1

«ЎЗБЕКИСТОН ҲАВО ЙЎЛЛАРИ» ЙЎЛОВЧИЛАР УЧУН МЕНЮНИ ЎЗГАРТИРМОҚЧИ

ЖАМИЯТ 23.11.2017, 00:45
«ЎЗБЕКИСТОН ҲАВО ЙЎЛЛАРИ» ЙЎЛОВЧИЛАР УЧУН МЕНЮНИ ЎЗГАРТИРМОҚЧИ

«Ўзбекистон ҳаво йўллари» Миллий авиакомпаниясида ҳаво кемалари саҳнида тортиладиган янги таомларни ишлаб чиқиш юзасидан Тошкент шаҳридаги етакчи ресторанлар вакиллари билан ҳамкорликдаги ишлар давом этмоқда.

Caravan Group ресторанлари тармоғи томонидан тақдим этилган авиайўловчилар учун саҳн таомлари миқдори ва намуналарини такомиллаштириш концепцияси амалга оширилмоқда.

Бу сафар ўз ғояларини «Sal Sal» ресторани ва машҳур пазанда Баҳриддин Чустий тақдим қилган. «Sal Sal» ресторани томонидан таклиф этилаётган таомларнинг ўзига хос жиҳати Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидаги бой ошпазлик намуналаридаги турли-туманликни кўрсатишдан иборат. Сурхондарёча аччиқ-чучук, Қўқон кабоби ва ҳолваси, Қашқадарё услубида кўзада тайёрланган гўшт, Бухоро ширинликлари, Самарқанд қуруқ мевалари қўшилган ширин кулчалари, бухороча лўла-кабоб ва ҳ.к.

«Ўзбекистон ҳаво йўллари» вакилларига мамлакатимизнинг турли ҳудудларини «ифода этган» тўққиз хил турдаги кичик кулча нонлар айниқса маъқул бўлди.

«Sal Sal» ресторани бизнес-класс, иқтисодий класс, болалар овқати ва қисқа, икки соатгача давом этадиган қатновлардаги енгил тамадди учун ҳаммаси бўлиб учтадан вариант таклиф қилди. Пишлоқни ҳисобламаганда, ҳаммаси бўлиб 57 хил маҳсулот тури таклиф қилинди.

Миллий авиаташувчи мутахассислари Баҳриддин Чустий билан энди амалий мақсадларда: авиакомпания қатновларига жорий этиш учун саҳн овқатлари қоидаларига жавоб берадиган энг мақбул таомларни танлаб олиш учун мулоқотларни давом эттиради.

Маълумот ўрнида: «Ўзбекистон ҳаво йўллари» Миллий авиакомпанияси ҳар мавсумда таомлар турини янгилайди. Йўловчиларга уларнинг хоҳишига қараб бир неча турдаги таомлар тақдим этилади, хусусан, вегетариан, кошер, диетик ва бошқа хилдаги таомлар. Авиакомпаниянинг Кетринг корхонаси ишлаб чиқариш қувватлари бир кеча-кундузда 4000 комплект таом тайёрлаш имконини беради. Бу Тошкентдан учиб кетадиган, шунингдек транзит йўловчиларнинг эҳтиёжини қондиради. Таомларга бўлган буюртма «SITA RES» ва «SITA DCS» автоматлаштирилган тизимлари орқали қабул қилинади.

Таомлар таркибига шарқона таъмни ўзида акс эттирувчи мева, сабзавот ва кўкатлар албатта киритилади.

Энг узоқ давом этадиган қатновларда кучли овқатлар кўзда тутилади. Масалан Тошкентдан Нью-Йоркка тўғридан-тўғри 12 соатлик қатновларда йўловчиларга уч марта таом тортилади: нонушта, тушлик ва кечки овқат. Иссиқ овқатларга, улардаги маҳсулотларнинг мазаси ва фойдали хусусиятларини сақлаб қолиши учун «бир зумда музлатиш» усули билан ишлов берилади. Ва албатта, ҳар бир йўловчига доимо қуёшли юртимизда етиштирилган қуруқ мевалар ва ёнғоқлар тақдим этилади.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1