1

ИРИ-СИРИМЛАРГА ИШОНАСИЗМИ?

СУҒДИЁНА 23.08.2017, 12:42
ИРИ-СИРИМЛАРГА ИШОНАСИЗМИ?

Маълум қарорни қабул қилишимизда турли хил омиллар таъсир кўрсатмай қолмайди. Атрофдагиларнинг фикри, вазият, шароит ва яна турли хил ирим-сиримлар... Мунажжимлар башоратига ишониб, белгиланган ишни тўхтатиб қўямиз... Ерга тушиб кетиб синадиган кўзмунчоқдан паноҳ излаймиз... Бу ҳатти-ҳаракатларнинг замирида нималар ётибди? Билишни истайсизми? Сизга ҳавола этилаётган тестни ишлаб кўриб, аниқлаш имконингиз мавжуд. Саволларга жавоб берар экансиз, қалам билан танлаган ҳарфларингизни ёзиб боришни унутманг!

1. Қуйидаги эртак қаҳрамонлардан қай бирининг феъл-атвори сизникига ўхшаш деб ҳисоблайсиз?

А) Малика Будур

Б) Зумрад

В) Қор маликаси

2. Аниқ далил-исботи бўлмаган гап-сўзларга ишонасизми?

А) Одамлар ўз-ўзидан бирор гап гапирмайди! Ниманидир биладики, сўзлайди!

Б) Суҳбатдошнинг кимлиги ва вазиятнинг қандайлигига қараб, хулоса чиқараман!

В) Йўқ, фақатгина кўз билан кўриб, қўлим билан ушламагунимгача ишонмайман.

3. Айтайлик, муҳим учрашувга шошиб кетяпсиз. Йўлингиздан мушук ўтиб кетди, шунда сиз...

А) Кайфиятим бузилади, энди кун бўйи барча ишларим чаппасига кетадиган бўлди.

Б) Ҳар эҳтимолга қарши етти қадам орқага юриб (худди бирор нарсасини йўқотган кишига ўхшаб), яна йўлимда давом этаман.

В) Эътибор ҳам бермайман!

4. Ўзингизни омадли инсон деб ўйлайсизми?

А) «Омадлиман» деб айтолмайман, аммо омадни чўчитиб юбормаслик учун қўлимдан келган барча ишни қиламан!

Б) Ҳаёт бир текисда кетмайди. Гоҳ омад кулиб боқса, гоҳ бешафқатлик қилади.

В) Омад мавҳум тушунча. Барчаси саъй ҳаракатларингизга боғлиқ!

5. Сизнинг омад калитингиз нимада?

А) Маълум бир рангдаги либосни кийсам, ишларим яхши кечишига эътибор берганман. Муҳим саналарда айнан ўша рангдаги кўйлакни кияман.

Б) Кўпчилик каби етти рақами омад келтиришига ишонаман.

В) Билимим ва тиришқоқлигимда!

6. Қандайдир услубдаги либос урф бўлди, дейлик. Уни аксарият инсонлар кийишни маъқул кўрди. Сиз ҳам улар каби йўл тутасизми?

А) Кўпчилик танлабдими, демак, яхши нарса бўлади-да!

Б) Услубим ва дидимга мос келса, нега энди киймаслигим керак?

В) Инсон бошқаларга қараб яшамаслиги лозим!

7. Ҳаётингизда янги бир ҳодиса рўй бериш арафасида. Масалан, янги ишга кирдингиз... Илк ҳаракатингиз қандай бўлади?

А) Иш жойим ёки уйимга «назар» дан ҳимоялайдиган катта кўзмунчоқ сотиб оламан.

Б) Ҳамкасбларга ёқиш учун, уларга тақлид қиламан.

В) Ўз салоҳиятимни ишга соламан.

Жавобларни ҳисоблаймиз!

«А» ҳарфи кўп бўлса...

Сизни «ашаддий иримчи» деб бемалол аташ мумкин! Ҳаётингизда бирор омадсизлик рўй берса, айбдорни аввало атрофдан қидира бошлайсиз. Қора мушук, нотўғри танланган либос, хуллас, «гуноҳкор»лар рўйхатида барча бўлади, аммо фақат сиз эмас! Ҳаёт сизники, унга ола мушукнинг асло даҳли йўқ! Ўзингизга бўлган ишончни оширинг! Ўз устингизда ишланг!

«Б» ҳарфи кўп бўлса...

Сиз «на иссиқ, на совуққа кўнадиган»лар тоифасига кирасиз. Ўз фикрингизда собит туролмайсиз, уни ҳимоя қилишга ўзингизда куч тополмайсиз. Шу сабабли оқим бўйлаб «сузиб» кетаверасиз, яъни иримларга бўйсунаверасиз. Кўпчилик қилган иш ҳар доим ҳам тўғри бўлавермайди. Қарор қабул қилиш маъсулиятини ўзингизга олинг.

«В» ҳарфи кўп бўлса...

Сиз скептик (ғайритабиий ҳодисаларга ишонмайдиган)лар тоифасига кирасиз. Барча воқеаларга реал назар билан боқасиз. Иримларни эса болаликда эшитган чўпчакларга қиёслайсиз. Иримчиларнинг устидан кулишни бас қилинг. Ҳар ким ўзи истаган ҳақиқатга ишонишга ҳақли.

Дилноза МИРТОЛИПОВА тайёрлади.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1