1

ИХТИРОЧИ ОТАХОН

Рекорд 13.12.2017, 18:09
ИХТИРОЧИ  ОТАХОН

Яқинда таҳририятимизга 76 ёшли, лекин ғайрати 25 ёшлилардан-да, баланд бўлган бир отахон кириб келди. Сурхондарёнинг Қумқўрғон туманидан бўлган Абдуназар Соатмуродов яхшигина ихтирочи экан. Бундай дейишимизга сабаб отахоннинг қўлларида анча йиллар олдин яратилган ихтироларининг сурати ва яна бир янги лойиҳа чизмаси ҳам бор. Уларнинг нима эканини эса отахоннинг ўзи шарҳлаб беради:

— Асл касбим механик. Умрим давомида колхозда оддий ишчи, омбор мудиридан тортиб, бош механик лавозимигача ишладим. Ана шу меҳнат фаолиятим давомида 80-йилларда эски оғир автомобилнинг баъзи қисмларидан олиб унга редуктор қўйдим ва қўлбола пайванд қилиш ускунасини яратдим. Бунинг қулайлиги шунда-ки, бу ускуна тракторга уланади ва ўт олдирганда ундан чиққан электр қувватига бемалол пайванд ишларини амалга ошириш мумкин. Шунга кўра, ундан кенг далада техникалар бузилиб қолганда ёки электр токи узилиб қолганда бемалол фойдаланиш мумкин.

— Қизиқ, 80-йилларда яратилган бу ихтиро ҳали ҳам мавжудми? Наҳот ҳали-ҳануз яроқли бўлса?

— Ҳозир бу тежамкор ускуна ўша пайтда колхозимизда трактор ҳайдовчиси бўлган инсоннинг қўлида ва ҳали ҳам турли пайванд ишларида фойдаланилади.

Отахондан қўлларидаги қоғозга чизилган чизмалар ҳақида сўрадик.

— Бу менинг кексайганда яратган ихтиром. Бу қурилма шаршара бўйида чархпалакка жойлаштирилади. Яъни чархпалакнинг икки томонига оғир диск (моховик, грузовик) ўрнатилиб, унда кучли айланма ҳаракат пайдо бўлгач, жойлаштирилган генератор ишга тушади. Бундан эса тоза электр энергияси ажралади. Аммо бу ҳали лойиҳа, буни ишга тушириш керак.

76 ёшли Абдуназар отанинг гапларига қулоқ тутиб, бугунги замонавий технологиялар ихтирочилари бўлган ёшлардан асло кам эмас эканлар, деган хулосага келдик.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1