1

"ОЗОД ЮРТ ТЎЛҚИНЛАРИ" X АНЪАНАВИЙ МЕДИА ФЕСТИВАЛИ ҒОЛИБЛАРИ АНИҚЛАНДИ

ЖАМИЯТ 23.08.2017, 10:25
"ОЗОД ЮРТ ТЎЛҚИНЛАРИ" X АНЪАНАВИЙ МЕДИА ФЕСТИВАЛИ ҒОЛИБЛАРИ АНИҚЛАНДИ

Пойтахтдаги "City Palace" меҳмонхонасининг анжуманлар зали хушманзара кўриниш касб этди. Турфа чироқлар ёғдуси, байрамона безаклар, соҳир куй-қўшиқлар садоси дилларга ҳузур, кўтаринки кайфият бағишлади, деб хабар беради ЎзА.

Бу ерда Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси томонидан Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги, Журналистлар ижодий уюшмаси, "Тараққиёт стратегияси" маркази билан ҳамкорликда ташкил этилган «Озод юрт тўлқинлари» X анъанавий медиа фестивали бўлиб ўтди.


Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги бош директори Л.Тангриев, Журналистлар ижодий уюшмаси раиси С.Ҳакимов, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши раиси ўринбосари К.Бекназаров, "Тараққиёт стратегияси" маркази ижрочи директори А.Бурҳонов, Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси раиси Ф.Абдухолиқов ва бошқалар Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан ижод аҳлига кўрсатилаётган алоҳида ғамхўрлик ва юксак эътибор мамлакатимиз оммавий ахборот воситалари ходимларини янгидан-янги юксак марралар сари чорлаётгани, ижодий баркамолликка ундаётганини таъкидлади. Бу жиҳатлар «Озод юрт тўлқинлари» фестивали иштирокчилари – нодавлат телерадиоканаллари фаолиятида ҳам яққол намоён бўлмоқда.

Ватанимиз мустақиллигининг 26 йиллигига бағишланган мазкур фестиваль Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси молиявий кўмагида ҳар йили анъанавий ташкил этиб келинади. «Озод юрт тўлқинлари» фестивалига жорий йилда 350 га яқин ижодий иш келиб тушди.

Ижодий ишлар «Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!» деган бош ғояни ўзида мужассам этган энг яхши телерадиолойиҳа», «2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалар ижросини энг фаол ёритган телерадиостанция», «Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш жараёнларини ёритишга бағишланган энг яхши телерадиодастур», «Аҳоли, хусусан, ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш ҳамда коррупцияга қарши курашни тарғиб қилишга қаратилган энг яхши телерадиомаҳсулот» ва «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолияти самарадорлигини ошириш ҳамда мамлакатда миллатлараро тотувликни таъминлашга қаратилган энг яхши дастур» номинациялари бўйича баҳоланди.

Танловда "Истиқлол" телерадиостудияси, "Наврўз" радиостанцияси, "Mening yurtim", "Muloqot TV", "Samarqand TV" телеканаллари ғолиб бўлди ва «Озод юрт тўлқинлари» фестивали статуэткаси, диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

"Зўр ҳаяжондаман. Юртимизда амалга оширилаётган эзгу ислоҳотларни ёритишдаги ҳаракатларимиз юқори баҳоланиб, танлов ғолиби бўлиш бизга янада куч-ғайрат бағишлайди, – дейди "Наврўз" радиоси бошловчиси Юлдузхон Олимова. – Президентимиз томонидан ижодкорларга, жумладан, журналистларга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликдан барчамиз бирдек мамнунмиз. Албатта, бу мукофот бизни янги марраларга чорлайди, масъулиятимизни чандон оширади".

Жорий йилда мамлакатимиз нодавлат оммавий ахборот воситалари сафига "Milliy TV", "Zo‘r TV", "Caravan TV" ҳамда "Futbol TV" телеканаллари қўшилди. Фестиваль ҳакамлар ҳайъати таклифига биноан мазкур телеканаллар "Йил кашфиёти" рағбатлантирувчи мукофоти билан тақдирланди.

Ватанимиз мустақиллигининг 26 йиллик байрами арафасида халқимиз кўтаринки кайфият билан яшамоқда, осойишта ва файзли юртимизда эзгу ислоҳотлар амалга ошмоқда, шунга монанд ижодкорларимиз ҳам фаол меҳнат қилмоқда. «Озод юрт тўлқинлари» X фестивали ана шу қутлуғ тантанага ҳамоҳанг руҳда ўтди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1