1

БОЛАЛАР ҚОРБОБОГА ИШОНМАСА…

СУҒДИЁНА 20.12.2017, 19:38
Теглар: Психология
БОЛАЛАР ҚОРБОБОГА ИШОНМАСА…

— Тўққиз яшар ўғлим олти ёшлик синглисига босим ўтказяпти: «Қорбобо ҳаётда йўқ, у эртак, дадам билан ойим сени алдашяпти». Қизим эса «Қорбобо бор», деб йиғлайди. Хўш, болаларнинг Қорбобога ишониши яхшими ёки ёмон? Мен ўғлимнинг рост гапини маъқуллайми ё қизимнинг мўъжизаларга ишониб турган кўнглини ҳимоя қилайми? Аминманки, Янги йил арафасида кўпгина ота-оналар шундай савол қаршисида қоладилар. Масалага ойдинлик киритиш пайти етди.

Нега керак?

Болага Қорбобо ҳақидаги умуман гапирманг, деёлмаймиз. Кичкинтой маълум ёшгача эртакларга ишониши, фантазиялар билан яшаши, мўъжизаларни кутиши керак. Бу унинг келажакда ҳиссий ривожланиши, руҳияти эгилувчан бўлиб, турли вазиятларга осон мослашиб кетишига ёрдам беради. Бола эртакларсиз ўсса, албатта, ҳамма нарсани ақл билан идрок этадиган, таҳлилий в танқидий дунёқараши ривожланган бўлади. Лекин сиз ҳаётда ҳамма нарсани инкор этадиган, яхши ният қилмайдиган, ҳар қандай ташаббусни совуқ таҳлил билан йўққа чиқарадиган, таваккал қилишни билмайдиган, нуқул воқеаларнинг салбий якунини башорат этадиган одамларни учратганмисиз? Ана ўшалар ёшлигида эртак кам эшитган, эзгуликка кам ошно бўлган болалардир.

Руҳшунослар бола 7 ёшгача мўъжизалар ичида яшаши керак, деб ҳисоблашади. Бу уларнинг фантазияси ўсиши, ижодий фикрлашига ижобий таъсир кўрсатар экан. Демак, боалларни эртак қаҳрамонлари, хусусан, Қорбобога ишонтириш жуда муҳим.

У йўқлигини билгач, нима бўлади?

Ҳа, ота-оналарни бу савол ҳам ўйлантиради. Бир кун келиб болам Қорбобо йўқлигини, бир хаёл эканини билса, қалби ларзага келмайдими, менга ва атрофдагиларга ишончи йўқолмайдими? Ҳеч ундай бўлмайди. Агар жараён табиий кечса, кичкинтой маълум ёшга етгач, воқеаларни, фактларни таҳлил қилиб, ўзи Қорбобо йўқ экан, деган хулосага келса, сиздан ёки оламдан хафа бўлмайди. Аксинча, бу хулосасидан ўзига нисбатан ишончи ортади, кашфиётини ҳаммага айтгиси, ҳатто, менинг ўғлимга ўхшаб, кичикларга бу хулосани мажбурлаб ўтказгиси келади. Ҳар қайсимиз бола бўлганмиз, ўз тажрибаларимиз, хатоларимиз, ишончу кашфиётларимиз билан улғайганмиз. Болангизни бу имкониятдан маҳрум этманг, унга ўз тажрибаларидан хулоса чиқаришига йўл беринг. Хуллас, вазиятни драмага айлантирманг. Жуда бўлмаса: «Қорбобо ишонганлар учун бор, ишонмаганлар учун йўқ» десангиз, уни алдамаган бўласиз. Аслида, ҳам шундай-ку: бизнинг эртакларга ишончимиз бу қаҳрамонни жонлантириб, унга умрбоқийлик бахш этиб тургани ёлғонми?

Муҳими, совғасиз қолмасин!

