1

ПРЕЗИДЕНТ ТАКЛИФ ЭТГАН ТУРК ЖУРНАЛИСТЛАРИ САМАРҚАНДУ БУХОРОГА САЁҲАТ ҚИЛИШДИ

ЖАМИЯТ 02.12.2017, 14:19
ПРЕЗИДЕНТ ТАКЛИФ ЭТГАН ТУРК ЖУРНАЛИСТЛАРИ САМАРҚАНДУ БУХОРОГА САЁҲАТ ҚИЛИШДИ

Аввал хабар қилинганидек, жорий йилнинг 28-30ноябрь кунлари Туркия Республикаси оммавий ахборот воситаларининг 21 нафар вакили мамлакатимизнинг Самарқанд ва Бухоро шаҳарларида бўлишди.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев октябрь ойида мазкур мамлакатга ташрифи асносида турк журналистларини юртимизга таклиф қилганди. Ана шу таклифга биноан Туркиянинг ATV TRT-WORLD, STAR, KANAL7,Yeni birlik, Aksam, Daily Sabah газеталари, Anadolu ajansi ахборот агентлигисингари бир оммавий ахборот воситалари вакиллари юртимизга “Ўзбекистон ҳаво йўллари” авиакомпаниясининг Истанбул-Самарқанд-Истанбул ҳаво қатнови орқали ташриф буюришди.

Мазкур ташриф жараёнида журналистлар ҳар икки қадим шаҳарнинг тарихий обидалари, диққатга сазовор жойлари, халқимизнинг маданияти ва урф-одатлари, мустақиллик йилларида юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар билан танишдилар. Журналистлар мазкур сафар туфайли Ўзбекистон ҳақида, унинг гўзал табиати, меҳмондўст одамлари қадимий ва навқирон шаҳарлари, бой тарихи ва маданияти ҳақида материаллар тайёрлаб, ўз ўқувчилари, тингловчилари ва томошабинларига етказа олиш имконига эга бўлишди.

Мазкур ташриф муносабати билан 30 ноябрь куни Самарқанд шаҳрида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авикомпанияси, Самарқанд вилоят ҳокимлиги, шунингдек бир қатор мутасадди идора ва ташкилотлар томонидан матбуот анжумани ўтказилди. Унда мазкур идора ва ташкилотлар раҳбарлари, сайёҳлик компаниялари, меҳмонхоналар вакиллари, маҳалий ва хорижий ОАВ ходимлари иштирок этди.

Тадбирда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов, Самарқанд вилояти ҳокими Туробжон Жўраев, Туркия Республикасининг Ўзбекистонаги элчихонаси масъул ходими Жесим Челеби ва бошқалар ҳар икки мамлакат ўртасидаги тарихий алоқалар бугунги кунда янги босқичга кўтарилгани, икки томонлама муносабатларни янада ривожлантириш истиқболлари хусусида сўз юритдилар.

– Ўзбекистон замини Ислом маданияти ва тараққиётига катта ҳисса қўшган азиз-авлиёлар, буюк мутафаккирлар Ватани, - дейди Самарқанд вилояти бош имом хатиби Зайниддин Эшонқулов. – Дунёнинг турли минтақаларида истиқомат қилувчи мусулмонлар юртимизга келиб, улуғ зотлар ётган қадамжоларни зиёрат қилишни исташади. Шу боис, бугунги кунда мамлакатимизда “зиёрат туризми”ни ривожлантириш борасида катта ишлар амалга ошириляпти. Бугунги ташриф давомида туркиялик қардошларимиз бир қанча тарихий обидаларимизни, ислом олами етук алломаларининг мақбараларин зиёрат қилишди. Келгусида юртимизга эзгу ният билан қадам босишни истаган зиёратчилар сони янада ортиши тарафдоримиз.

Туркиялик журналистлар ўз навбатида ўзбек ҳамкасблари билан учрашиб, уларниг иш фаолияти, услуби, мақсад ва интилишларига қизиқдилар. Келгусида ўзбек журналистлари билан ҳамкорлик ўрнатиш фикрини билдиришди.

–Мен Самарқанд ва Бухоро сингари шаҳарларни саёҳат қилиш асносида халқларимиз ўртасидаги муштарак жиҳатларни ўзим учун яна бир карра кашф этдим, - дейди TRT-WORLD телеканали ижрочи продюсери Мелда Доған Учунжу. – Зотан бу юртнинг тарихий обидалари нафақат ўзбек халқиннинг, балки бизнинг ҳам фахру ифтихоримиздир. Очиғи, ўзбекларнинг меҳмондўстлиги, самимйлиги, бағрикенглиги бизни ҳаяжонга солди. Қисқа фурсат ичида Ўзбекистонни ёқтириб қолдик. Бу сеҳрли ўлкага яна қайтиш, унинг бошқа шаҳарларини ҳам бориб кўриш истагидаман.

Тадбир асносида журналистлар ўзларини қизиқтирган бир қанча саволларга мутасадди раҳбарлардан жавоб олдилар. Учрашув ниҳоясида меҳмонларга ташкилотчиларнинг эсдалик совғалари топширилди. Шу куни туркиялик журналистлар Самарқанддан ўз юртларига учиб кетишди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1