1

ИККИНЧИ ЖАҲОН УРУШИ ҚАТНАШЧИЛАРИ МУБОРАК САФАРГА ЖЎНАБ КЕТДИЛАР

ЖАМИЯТ 22.08.2017, 15:41
 ИККИНЧИ ЖАҲОН УРУШИ ҚАТНАШЧИЛАРИ МУБОРАК САФАРГА ЖЎНАБ КЕТДИЛАР

Жорий йилнинг 22 август куни ўзбекистонлик зиёратчиларнинг 430 нафардан иборат сўнги гуруҳлари иккита рейсда Тошкент-Мадина ва Наманган-Мадина йўналиши бўйича Саудия Арабистони Подшоҳлигига кузатилди. Бу ҳақда Дин ишлари бўйича қўмита ахборот хизмати хабар берди.

Қувонарлиси, зиёратчилар қаторида 72 нафар Иккинчи жахон уруши қатнашчилари ва уларга ҳамроҳлик қилувчилар ҳам ҳаж сафарига жўнатилди. Фахрийларни кузатиш ишлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда “Нуроний” жамғармаси масъул ходимлари билан ҳамкорликда уюшқоқлик билан амалга оширилди.

Фахрийларимиз Тошкент шаҳрида жойлашган “Минор” масжидида тўпландилар. Уларга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан махсус аравачалар совға қилинди. Фахрийларимиз Тошкент ва Наманган халқаро аэропортларидан тўғридан-тўғри Мадина шаҳрига кузатилди.

Кузатиш жойи ва аэропортда бўлажак ҳожиларимизга барча қулайликлар яратилди, жумладан, зиёратчиларимиз учун иссиқ чой, енгил таом ва сархил мевалар билан сийланди. Муқаддас сафарга чиқаётган ватандошларимиз яратилган шароитлардан миннатдор эканликларини изҳор этиб, Муҳтарам юртбошимиз ва ҳукуматимиз ҳаққига дуолар қилдилар.

Зиёратчиларимиз Мадина шаҳрига Тошкент вақти билан соат 13.00 қўнадилар. Республика ишчи гуруҳи томонидан Мадина шаҳри аэропорти ва “Жавҳарат ар-Рошид” меҳмонхонасида юртдошларимиз учун барча қулай шароитлар тайёрлаб қўйилган.

Яратилган шароитлардан кўнгли кўтарилган уруш фахрийларимиз хусусан, Тошкент вилояти Оққўрғон туманидан Нурматов Файзулло бобо ўз дил изҳорларини билдирди:

“Мана бугун ҳаж ибодатини адо этиш учун йўл олмоқдамиз. Бизга яратиб берилган шарт-шароитлар таҳсинга сазовор, жумладан, ҳар биримизга биттадан хамроҳ бириктирилганлиги, сафар олдидан раҳбарларимиз томонидан махсус аравача ҳамда эҳром топширилганлигини эътироф этиш мумкин. Шунинг учун, барча қулай шарт-шароитлар яратиб берган Президентимиз Шавкат Мирзиёевга ўз ташаккурларимизни билдирамиз”.

Шунингдек, Сурхондарёлик зиёратчи Нурматов Абдула бобо шундай дейди: “Аввало, бизларга хаж ибодатларини эмин-эркин адо этиш учун диёримиз зиёратчиларига кенг шароитлар яратиб берган Президентимиз Шавкат Мирзиёевга раҳматлар айтамиз.

Ҳозир Тошкентга келиб бизга шу ердан бошлаб яратилаётган шароитларни, мана бу махсус араваларни кўриб дилим жудаям шод бўлиб кетди. Аэропортда бизларни жуда кўтаринки руҳда қарши олиб, барча керакли шароитларни тақдим қилганлар. Энди Худо хохласа Саудияда ҳаж мавсумини эсон-омон ўтказиб олсак марра бизники. Барчаларингга минг раҳмат.”

“Мана бугун “Ҳаж-2017” мавумининг сўнги парвозлари амалга оширилмоқда. Зиёратчилар сафар олдидан қайта текширувдан ўтдилар. Уларнинг саломатликлари жойида. Қувонарлиси ҳуқуматимиз томонидан яратиб берилган шароитлар таҳсинга сазовор, жумладан, ҳар бир уруш фахрийсига биттадан хамроҳ бириктирилганлиги, уларга махсус аравача топширилганлигини алоҳида таъкидлаш даркор” - дейди зиёратчиларга бириктирилган шифокор Исабеков Рустамбек.

Маълумот сифатида шуни айтиш мумкинки, мавсум бошидан бери жами 32 та рейсда 7155 киши жумладан Тошкент-Мадина йўналишида 2228, Наманган-Мадина 3028, Самарқанд-Мадина 459, Урганч-Мадина 206, Бухоро-Мадина 412, Қарши-Мадина 822 нафар зиёратчилар Саудия Арабистонига етиб борди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1