1

100 ёшида энагалик қилган Норай момо

Рекорд 14.12.2017, 15:21
100 ёшида энагалик қилган Норай момо

Интернет оламини кузатиб борар экансиз, сайёрамизнинг қайсидир нуқтасида 80-90 ёшларида ҳам ғайрати ва кучини йўқотмаган, одамларни ўз хатти-ҳа­ра­катлари билан ҳайратга солаётган кексалар ҳақидаги маълумотларга кўзингиз тушади. Бугун биз сизга таништирмоқчи бўлган қаҳрамонимиз фақат ўзининг табаррук ёши билангина эъти­рофли бўлиб қолмай, умрининг юзинчи йилида ҳам мурғак гўдакка энагалик қилган жонкуяр инсон.

Норай момо Очилова 1900 йилда Самарқанд вилояти Пахтачи тумани Пахтакор колхозида таваллуд топган. Шубҳасиз, даврнинг оғир ва машаққатли кунлари барча қатори уни ҳам четлаб ўтмади. Норай момонинг ота-онаси у гўдаклигидаёқ вафот этишади. Бу эса ёшгина қизалоқдан метин ирода ва улкан сабр талаб қиларди. Болалиги барча сағирларники каби кечган Норай бўйи етган паллада колхозга ишга кирди, кейинчалик турмуш қурди. Бироқ, бу сафар ҳам тақдирнинг аччиқ синовига дуч келди, олти фарзандни дунёга келтирган аёл икки ўғлини асраб қола олди, холос. Бу эса унинг ҳаётидаги энг оғриқли нуқтаси бўлиб қолди. Эр-хотин икки фарзандини вояга етказишди, аммо уларнинг роҳатини кўриш Норай момонинг турмуш ўртоғига насиб этмади. Кейинчалик сирдош, елкадош умр йўлдошидан ажралган онахон ўзларининг маҳалласидаги Бибисора билан она-бола тутинишди. Шундан сўнг унинг ҳаётга ва яшашга бўлган қизиқиши янада ошди, ўзига дардкаш ва меҳрибон қиз топган момо Бибисоранинг оиласи билан яшай бошлади.

Юқорида онахоннинг 100 дан ошиб ҳам энагалик қилганини айтгандик. Бу борадаги барча саволларимизга Норай момонинг тутинган қизи Бибисора Давронова аниқлик киритди:

— Ростини айтсам, кўпчилик моможонни эъзозлаб, меҳр билан парвариш қилаётганимизни кўриб, дуо қилади, жуда катта савобга қоляпсизлар-да, дейишади. Аслида момонинг бизни олдимиздаги хизмати жуда катта. Ҳозир ёшим олтмишга қараб кетяпти. Бир пайтлар эртадан кечгача далада ишлардим, болаларим эса ёш эди. Ўшанда моможон болаларимга меҳр ва муҳаббат бериб қараб ўтирардилар. Орадан анча йиллар ўтди. Қизимнинг бўйи етиб, узатадиган бўлдик. Лекин тақдир экан, қизим фарзандини дунё­га келтириб оламдан ўтди. Ўша кунлар ҳаётимнинг энг қора кунлари бўлди, десам адашмайман. Олдинда эса эндигина ёруғ оламга келган гўдакка ғамхўрлик масъулияти турарди. Мен рўзғор ташвишида кечгача ишлардим. Ана шундай машаққатли, дардли кунларда юз ёшдан ошган момо чақалоқни ўз парваришига олди. Кун бўйи қарарди, ҳатто айрим тунларда чарчаб болага қаролмасам, ёнида олиб ётарди. Шуни ҳам айтиш керакки, момо ўшанда юздан ошган бўлса-да, анча бақувват ва ғайратли эди. Ўша — ўзи қараган қизчага меҳри бўлак, ҳеч кимга хафа қилдирмайди, ортиқча гапиртирмайди. Ҳозир Ёдгора ўн тўрт ёшга кирди ва у ҳам моможонни ҳаммадан кўпроқ яхши кўради. Моможон ҳақида шеърлар ёзиб барчамизга ўқиб беради.

Бувим мени эркалаб,

Ёдгорахон дейдилар.

Нурга тўлган оппоғим,

Болажоним дейдилар.

Меҳри дарё бувижоним,

Қалби тўла нуржаҳоним.

Бувижоним бор менинг,

Меҳрибоним бор менинг.


Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1