1

20, 30, 40, 50 ЁШ: ЭРКАКЛАР НИМАНИ ИСТАЙДИ?

СУҒДИЁНА 20.11.2017, 15:46
Теглар: Психология
20, 30, 40, 50 ЁШ: ЭРКАКЛАР НИМАНИ ИСТАЙДИ?

Йиллар давомида кўп нарсалар ўзгаради: ҳаётга қарашларимиз, орзулар, режалар, ўй-хаёлларимиз ва хатто, жуфтимиз билан муносабатимиз ҳам. Гоҳо уни тушунмай қоламиз... Ҳиссиётларимиз исён қилганида эса дилимиздаги тилимизга кўчади: «Сизни худди алмаштириб қўйишгандек, илгари бундай эмасдингиз». Хўш, нега шундай бўлади? Мутахассисимиз андролог-сексопатолог Дилмурод ЭРГАШЕВнинг фикрича, эркаклар характери шу жумладан нозик муносабатлардаги иштироки ҳам ёшга боғлиқ ўзгаришларда фарқ қилади. Айнан қандай кўринишда дейсизми? Мавзунинг давомини ўқинг, билиб оласиз.

20 ёш: «Яхши қиз, танишсак бўладими?»

Йигитларнинг айни қизиққон даври. Жинсий етилиш, гормонал ўзгаришлар ва характер шаклланиши бу ёшда жадал кечади. Єарама-қарши жинс вакилига эътибор кўрсатиш, мулозамат, туйғулар ифодаси, севги-муҳаббат – барчасидан бор! Ҳиссиётларга мойил йигитларнинг муҳаббат қасамёди, баланд-парвоз ваъдалар кўпинча тасаввур махсулидан ўзгаси эмас. Бу пайтда уларни ёқимли сўзлар, гўзал қизлар давраси кўпроқ қизиқтиради. Жиддий муносабатлар, ички кечинмалар эса ҳали у қадар муҳим эмас. Кўнгил қўйганингиз айни шу ёшда бўлса, ундан оила қуриш таклифини кутиш асоссиз. Чунки у бунга тайёрмас-да.

30 ёш: «Эҳтиросли йиллар...»

Оилали, эҳтимол бир-икки нафар фарзанднинг отаси бўлишга улгурган эркакнинг фикрлаши, ўн йил аввалгидек эмас. Нозик муносабатларда ҳам барқарорликни истайди. Эътибор, рағбат ва олқишлар унинг учун ҳар қачонгидан ҳам муҳим. Шунга яраша жуфтига муомала қилади. Бу ёшда эркакларнинг аксарияти фаол жинсий ҳаёт тарафдори бўлиб, бир хилликдан тез зерикишади.

Сиз нима қиласиз? Биринчи шарт: тилингизга эҳтиёт бўлинг! Эрингизнинг ташқи кўриниши, катталашиб бораётган қорнига имо қилиб, ўзига нисбатан ишончини туширманг. Ўттизга қадам қўяётган эркакларнинг кўпи тўлишади. Буни тўғри қабул қилинг. Иккинчи шарт: жуфтингиз улғайяпти, атрофидаги аёлларнинг ўзини тутиши, ташқи кўриниши, муомаласи ва ақл-идрокига бефарқ эмас. Мазкур талабларга жавоб бера оладиган аёлга айланинг.

35-40 ёш: «Мени тинч қўй, кайфиятим йўқ...»

Ўрта ёшдаги эркаклар руҳиятида кузатиладиган депрессия аломати. Рўзғор икир-чикирлари, сира адо бўлмайдиган болаларнинг кам-кўсти, ука-сингиллар ташвиши, ишдаги муаммолар, кўчадаги улфатлар – хуллас барчаси жам бўлиб, эркак асабини эговлайди. Жиззаки, қўрс ва ҳар нарсадан норози бўлиши эса ётоққача кириши мумкин. Бу пайтга келиб, яқинлик масаласи иккинчи ўринга ўтиб қолса, жуфтингиздан шубҳаланишга шошилманг. Яхшиси, кўнглига йўл топинг.

