1

​«ҚИЗИМНИНГ ФОЖЕАСИГА ЎЗИМ САБАБЧИМАН...»

МУТОЛАА 19.08.2017, 10:17
​«ҚИЗИМНИНГ ФОЖЕАСИГА ЎЗИМ САБАБЧИМАН...»

Икки қизим бор – бир-бирига сира ўхшамайди. Каттам Насиба тиришқоқ, сабрли, чаққон, атрофдагиларга меҳрибон. Кичигим Ҳафиза эса... У жуда нимжон туғилди, ўпка шамоллашининг ўзидан 5 марта даволанганмиз. Шу сабабли бўлса керак уни авайлаб катта қилдик. Гард юқтирмасин деб ерга қўймадим: 7 ёшгача гоҳ кўтариб, гоҳ опичлаб юрдим. Айтган нарсасини муҳайё қилдим. Насибам мени тушунарди, раҳми келарди, ўзи синглисидан икки ёшгина катта катта бўлса ҳам, уни парваришлашда ёрдам берарди. Мактабда ҳам ўқишлари аъло, уй ишларига ҳам улгурган. Хуллас, у бир умр мени, синглисини, ногирон дадасини тушуниб, ҳамманинг аҳволига қайишиб яшади.

Ҳафизани талтайтириб юборганимни ҳамма гапирарди, фақат ўзим тан олгим келмасди. Опаси ҳам мактабда у ўзини жуда ёмон тутишини, қизлар билан ҳам, ўғил болалар билан ҳам бирдек чиқиша олмаслигини айтарди. Лекин мен учун ўша болалар ёмон, қизим айбдор эмасди.

8-синфда ўқиб юрганида у бирдан ўзгарди. Илгари ҳеч иш қилмай, фақат овқат еб ухлайверганидан семириб кетган қизим бирдан ўзига оро берадиган бўлиб қолди. Парҳез тутиб озди. Мен бу ўзгаришларни яхшиликка йўйдим, хулқида ҳам яхши томонга ўзгариш бўлишини кутдим: одамлардан у ҳақида ёмон гаплар эшитишдан чарчагандим.

Афсуски, бу ўзгаришлардан қўрқишим керак экан. Қизим йигитлар олдида ўзини енгилтаклардек тутадиган одат чиқарди. Унинг ҳали у йигит, ҳали буниси билан пана-панада гаплашиб юргани хабари келарди. Энди кенжамни тартибга чақирмасам, койимасам бўлмасди. Бир кун кеч қайтиб жуда хавотир олдиргани учун қаттиқ уришдим. У эса уйдан қочиб кетди. Бошимни қайси деворга уришни билмайман, зир югуриб қидираман — Ҳафиза йўқ! Соғлиғи шундай ҳам ёмон отасини бу воқеа йиқитди — инсульт бўлди. Шифохонага югурайми, қизимни қидирайми? Яхшики, Насибам жонимга оро кирди: синглисини қўшни қишлоқдаги дугонасининг опасиникидан топиб келди.

Отаси тамоман тўшакка михланиб қолди. Лекин Ҳафиза бунда ўзини зарра айбдор сезмас, акинча, энди ҳамма пул отамга кетади, деб норози эди. Чиндан ҳам, дори-дармонга кўп пул керак эди. Бир ўзимнинг топганим эса ҳеч нарсага етмасди. Насиба ўқишлари аъло, институтга киришга тайёргарлик кўраётганди. Аммо менга ёрдам бериш учун тикув цехига кирмоқчи бўлди. Йўл қўймадим. Қизим, албатта, ўқиши керак дедим.

Келгусии йили уни Тошкентга кузатдик. Қизим бир уринишда университет талабаси бўлди. Бу қоронғи кунларимни ёритган нур эди. Бироқ Ҳафиза...

У ёши катталашгани сайин ақли озайиб бораётганди гўё. Коллежга номига бориб-келар, нуқул янги кийим, қимматбаҳо телефон олиб бер, деб жанжал қиларди.

Орадан бир йил ўтди. Отасини бериб қўйдик. Насиба мени бу аҳволда ташлаб кетишга кўзи қиймас, синглисига ишониб бўлмаслигини яхши биларди. Лекин маросимлар ўтгач, уни мажбурлаб шаҳарга жўнатдим. Ўзим эса тошбағир қизим билан қолдим. Ҳафиза чиндан ҳам бир марта отамлашга арзимади. Ҳатто, унда-бунда отасини овқатлантириб, кийимларини алмаштириб қўйишдан қутулганига суюнди. Ўзи холасига шундай дебди.

Ҳафиза коллежни аранг битирди ва ўқимайман деб туриб олди. Майли, дедим. Туманимиздаги қандолат цехига ишга жойлаштириб қўйдим. Аммо у ерда бир йил ишлар-ишламас, кетиб қолди. Кейин тикув цехи, сартарошхона, болалар боғчаси — барида уч-тўрт ойдан ишлади. Бўйни ҳеч меҳнатга ёр бермасди. Топган пули ўзидан ортмас, мен эса ёши 19 га чиқаётган бўлса-да унга кийим-кечак олиб беришим, рўзғор қилишим, яна кетидан тозалаб ҳам юришим керак.

Насиба мени қувонтиришда давом этарди. Университетни тамомлади, яхши ишга жойлашди ва менга моддий жиҳатдан ёрдам ҳам берадиган бўлиб қолди. Мен у юборган пуллардан йиғиб сеп тайёрламоқчи эдим, чунки совчилар келаётганди. Лекин Ҳафизанинг чиқимлари, инжиқликларидан орттириб бирор нарса жамғара олмасдим. Бир марта Насиба уйга келганида синглисини энди ёш бола эмассан, деб қаттиқ койиди. Натижада опа-сингил уришиб қолишди-ю, Насиба уйга келмайдиган бўлди. Энди фақат телефонда гаплашар эдик.

