Долзарб мавзулар Фото

Сомондан мўъжиза яратган истеъдод соҳиби

Бўлимлар: Рекорд
Теглар:
Добавлено: 15.12.2017, 15:26

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовга йўлланган самимий мактубда ана шундай сўзлар бор эди. Чиндан ҳам бугун Жасур ўзини имконияти чекланган, деб ҳисобламайди. Сабаби у ҳамма ҳам қила олмайдиган ва кўрганни ҳайратга соладиган нодир ҳунар соҳиби, бетакрор санъат асарларининг муаллифи. Бир сўз билан айтганда, оддийгина сомондан мўъжиза ярата олган истеъдод эгаси. Айнан Жасур сомон санъати­ни ҳақиқий санъат даражасига ва ноёб ҳунар сифатида олиб чиқди. Хўш, у сомон санъатига қандай кириб келди? Уни қачон санъат ва ҳунар даражасига олиб чиқди?

Жасур ЖУМАЕВ, “Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишони, “Жасорат” медали соҳиби:

— 2004 йилда коллежда ўқиб юрган кезларим отамнинг дўсти Владимир Петрович Фотиннинг маслаҳати билан илк бор сомон санъати сирларини ўргана бошладим ва шу йўналишда устозим Отабек Йўлдошевга шогирд тушдим. Уларнинг ёрдами билан бу ҳунарнинг нозик томонларини, машаққатли жиҳатларини ўргандим ва кейинчалик ўз ижодий ишларимни ярата бошладим. Лекин шу инсоннинг қўлига шогирд бўлиб келгунимга қадар ҳеч қачон бу ҳунарни ўрганаман, эгаллайман, деб хаёлимга келтирмаганман.

— Маълумки, ҳунармандчиликнинг тури кўп, аммо сомон санъати ҳақида ҳамма ҳам билавермайди. Бу ўзи қандай ҳунар? Сомонга қандай ишлов берилади-ю, нималар ясалади?

— Сомон санъати азалдан ҳам мавжуд бўлиб, асосан Европа мамлакатларида кўп учрайди. Бироқ уларнинг ижодий ишларида сомон турли рангларга бўялиб, ишлов берилганлигини кўришимиз мумкин. Биз ишларимиз учун далаларда ўсадиган ёввойи жавдардан фойдаланамиз ва сомоннинг рангидан ўз ҳолича фойдаланишга, миллийликни сақлаб қолишга ҳаракат қиламиз.

Аввало териб келинган ёввойи жавдардан сомонлар ажратиб олинади ва қандай мақсадда фойдаланишимизга кўра турларга бўлиб оламиз. Масалан, уй, одам, табиат манзараси. Ясалаётган расмнинг тўқроқ ёки очроқ бўлишига қараб сомонга олов ёрдамида ишлов берамиз. Энг муҳими, шаклларни ниҳоятда эътибор билан аниқ ўлчамларда қирқа олиш. Бунинг учун ўта кичик ҳажмдаги қайчилардан фойдаланилади. Ҳаттоки, катта ҳажмдаги асарларни ҳам ана шу майда қайчи билан ишлаб чиқамиз.

Қаҳрамонимизнинг сўзларини эшитиб, халқимизнинг “игна билан қудуқ қазиш” деган ибораси ёдимизга тушди. Жасур бу қудуқни улкан сабр ва матонат билан қазиди, орқага чекинмади. Ана шундай шижоат, ғайрат ва тинимсиз меҳнат ўз мевасини бера бошлади. Унинг ижодий ишлари нафақат республикамиз, балки дунё давлатлари томонидан эътироф этила бошлади, хорижий кўргазмаларда унинг мўъжизавий санъати юксак баҳоланди. Ана шундай иштироклари натижаси ўлароқ, Жасур 70 дан ортиқ республикамиз ҳамда хорижий давлатларнинг дипломи, сертификат ва фахрий ёрлиқлари билан тақдирланди. Юртимиз ҳунармандчилигига ўзгача санъат тури билан қўшган ҳиссаси учун Жасур Жумаев2012 йилда “Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишони, 2015 йилда “Жасорат” медали ва “Эътироф-2015” тақдирлаш маросимида “Йилнинг энг яхши ҳунарманди” йўналиши бўйича ғолибликни қўлга киритди.

Кўплаб кўргазмаларда иштирок этдим, давлатимиз мукофотларига сазовор бўлдим. Биринчи юртбошимиз Ислом Абдуғаниевич Каримовга миннатдорчилик билдириб ёзган мактубимнинг кейинчалик “Президентга мактублар” китобида босилиб чиқиши мен учун энг катта эътибор ва эътирофлардан бири бўлди...”, — деб ғурурланади Жасур.

Ҳозир Жасур Жумаев ўзи таълим олган Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида дарс беради. Шунингдек, ўз устахонасида бир қанча шогирдларига ноёб ҳунарини беминнат ўргатиб келмоқда. Куз ойларида эса у “Сомон санъати” кўргазмасини ташкиллаштирмоқчи. Биз ҳам истеъдодли ҳунармандимизга ижодий муваффақиятлар тилаб қоламиз.

Google+
WhatsApp
VK
Telegram

Комментарии