиси, орттиришингиз мумкин бўлган тажриба ҳақида ўйланг. Илғорлик мактаб чоғида яхшидир, балки. Аммо, мустақил ҳаётда “аълочи қиз” синдроми доим ҳам наф келтиравермайди.

Шарҳлар

БОЛАНИ ОЗОДАЛИККА ЎРГАТАМИЗ

21.12.2017, 18:34

Қани энди болангиз сизни ҳеч жавратмай ўзи юз-қўлини, тишларини ювса, ётган ўрнини йиғиштирса... Бу аксар ота-оналар учун бир орзудек. Аслида, болани озодаликка ўргатиш қийин иш...
АРАЗЧИ БОЛАНИ ҚАНДАЙ ТАРБИЯЛАШ КЕРАК?

21.12.2017, 18:21

— 10 ёшли қизим жуда аразчи. Сал гапга йиғлайди, хафа бўлади, овқат емай қўяди. Уни кўп эркалатишга ҳам қўрқаман. Қандай муносабатда бўлишга ҳайронман… Саида, Зангиота...
БОЛАГА НИМА СОВҒА ҚИЛИШ МУМКИН?

21.12.2017, 18:16

Жиянлар, дугоналарнинг, қўшнилар ва танишларнинг фарзандларига совға танлаётиб, чалкашиб кетмаслик учун болаларнинг ёшини инобатга олинг. Масалан: 1-2 ёшли болакайлар қўғирчоқлар, юмшоқ ўйинчоқлар, кубиклар, суратли китоблар,...
ЯНГИ ЙИЛНИ НИШОНЛАШ СЦЕНАРИЙСИ

21.12.2017, 18:16

Янги йил — нафақат болалар, ҳатто катталар ҳам ниятлари ижобат бўлишига ишонадиган эртакмонанд байрам. Лекин у айниқса болажонларга катта қувонч улашади. Ахир бу кунда улар...
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1