Насибага курсдоши совчи қўйди — пойтахтда яшайдиган ўзига тўқ оила. Ота-онаси жиҳозланган уй совға қилишди, мен деярли ҳеч нима қилмадим ҳам. Лекин Ҳафиза опасининг бахтини кўриб қувониш ўрнига, мени қаттиқ иснодга қўйди.

Опасининг тўйида бир йигит билан танишган экан, юзимни шувит қилиб у билан қочиб кетди. Ортидан қидириб топиб бордим. Бир бойваччанинг такасалтанг ўғли экан. Ота-онаси чет элда, ўзи ёлғиз яшайди. Қизим «Мен ҳам опам каби бойваччага эрга тега оламан», деб мақтанди, мен билан қайтмади. Бу шармандалик қаддимни букди, руҳан синдирди. Аммо у йигит қизимни севади, унга албатта уйланади деган умид мени ушлаб турарди.

Таассуфки, мўъжиза рўй бермади. Орадан бир йил ўтиб, Ҳафиза қорнини қаппайтириб қайтиб келди. Йигитнинг ота-онаси қайтиб, уйда Ҳафизани кўриб қолишибди ва ҳайдаб солишибди. Ўғилларини ўзлари қатори бир бадавлат инсоннинг қизига унаштиришибди. Йигит ҳам энди менга керак эмассан, дебди. Энг ёмони, Ҳафиза болани муддатдан олдин сунъий йўл билан туғмоқчи, яъни уни ўлдирмоқчи эди. Шаҳардаги опаси буни эшитиб дарров етиб келди. Бола сенга керак бўлмаса, туғиб менга бер, ўзим боқаман, деди. Айни кунларда у куёвим билан бепуштликдан даволанишаётганди. Ҳафиза эса жон деб рози бўлиш ўрнига... боласи эвазига шаҳардан машина ва уй сўради!

Куёвим рози бўлди, айтганларини берди ва набирамни қонунан ўзиники қилиб олиб кетди.

Энди мени бутун қишлоқ «бузуқнинг онаси», деб қўлини бигиз қилиб кўрсатарди. Бу шармандаликдан ерга кириб кетгудек бўлардим, кўчага деярли чиқмасдим. Ҳафиза боласи эвазига олган пойтахтдаги уйида яшар, мендан умуман хабар олмасди. Бир неча бор Насиба уни йўқлагани борганида уйида бегона эркакларни кўрибди. Аммо энди менга барибир эди. У ҳақида умуман эшитмасам, юзини кўрмасам дердим.

Бир куни Насиба билан синглиси ҳақида гаплашиб қолдик.

— Наси, Ҳафиз кимга тортди экан а? Авлодимизда ҳеч бундай одам йўқ-ку.

— Авлодимизда эмас гап, ойи. Сизда. Сизнинг ҳаддан ортиқ меҳрингизда.

— Бу нима деганинг?

— Эсингиздами, Ҳафиза ёшлигида бирор айб қилса, жаҳлингиз чиқиб уришардингиз-у, кейин бирпасда яна қучоқлаб, эркалаб, ҳатто кечирим ҳам сўрардингиз. Айби учун жазо олмаслигини билган қизингиз кейинги сафар бадтар ишларни қилаверарди. Сиз унга ҳеч иш қилдирмадингиз, натижада у уй-рўзғор тутишни билмай ўсди. Доим унинг учун тўлаб, унга пул бериб келдингиз. Ҳафиза буни оддий, одатий деб қабул қиларди. Аксинча, бермай қўйсангиз, худди ўз ҳақини талаб қилгандек писанда билан сўрайверарди. Ўз пулига кўйлак ва косметикадан бўлак бирор нарса сотиб олмаган одам нарсаларнинг қадрига етармиди: уйдаги рўзғор ашёларини авайлаб тутишни, сақлашни билармиди? Ойи, сизнинг беминнат ва ҳаддан ортиқ меҳрингиз уни бузди. Ҳафизага бошқачароқ тарбия керак эди.

Насибанинг гаплари ҳақ, бироқ энди кеч эди. Худди шу онда телефон жиринглади: Ҳафизанинг Тошкендаги уйи участковойи чақираётган эди. Нима гаплигини айтмади, тез етиб борар эмишмиз.

Етиб боргунча юрагим ўйилиб тамом бўлди. Ёмон нарсани сезиб турардим. Аммо бундай даҳшатга дуч келаман деб ўйламагандим.

Квартира остин-устин бўлиб ётарди. Ҳамма ёқ ивирсиган, дастурхонда ичкиликдан бўшаган бутилкалар ағанаб ётибди, уйдан қўланса ҳид анқирди. Юрагим бир нимани сезди, негадир оёғим ваннахона томонга тортди. Милиционер ва Насиба ушлаб қола олишмади. Ичкарида эса...

Ванна тўла қон, Насибанинг танаси илма-тешик пичоқлаб ташланган...

Айтишларича, бир ҳафта комада ётибман.

Нега комадан чиқдим?!

Нега яшаяпман???

Шу кунгача мен кўрганларимни азоб деб ўйлардим, йўқ, улар шунчаки муаммолар экан. Ҳақиқий азоб нелигини энди билаяпман...

ШАҲИНА ёзиб олди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1