ЗАЪФАРОННИНГ БИРИНЧИ ҲОСИЛИ ТЕРИБ ОЛИНМОҚДА

ИҚТИСОДИЁТ 18.11.2017, 12:18
ЗАЪФАРОННИНГ БИРИНЧИ ҲОСИЛИ ТЕРИБ ОЛИНМОҚДА

Заъфарон – шифобахш ўсимлик. Халқ табобатида у ўнлаб хасталикларни даволашда ишлатилади. Буюк аждодимиз Абу Али ибн Синонинг ёзишича, заъфарон рангни чиройли, кўзни равшан, юракни бақувват қилади, нафас йўллари соғлом бўлишида муҳим аҳамият касб этади.

Бугунги кунда заъфарон Эрон, Туркия, Озарбайжон, Россия, Хитой, Ҳиндистон, Австралия каби ўн бешдан ортиқ мамлакатда етиштирилади. Президентимиз ташаббуси билан энди уни юртимизда ҳам етиштириш бошланди.

Давлатимиз раҳбари жорий йил 24-25 февраль кунлари Қашқадарё вилоятига ташрифи давомида иқтисодиётимиз барқарорлигини таъминлашга қаратилган истиқболли лойиҳалар қаторида доривор ўсимликлар етиштириш, жумладан, заъфарон (шафран) плантацияларини ташкил этиш лойиҳаси билан ҳам танишган эди.

Президентимиз заъфарон плантацияларини ташкил этиш маҳаллий фармацевтика саноати учун хомашё манбаини яратишда муҳим аҳамият касб этиши, мазкур ўсимликни етиштириш, келажакда уни кўпайтириш бўйича марказ фаолиятини йўлга қўйиш мақсадга мувофиқ эканини қайд этди. Марказда доривор ва озиқ-овқат ўсимликлари турини танлаш, илмий-тадқиқотларни йўлга қўйиш, ёш кадрларни соҳага йўналтириш, пировардида илғор хорижий тажрибаларни ўрганиш ва экспортни ташкил этиш бўйича топшириқлар берилди.

Ана шу кўрсатма ва топшириқларга асосан жорий йилнинг 27 март куни Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, “Агробанк” акциядорлик тижорат банки, “Ўзбекозиқовқатхолдинг” компанияси ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги муассислигида заъфарон ва бошқа турдаги доривор ўсимликлар бўйича илмий-тадқиқот ишлари олиб бориш, кўпайтириш ва етиштиришга ихтисослаштирилган "Шафран" илмий-тадқиқот маркази ташкил этилди. Ҳозир бу марказда доривор ўсимликларни танлаш, улар устида илмий-тадқиқот олиб бориш, илғор хорижий тажрибаларни ўрганиш ва экспортни ташкил этиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси "Brand Investment Group" масъулияти чекланган жамияти билан ҳамкорликда Голландиянинг "Mts Schipper Elberse" компаниясидан шафран тугунак пиёзлари харид қилиниб, жорий йилнинг август ойида Андижон, Қашқадарё ва Тошкент вилоятларида ташкил этилган плантациялар айни пайтда гулга кирди. Шу кунларда унинг гулларини териш ишлари авжида.

Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманида ҳам ушбу шифобахш ўсимлик етиштирилмоқда. 21 гектар майдондаги плантацияда етиштирилган ўсимлик ҳосилини териб олиш ишларига 50 дан ортиқ ишчи жалб қилинган.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1