1

80 ЁШИДА КУТУБХОНА ТАШКИЛ ЭТГАН УРГУТЛИК АБДУЛЛА БОБО

МУТОЛАА 09.12.2017, 11:41
80 ЁШИДА КУТУБХОНА ТАШКИЛ ЭТГАН УРГУТЛИК АБДУЛЛА БОБО

Самарқанд вилояти, Ургут тумани Ғус қишлоғида истиқомат қилувчи 80 ёшли Абдулла бобо Ўринов “Билимдон” халқ кутубхонасига асос солди. Президентимизнинг 13 сентябрдаги «Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дас­тури тўғрисида»ги қарорининг ижросини таъминлашга бел боғлаган фуқаролар сафини кенгайиб бораётгани қувонарли ҳол, албатта.

Абдулла бобо,кутубхонангизда қанча китоб бор?

— Тарихий, бадиий, илмий, иқтисодга доир асарлар, бундан ташқари 4 та Ҳадис китоби, Меҳнат ва Жиноят кодекслари, қишлоқ хўжлагига оид китоблар бор. Ҳаммаси бўлиб мингта.

Мингта китобни қандай тўпладингиз?

1956 йилда мактабни тамомлаб, бухгалтерия йўналишига ўқишга кирдим. Бу китобларни талабалик давримдан бошлаб тўплаганман.

Кутубхона ташкил этишингизга нима сабаб бўлди?

— Аслида шахсий кутубхонамдан фарзандларим, невара-чевараларим, қўни-қўшни, таниш-билишлар аввалдан фойдаланиб келар эдилар. Энди ҳамма кутубхона ташкил этганимдан хабардор. Илгари сўраб борсам берармикан, деб истиҳола қилганлар, энди бемалол кириб келади. Президентимизнинг китобхонликни тарғиб қилишга қаратилган қароридан сўнг, унинг ижросини таъминлашга мен ҳам ўз ҳиссамни қўшишим керак, деган хулосага келдим. Ўйлаб қарасам, аслида бу маънавий хазинани асраб ўтириш, илмни қамаб ўтириш билан баробар экан.

15 йилдан бери китобларингизни маҳалла аҳли олиб ўқир экан. Унда китоб йўқотишнинг азоби ҳам сизга яхши таниш бўлса керак.

Ҳа. Севимли китобларимни олиб, қайтариб бермаганлар ҳам бўлган.

Бундай ҳолларда нима қилгансиз?

Нима ҳам қилардим. Савоб бўлади, деб индамаганман.

Энди кутубхоначи сифатида ўз тартиб-қоидаларингизни ўрнатасизми?

Бу халқ кутубхонаси. Турли қоғозбозликдан холи, ҳафтанинг 7 куни, 24 соат фаолият юритади. Ҳеч қандай тартиб-қоида ўрнатмайман. Кутубхона ҳозирча ичкарида. Йилнинг иссиқ фаслларида соя-салқин боғнинг чеккароқ, осуда жойига сўри ўрнатаман. Уйда ўтириб зериккан кексалар чойхонага эмас,шу ерда ўтириб мутолаа қилишга келишади.

Кутубхона ташкил этиш қийин иш эмасмикан?

Нафақам ҳар ойлик сарф-харажатларимдан ортиб қолади. Ўша жамғарган пулимнинг 2 миллион 200 минг сўмига битта катта китоб жавони ясаттирдим. Чанг босган китобларимни набираларим артиб-суртиб жавонга жойлашди. Бундан бўлак ҳеч нарса қилмадим. Бунинг учун кишида ташаббус ва фидойилик бўлса бас экан.

Абдулла бобо табаррук ёшида маънавий-маърифий жараёнларда фаол иштирок этаётгани у кишидаги ғайрат ва шижоатдан далолат беради. Шундай инсонларнинг ҳам малакавий, ҳам ҳаётий тажрибалари, йўл-йўриқлари, насиҳатлари тезкор замон ёшлари тарбиясида жуда муҳим. Аслида кўпчиликнинг уйида шахсий китоб жавони бор. “Шахсий кутубхонамда фалонта китоб тўплаганман”, деб мақтаниш ўрнига, ушбу китоблардан ҳеч бўлмаганда маҳалла аҳлининг фойдаланишига рухсат берсак ҳам юртимизда мутолаа маданиятини янада юксалтиришга ўз ҳиссамизни қўшган бўламиз.

Инобат ЭРНАЗАРОВА тайёрлади

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1