1

“​БИЗНИНГ ҲУДУДГА ҲАМ ТОЗА ИЧИМЛИК СУВИ НАСИБ ҚИЛАРМИКИН?”

ЭРКИН МИНБАР 26.10.2017, 15:37
“​БИЗНИНГ ҲУДУДГА ҲАМ ТОЗА ИЧИМЛИК СУВИ НАСИБ ҚИЛАРМИКИН?”

Қашқадарё вилояти ҳокимлиги "Ўзбекистон" қишлоқ фуқаролар йиғини аҳолисини ичимлик суви билан таъминлаш бўйича қандай чора-тадбирлар кўряпти?

“Қишлоғимизга 26 километр узоқликдаги “Оқбош” тоғидан ичимлик суви келтирилган эди. Бу тоза ичимлик сувдан овул аҳли 4-5 йил роҳатланиб ичди. Кейинчалик бу ширкат хусусий корхона томонидан сотиб олиб МЧЖга айлантирилди-ю, қувурлар бузилиб, трубалар сотилиб, пули чўнтакка урилди. Ҳозир тоза сувни сотиб олиб ичаяпмиз. Арзимизга туман ҳокими “ Тоза ичимлик билан таъминлашни 2018 йилги дастурга киритганмиз, насиб қилса ичарсизлар”, деб жавоб беради...”

Деҳқонобод тумани, "Ўзбекистон" қишлоқ фуқаролар йиғини, "Етимқудудқ" қишлоғида яшовчи Ч.Бозоровнинг ичимлик суви таъминотидаги муаммолар ҳақида ёзган мурожаатига Қашқадарё вилояти ҳокими ўринбосари М.Эшбабаев қуйидагича ойдинлик киритди:

—"Ўзбекистон" қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудидаги аҳолига ичимлик суви "Тошбулоқ-Етимқудуқ" сув тармоғи орқали етказиб берилади. Мазкур тармоқ собиқ "Оқработ" ширкат хўжалиги томонидан қурилган бўлиб, ушбу тармоқлар 2001 йилда ширкат хўжалигидан "Раҳмон бобо" хусусий кичик корхонаси томонидан сотиб олинган.

"Тошбулоқ-Етимқудуқ" ичимлик сув тармоғининг "Етимқудуқ" ва "Қуруқдаҳна" қишлоқлари ўртасидаги қисмига маҳаллий аҳоли томонидан ўзбошимчалик билан жумраклар ўрнатилиб, сувни табиий йўқолиши кўп бўлганлиги сабабли ичимлик суви таъминотида узилишлар бўлган.

Юқоридагиларни инобатга олиб ҳамда ичимлик суви таъминотини янада яхшилаш мақсадида ушбу сув қувурни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 30 октябрдаги "Сув таъминоти ва канализация ташкилотларини ривожлантиришнинг асосий йўналишларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 306-сонли қарори талаблари асосида хатловдан ўтказилиб туман "Сувоқова" филиали балансига олиш бўйича ишлар олиб борилмокда.

Шунингдек, ҳозирги кунда туман аҳолиси кўпайганлиги ҳисобига ичимлик сувига бўлган талаб ортган, шу сабабли ичимлик суви таъминотини янада яхшилаш мақсадида "Тошбулоқ-Етимқудуқ" ичимлик сув қувурини 2018 йилги инвестия дастурига киритилиб реконструкция қилиш режалаштирилган.

Бундан тащқари, "Қарши минтақавий темир йўл узели" шўъба корхонасига қарашли махсус сув ташиш автоуловлари орқали тоза ичимлик суви арзон нархларда (1 литр 10 сўм) белгиланган график асосида етказиб берилмокда.

МУРОЖААТ ИЖРОСИНИ ДЕПУТАТ ЎЗ НАЗОРАТИГА ОЛДИ

—Мазкур марожаатнинг ижроси 122-сайлов округидан сайланган депутат сифатида назоратимда туради, — дейди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутати К.Карамова — Фуқаро Ч.Бозоровнинг Деҳқонобод туманидаги "Етимқудуқ" қишлоғидаги ичимлик суви муаммоси ҳақидаги мурожаати атрофлича ўрганилди. Аризада қайд этилган масалаларга кўра, ҳал этиш учун Деҳқонобод тумани ҳокимлигига юборилди. Шунингдек, туман ҳокимининг ўринбосари С.А.Самадов билан телефон орқали мулоқотда мазкур масаланинг ечими 2018 йилда ҳал бўлиши маълум қилинди. Туман ҳокимининг ўринбосари С.А.Самадовнинг таъкидлашича, "Етимқудуқ" қишлоғини ичимлик суви билан таъминлаш масаласи туманнинг 2018 йилдаги ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш махаллий дастурига киритилади. Айни пайтда мазкур мурожаатнинг ижроси 122-сайлов округидан сайланган депутат сифатида назоратимда туради.



Изоҳ: мурожаатлар ва уларга жавобан тақдим этилган маълумотлар мазмуни сақланган ҳолда қисқартириб олинди.

P.S: Агар сиз ҳам ҳудудингизда ечимини кутаётган масалалар эътибордан четда қолишини истамасангиз, яшаш манзилингиз, исм-фамилиянгизни тўлиқ ёзиб, admin@darakchi.uz электрон манзилга йўлланг.



Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1