1

ЮРТИМИЗДАГИ ЭНГ ҚАДИМИЙ УСТАХОНА

Рекорд 27.11.2017, 15:54
ЮРТИМИЗДАГИ ЭНГ ҚАДИМИЙ УСТАХОНА

Мамлакатимизда ҳунармандлар кўп. Улар орасида бир қанча авлодлар касбини давом эттириб келаётган устазодалар ҳам талайгина. Аммо бундан 250 йиллар аввал қурилган устахонада аждодлар чироғини ёқиб келаётган ҳунарманд биргина Андижон шаҳридаги “Жалолбек” маҳалласида яшайди, десак, муболаға бўлмас.

Мирза-Баҳром ака Абдуваҳобовнинг айтишича, Андижонда асрлар давомида шуҳрат топиб келган кулоллар сулоласининг 14 авлоди ҳисобланади. 66 ёшли ҳунарманднинг номини нафақат мамлакатимизда, балки хорижда ҳам яхши танишади. У яратган халқ амалий санъати намуналари хорижий давлатлардаги бир қатор кўргазмаларда намойиш этилган. Андижонга ташриф буюрган чет эллик сайёҳлар у ясаган бежирим кулолчилик маҳсулотларидан харид қилмасдан кетишмайди.

Унинг устахонасида нафақат ўзи ва шогирдлари, балки бошқа қўли гул ҳунармандлар, ҳатто чет эллик кулоллар меҳнати маҳсули бўлган қимматбаҳо идишларни кўрасиз.

Мирза-Баҳром аканинг устахонаси ўзи яшаб турган ҳовлининг рўпарасида – кўчанинг нариги бетида жойлашган. Устанинг айтишича, устахона жойлашган ҳовлида икки асрдан кўпроқ вақт мобайнида аждодлари яшаб, меҳнат қилиб келишган. Бу ҳудудда сулоланинг турли вакиллари пайтида қурилган учта устахона мавжуд. Уларнинг энг қадимгиси XVIII асрнинг иккинчи ярмида қурилган. Мирза-Баҳром ака бу устахонага ҳам тез-тез кириб боболари руҳини шод этиб туради. У кишининг айтишича, мазкур устахонага 1902 йилда юз берган Андижон зилзиласи пайтида жиддий шикаст етган ва кўп ўтмай, бобоси Юнус ота томонидан таъмирланган экан.

Устахонанинг қадимий пахса деворлари, кўҳна дастгоҳлари, ўзбек кулолчилигининг бетакрор намуналари — буларнинг бари Мирза-Баҳром аканинг аждодлар мероси, халқимизнинг бой маънавиятига бўлган беқиёс муҳаббатини кўрсатиб турибди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1