Баъзан ота-оналар «Ёмон бола бўлсанг, Қорбобо сенга совға келтирмайди», дея фарзандини «шантаж» йўли билан тарбиялашга ҳаракат қилишади. Бу икки сабабга кўра тўғри эмас. Биринчидан, бола совға учун ўзгаришга, яъни таъмагирликка ўрганади. Совға бу мукофот эмас, ота-онанинг эътибор ва муҳаббати рамзи эканини болангиз ҳис этиши керак. Келажакда мукофот олиш учун ўзлигига хиёнат қилиш шу пўписадан бошланишини унутманг. Иккинчидан, пўписани, барибир, амалга оширмай, кичкинтойга совға берсангиз, унинг олдида обрўйингиз тушади, энди гапингизга ишонмайди, дўқ-пўписаларингизга ҳам. Борди-ю пўписани амалга оишриб, чиндан ҳам фарзандингизни Янги йил куни совғасиз қолдирадиган бўлсангиз, фарзандингиз буни бир умр унутмайди. Ҳамма болалар Қорбободан совға олган, ўзининг бир четда шумшайиб қолгани унга ёмон таъсир қилади. Хуллас, совға билан манипуляция қилиш ҳар қандай ҳолатда ҳам ота-онанинг ўзига зарар. Ундан кўра «Қорбобо ҳамма болаларни яхши кўради, лекин сен ҳам маълум шартларга риоя қилсанг, унинг боши осмонга етади» денг. Муҳаббат эвазига муҳаббат бериши кераклигини шу ёшдан тушунтиринг.

Баъзида бола Қорбободан жуда қиммат совға кутиши мумкин. Бунда ота-она қийин аҳволда қолади. Қорбобо фантазиямиз маҳсули экан, фантазияларимизни янгилари билн бойитишга нима қаршилик қилади? Масалан, «Қорбобо ҳаммага бирданига қиммат совға қила олмайди, унинг ўз режалари бор, бу сафар у ўртоғингга велосипед олиб келибди, кейинги йиллардан бирида, албатта, сенга ҳам навбат етади» денг. Хуллас, ижодкор бўлинг, ахир сиз болангиз учун эртак тўқияпсиз-ку. Уни эзгу инсонга айлантирадиган эртакни!

Шаҳноза ТЎРАХЎЖАЕВА

Шарҳлар

БОЛАНИ ОЗОДАЛИККА ЎРГАТАМИЗ

21.12.2017, 18:34

Қани энди болангиз сизни ҳеч жавратмай ўзи юз-қўлини, тишларини ювса, ётган ўрнини йиғиштирса... Бу аксар ота-оналар учун бир орзудек. Аслида, болани озодаликка ўргатиш қийин иш...
АРАЗЧИ БОЛАНИ ҚАНДАЙ ТАРБИЯЛАШ КЕРАК?

21.12.2017, 18:21

— 10 ёшли қизим жуда аразчи. Сал гапга йиғлайди, хафа бўлади, овқат емай қўяди. Уни кўп эркалатишга ҳам қўрқаман. Қандай муносабатда бўлишга ҳайронман… Саида, Зангиота...
БОЛАГА НИМА СОВҒА ҚИЛИШ МУМКИН?

21.12.2017, 18:16

Жиянлар, дугоналарнинг, қўшнилар ва танишларнинг фарзандларига совға танлаётиб, чалкашиб кетмаслик учун болаларнинг ёшини инобатга олинг. Масалан: 1-2 ёшли болакайлар қўғирчоқлар, юмшоқ ўйинчоқлар, кубиклар, суратли китоблар,...
ЯНГИ ЙИЛНИ НИШОНЛАШ СЦЕНАРИЙСИ

21.12.2017, 18:16

Янги йил — нафақат болалар, ҳатто катталар ҳам ниятлари ижобат бўлишига ишонадиган эртакмонанд байрам. Лекин у айниқса болажонларга катта қувонч улашади. Ахир бу кунда улар...
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1