1

15 ТА FИШТНИ БИР ЗАРБДА БОШИ БИЛАН СИНДИРГАН АЗАМАТ

Рекорд 17.11.2017, 15:57
15 ТА FИШТНИ БИР  ЗАРБДА БОШИ БИЛАН СИНДИРГАН АЗАМАТ

Қашқадарёлик ҳамюртимизнинг бу борадаги­ сирлари билан таништирамиз...

Азамат БЕРДИЕВ, Қашқадарё вилоят ҳаваскор ва профессионал кикбоксинг Ассоциацияси раиси:

— Мен 1988 йилдан бери каратэ шотакан, каратэ киакушинкай билан шуғулланиб келяпман. Оддий шогирдликдан шу даражага эришдим. Республикадаги ҳар бир мусобақада Қашқадарё номидан қатнашаман. Айниқса, “тамашивари” йўналиши бўйича. Тамашивари йўналиши бўйича Хитой, Японияда дастлабки ютуқларга эришилган. Кимдир бош билан бутилка ё ғишт синдиради, кимдир тиши билан поездни, яна бошқа биров сочида машинани тортади, иккита туяни кўтарадиганлар бор ва ҳоказо. Бунда қобилиятни кўрсатиш чегараланмаган. Биламизки, японияликлар каратэ спорт тури билан шуғулланиши учун ката, кумито каби синовлардан ўтиши керак. Агар каратэ билан шуғулланувчи талабгор шу икки имтиҳондан ўтолмай, тамашивари йўналиши синовидан муваффақиятли ўтса, бали юқори бўлиб имтиҳондан ўтган ҳисобланади.

— Хўш, сиз танлаган спорт машқи учун инсондан ни­малар талаб этилади? Ҳамманинг ҳам қўли бундай оғир синовга бардош бера олмаслиги аниқ...

— Қўлни чиниқтиришнинг ҳар хил йўли бор. Бунинг учун дастлаб тахта ва деворда машқ қилинади. Дарахтга 30 тагача газета бир тахлам қилиб илинади. Шарти бир зарбда тахлам дарз кетиши керак. Бир зарб кучига эришиш учун эса бир кунда 3000 мартагача такрорлаш лозим. Бундан ташқари, қўрқмаслик ва ҳаракат ҳамда руҳан ўзига ишонч талаб этилади.

— Сиз неча ёшдан буён шуғулланасиз? Шу спорт машқига қўлингизни чиниқтириш учун қандай қийинчиликларни енгишга мажбур бўлгансиз?

— 15-16 ёшдан бери шуғулланиб келаман. Қўлимдаги оғриқ импульслари ва сезувчанликни камайтириш учун оловга қум солинган қозонни қўйиб, зарб уриш машқини бажарардим. Бунда қўлдаги асаб тизими анча мослашади. Яна бири машина резинаси ичига қум, шағал тўлдириб машқ қилиш. Қўл билан зарб берилганда машина резинаси ёрилиши керак. Бугунги кунда эса 12, 20, 30 тагача мармар тошни бир зарб билан уриб синдира оламан. Биринчи марта уринганимда бешта мармар тошдан бошлаганман.

— Қандай мусобақаларда иштирок этгансиз? Бу спорт машқи билан рекорд натижани қайд этишга уринганмисиз?

— 2015 йил февраль ойида “Ўзбекистон рекордлари” мусобақасига қатнашдим ва 3-ўринни эгалладим. Кейин декабрь ойида қайта иштирок этиб финалга чиққанман. Йилнинг энг кучли, матонатли, тезкор номли номинациялари бўйича ғолиб бўлганман. Шу йил октябрь ойида бўлиб ўтган “Ўзбекистон рекорди” (Тошкент шаҳри)да мусобақасида иштирок этиб, шогирдларим билан кикбоксинг трюкларини намойиш­ этдик. Ўзим 15 та ғиштни бошим билан синдирдим. Шогирдларим оёқ билан синдиришди. Энди “Ўзбекистон рекордчиси” номига муносиб бўлишга интиляпман.

— Муваффақиятларингиз сири нимада?

— Очиғини айтсам, муваффақият сирим ё алоҳида овқатланиш тартибим йўқ. Инсон мунтазам қўй гўштини ёки 100 та тухумни истеъмол қилгани билан ўзида ҳаракат бўлмаса бирор натижага эришиши қийин. Бирор спорт тури киши организмига салбий таъсир қилмаса, у ҳамма нарсага қодир. Қўлим синди, суяги ёрилди, дейиш баҳона бўлолмайди. Лекин тамашиварини фақат мутахассис мураббий маслаҳати ва кузатувида ўрганиш мумкин. Машқлар босқичма-босқич олиб борилади. Албатта, 5-6 йил вақт кетади.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1