1

НЕГА ЭРКАКЛАР БЕЭЪТИБОР? Ё ҲОЗИРГИ АЁЛЛАР ОРТИҚЧА ЭЪТИБОРТАЛАБМИ?

СУҒДИЁНА 23.08.2017, 10:58
НЕГА ЭРКАКЛАР БЕЭЪТИБОР? Ё ҲОЗИРГИ АЁЛЛАР ОРТИҚЧА ЭЪТИБОРТАЛАБМИ?

Кўпинча аёллар эрларининг эътиборсизлигидан нолийдилар. «Бу уйда мен ҳеч кимман, эримнинг бор-йўқлигим билан иши ҳам йўқ, болаларига ҳам қарамайди», деган нолишларни эшитамиз. Нега улар беэътибор? Ё ҳозирги аёллар ортиқча эътиборталабми? Бундай вазиятда қандай йўл тутиш керак?

Шу ҳам муаммоми?

Замонамиз аёллари жуда инжиқ бўлиб кетишган. Буларга эрларининг кун бўйи ишлаб, пул топиб келиши (ахир, ким учун ишлаяпти?), уйим-жойим дейиши, бировга кўз тикмай, фақат хотиним, болам-чақам, деб куйиб-ёниши кам. Йўқ, энди аёлларимиз эрларидан эътиборнинг ўзини эмас, унинг изҳорини, атрибутларини кутадиган бўлиб қолишган. Севадими, айтсин. Эътиборлими, совғалар берсин, кунда ўн мартадан қўнғироқ қилсин, шундайми? Қачондан бери муҳаббат сўзлар билан, эътибор совға билан ўлчанадиган бўлиб қолди? Ошириб юбормаяпсизми? Ношукурлик қилмаяпсизми? Балки эрингизнинг кечқурун бошқа аёлнинг ёнига эмас, сизнинг олдингизга келаётгани, сочингизни кесишингизга ёки онангизникида ётиб қолишга рухсат бермаётгани муҳаббатдир? Дастурхонингиз тўкис, устингиз бут бўлиши учун куйиб-пишаётгани эътибор эмасми? Муаммо уни бор деб тан олсангиз, муаммога айланади. Бошқаларнинг ҳаёти билан ўзингизникини солиштираверсангиз, табиийки, турмуш ўртоғингиз меҳр-муҳаббатсиз, эътиборсиз туюлаверади. Шукр қилиб, яхши гапириб юраверсангиз-чи? Ҳаммаси яхши бўлади, ишонинг.

Эътибор сўралмайди, қозонилади

Ҳа, айнан шундай. Агар чиндан ҳам эрим менга ўта эътиборсиз, деб вазиятни ўзгартиришни истасангиз, тафтишни ўзингиздан бошланг. Сиз жуфтингиз учун аҳамиятли бўлсангизгина, у сизга эътибор беради. Бунинг учун «бер, бер» деб турмуш ўртоғингиздан эътибор тиланиб ўтирмай, ўз устингизда ишланг. Эшитишларини истаяпсизми, гапиринг. Фақат қандай гапиришни билинг. Қизиқ суҳбатдош бўлиш ҳам бир санъат. Бунинг учун мунтазам маънавий ўсишда бўлишингиз керак. Китоб ўқинг, қизиқ фильм кўринг, курсларга қатнанг. Хуллас, эътибор кутишдан бошқа машғулотлар топинг ўзингизга. Сиз қизиқ бўлинг, нега эътибор бермас экан? Шундоғам маҳлиё бўлиб, дилбар, ширинсухан, билимдон хотинидан кўзини узолмай қолсинки...

Дардингизни ичингизга ютманг

Кўпинча эркаклар ўзларининг беэътиборликларини сезмайдилар ҳам. Мен рисоладагидек муомала қилаяпман, деб юраверадилар. Умуман, муносабатлар устида бош қотиришга уларда вақт ҳам, хоҳиш ҳам йўқ. Бу аёлларга хос хусусият. Демак, ташаббусни қўлингизга олинг. Эрингиздан нима истаётганингизни чиройли қилиб унга айтинг. Бу аламингизни ичингизга ютиб, заҳар босиб, атрофдагиларнинг ҳаётини ҳам заҳарлагандан минг марта яхши. Бирор санани ёдда тутмайдими? Бу унинг эътиборсизлиги эмас, шунчаки бир хусусияти. Яхши ҳам, ёмон ҳам эмас, шунчаки бир хусусият. Кўп эракаклар шунақа. Демак, ўша кутилган кун ҳақида ўзингиз гап бошланг. Масалан, туғилган кунингиз яқинлашаётганда «росса иссиқ (совуқ, серёғин...) кунда туғилганман-да ўзиям» деб бир ишора қилинг. Баъзи ишорани ҳам тушунмайдиган эрларга очиқдан-очиқ «Туғилган куним яқинлашяпти, дадаси, ҳаракатингиз борми?» деб сўрасангиз ҳам бўлади. Ҳаққингиз бор, унинг учун кўп нарсалардан воз кечаётган жуфти ҳалолисиз. Ҳар ҳолда, кейин туғилган кунимни эсламади, деб нолиб юргандан шуниси тузукроқ.

Хуллас, турмуш ўртоғингиз бу ҳаётда фақат сизни ўйлаш учун яшаб юргани йўқ. Эътибори керакми? Эътиборга сазовор бўлинг. Ахир аёлсиз, қўлингизда қанча қуролу имкониятингиз бор. Ўзингизни яхши кўрсангиз, ўзингизга тўғри баҳо берсангиз, эрингизнинг эътиборидан қатъи назар, сиз энг яхши аёл, энг гўзал ёр, энг ибратли уй бекаси эканингизни билсангиз кифоя. Эътибор ўз-ўзидан ёғилаверади.

ШАҲИНА

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1