30-35 ёшда айрим аёлларнинг жуфтига нисбатан эҳтирослари орта бошлайди. Аслида, бу нормал ҳолат. Туғруқдан сўнг организм ўзгарган ва эндиликда нозик муносабатларни ҳар қачонгидан ҳам яхши тушунасиз. Аммо умр йўлдошингизнинг шашти пастроқ. Кундалик муаммолар, психологик ўзгаришлар бир бўлиб, шахсий ҳудудингиздан узоқлаштираяпти. Нима қиласиз?

Кўз очиб кўрган ёри, фарзандларининг онаси, намунали бека – бу лавозим умрбод сизники. Рўйхатни кенгайтиринг-да, яхши суҳбатдош, доно маслаҳатгўй, ҳамиша ўзига оро бера олган дидли аёл бўлинг.

Нозик муносабатларга янгилик олиб киринг. Бу ёшда эркакни бир хиллик чарчатади. Туйғуларингизни билдириб туринг: «Сиз менга кераксиз» дея. Токи жуфтингиз ҳали ҳам уни севишингиз, ардоқлашингизни билсин.

45-55 ёш: «Соғлигим панд бераяпти...»

Эркакнинг жинсий яқинликка хоҳиши бор, аммо жисмоний ҳолати баъзан имкониятини чеклайди. Ёшга доир ўзгаришлар, ҳамроҳ касалликлар яқинлик масаласига ҳам таъсир кўрсатмай қолмайди. Тани соғ, жисмонан тетик эркаклар бундан истисно. Улар учун жинсий ҳаёт аввалгидек қизиқарли.

Бу даврда жуфтингиз учун маънан кўмак беришингиз муҳим саналади. Балки шифокор кўриги, қувватлантирувчи витаминлар, спорт машқлари зарур бўлар. Умр йўлдошингиз ётоқдаги муаммолар сабаб асабий бўлиб қолиши мумкин. Имкон қадар уни тушунишга ва ўзига нисбатан ишончини оширишга ҳаракат қилинг. «Шу ёшда ким қўйибди» дейсизми? Эркак ҳар қайси ёшда ҳам ўзини исталган, соғинган ва қадрли кўришни хоҳлайди, унутманг-а.

Айрим аёллар каби ётоғингизни алоҳида қилиш фикрини эса бутунлай четлаб ўтинг. Єайтанга ёшингиз улғайгани сари жуфтингиз билан бир-бирингизга янада эътиборли ва куйинчак бўлиб борасиз. Фарзандлар ташвиши билан яшаганингиз етар. Энди ўзингиз учун ҳаёт кечиринг.

Ҳар қайси ёшда ҳам эркак учун асосийси эътибор, чиройли муомала ва рағбат! Мана шу уч омилни маҳкам тутинг, аттанг қилмайсиз.

МАРЖОНА тайёрлади.

Манба: «Sug'diyona» газетаси


Шарҳлар

БОЛАНИ ОЗОДАЛИККА ЎРГАТАМИЗ

21.12.2017, 18:34

Қани энди болангиз сизни ҳеч жавратмай ўзи юз-қўлини, тишларини ювса, ётган ўрнини йиғиштирса... Бу аксар ота-оналар учун бир орзудек. Аслида, болани озодаликка ўргатиш қийин иш...
АРАЗЧИ БОЛАНИ ҚАНДАЙ ТАРБИЯЛАШ КЕРАК?

21.12.2017, 18:21

— 10 ёшли қизим жуда аразчи. Сал гапга йиғлайди, хафа бўлади, овқат емай қўяди. Уни кўп эркалатишга ҳам қўрқаман. Қандай муносабатда бўлишга ҳайронман… Саида, Зангиота...
БОЛАГА НИМА СОВҒА ҚИЛИШ МУМКИН?

21.12.2017, 18:16

Жиянлар, дугоналарнинг, қўшнилар ва танишларнинг фарзандларига совға танлаётиб, чалкашиб кетмаслик учун болаларнинг ёшини инобатга олинг. Масалан: 1-2 ёшли болакайлар қўғирчоқлар, юмшоқ ўйинчоқлар, кубиклар, суратли китоблар,...
ЯНГИ ЙИЛНИ НИШОНЛАШ СЦЕНАРИЙСИ

21.12.2017, 18:16

Янги йил — нафақат болалар, ҳатто катталар ҳам ниятлари ижобат бўлишига ишонадиган эртакмонанд байрам. Лекин у айниқса болажонларга катта қувонч улашади. Ахир бу кунда улар...
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1