1

ХОРИЖ КАТАЛОГИДАН ЎРИН ОЛГАН РИШТОН МЎЪЖИЗАЛАРИ

Рекорд 16.12.2017, 13:31
ХОРИЖ КАТАЛОГИДАН ЎРИН ОЛГАН РИШТОН МЎЪЖИЗАЛАРИ

Кулолчиликни ўрганиш ва ўқитувчисига айтган сўзининг уддасидан чиқиш учун Ўзбекистон халқ рассомиИброҳимжон Комилов ва уста кулол Йўлдошали Эргашевга шогирд тушиб, оддий лойдан санъат асари яратишнинг сир-асрорларини ўрганишга киришди. Тез орада Набижоннинг ишлари фақат устозларгагина эмас, харидорларга ҳам маъқул бўла бошлади. Ҳатто хорижлик санъат ишқибозлари у ясаган лаган, кўза ва бошқа ашёларни кўргазма залларида мунтазам харид қила бошладилар. Айниқса ўзбек чолларининг кулиб турган қиёфалари акс этган ранг-баранг ҳайкалчаларда Набижон аканинг ўз имзоси бор эди. Фарғона кулолчилигига беқиёс ҳисса қўшган ҳунарманд ўзининг меҳнатсеварлиги ва қобилияти туфайли тез орада танилди. Ҳатто, 1999 йилда ёш ва машҳур кулол Набижон Қодиров ҳақида “Риштон мўъжизалари” номли ҳужжатли фильм ҳам суратга олинди. Унинг ишлари чет мамлакат­ларда бўладиган кўргазмалар каталогига киритилганлиги туфайли ҳунарманд турли мукофотлар олишга муваффақ бўлди. Набижон Қодировга Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони билан 2001 йили 44 ёшида “Ўзбекистон халқ устаси” унвони берилди.

Фарғонанинг Риштонида туғилиб воя­га етган кўп қиррали ижодкор Набижон Қодиров 60 ёшга кирган, деса кўпчилик ишонмайди. У тиниб-тинчимас, кун давомида 3-4 жойда учратсангиз ажабланманг. Чунки Набижон ака фақатгина уста кулол бўлиб қолмай, яхшигина ижодкор ҳам. Унинг “Уч кунлик дунё” драмаси ўн йиллардан буён театр саҳнасидан тушмай келаётир. “Антиқа ихтиро” пьесаси эса вилоят театрларида саҳналаштирилди. Драматургияда қўлидан иш келишини исботлагач, Набижон Қодиров энди сценарийчи ва кинодраматургга айланди. Шу билан бирга адабий асарларнинг ҳам муаллифи бўлди.

Набижон Қодиров тўлиб-тошиб яшайди, тинимсиз изланишда бўлади ва ўз ижод намуналари билан буюк натижаларга эришади.Буларнинг барида эса фақат бир нарсани сабаб қилиб кўрсатади:

— Фахрланарли ҳунарим — кулолчиликда асарлар яратишда адабиёт ва санъатнинг ўрни беқиёс. Мен улардан илҳомланиб, турли буюмлар ясайман. Барча ижодий ишларимга ва юксак натижаларга эришишимга сабаб — яхши инсонларнинг этагидан тутганимдир.

“Ҳунарли киши хор бўлмас”, деганларидек, бугун Набижон Қодиров ўзбек кулолчилик санъатининг машҳур усталаридан бири. Уни таниган-билган риштонликларнинг бари “биз машҳур кулолнинг маҳалласиданмиз, юртиданмиз”, деб фахрланиб қўйишади. Ана шундай фахр-ифтихор ижодкоримизга янгидан-янги куч ва ғайрат бағишласа, ажабмас.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1