1

Ўзбекистон ягона тўққиз хонали телефон рақамига ўтиши маълум бўлди

HI-TECH 14.03.2014, 10:13
Ўзбекистон ягона тўққиз хонали телефон рақамига ўтиши маълум бўлди

Ўзбекистон келажакда ягона тўққиз хонали телефон рақами тизимига ўтади.

Ўзбекистон Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси томонидан 2013 йил 26 декабрда имзоланган ва 2014 йил 10 январдан кучга кирган буйруғи билан тасдиқланган “Ўзбекистон телекоммуникация тармоқлари нумерация тизими ва режаси” бошқарувчи ҳужжатида кўзда тутилган.

Аввалроқ юртимизнинг бир қатор ОАВлари “Билайн” вакилига таянган ҳолда мамлакат саккиз хонали телефон нумерация тизимига ўтиши ҳақида хабарлар тарқатган эди, бироқ бу хақиқатга зид.

Бу борадаги бош ҳужжатни ишлаб чиққан UNICON.UZ илмий-техникавий ва маркетинг тадқиқотлари марказининг Алоқа ва ахборотлаштириш илмий-тадқиқот департаменти бошлиғи Асилжон Мирхабибовнинг сўзларига таянган ҳолда “Газета.uz”нинг хабар беришича, ҳужжатда ягона тўққиз хонали нумерацияга ўтиш босқичма-босқич амалга оширилиши кўзда тутилган.

“Ягона тўққиз хонали нумерация дейилганда, мамлакат бўйлаб исталган қўнғироқни амалга ошириш учун тўққиз белгидан иборат рақам терилади. У маҳаллий ёки шаҳарлараро, стационар телефон ёки уяли алоқа телефонларидан амалга оширилаётган қўнғироқ бўларнинг барчаси ҳозирги етти рақам ўрнига тўққиз белгидан иборат рақам билан терилади”, – дейди департамент бошлиғи.

Ҳозирги вақтда Ўзбекистонда фойдаланилаётган ҳудудларнинг уч хонали нумерациялари (масалан, Тошкент учун 371, Хоразм вилояти учун 362, мобил алоқа операторлари учун эса 59X) икки хонали кодлар (мос равишда – 71, 62 ва 9Х) билан алмаштирилади ва амалдаги етти хонали рақамлар билан бирга ишлатилади.

Бошқача айтганда, шаҳар телефон тармоғи абонентига қўнғироқ қилиш учун 71ХХХХХХХ, 62ХХХХХХХ ва ҳоказо кўринишда, мобил оператор абонентига қўнғироқ қилиш учун эса 90ХХХХХХХ, 93ХХХХХХХ ва ҳоказо кўринишда рақам терилади. 12 сондан иборат телефон рақамларининг халқаро формати эса аввалгидек ўз кучини сақлаб қолади (масалан: 998-71-ХХХХХХХ, 998-93-ХХХХХХХ).

Барча вилоятлар ва операторлар ўзларининг ҳудуд кодлари нумерацияси ва идентификациясини сақлаб қолади. Фақатгина Навоий вилоятига янги код берилади – вилоят амалдаги 436 коди ўрнига 79ни олади.

Бу тизимга аввалроқ нима сабабдан ўтилмаганини тушунтирар экан, Мирхабибов аввалги аналог телефон тармоқларида бундай ўтишни амалга ошириб бўлмаслигини, ҳозирги кунга келиб деярли барча телефон тармоқлари рақамлаштирилгани ва бундай ўтишга тайёрлигини маълум қилди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1