1

​“Ўзбекистон обидаларидаги битиклар” лойиҳасининг 250 та тўплами миллий ва жаҳон кутубхоналарига тақдим этилди (ФОТОРЕПОРТАЖ)

ЖАМИЯТ 23.06.2017, 14:27
​“Ўзбекистон обидаларидаги битиклар” лойиҳасининг 250 та тўплами миллий ва жаҳон кутубхоналарига тақдим этилди (ФОТОРЕПОРТАЖ)

23 июнь куни Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси, “Тараққиёт стратегияси” маркази, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, ЎзРФА ҳузуридаги Шарқшунослик институти, “ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, “Uzbekistan Today” ахборот агентлиги, “Менинг юртим” ва “Караван-ТВ” телеканаллари томонидан “ЎзЭОАВМА Media hall”да “Узоқ ўтмишдан мактублар: таълим, маърифат, тинчлик ва бунёдкорлик ўзбек халқининг абадий қадриятлари сифатида” мавзуидаги халқаро медиа-анжуман ўтказилади.

Медиа-анжуманда қатнашиш учун Ўзбекистон Республикаси илмий жамоатчилиги, миллий кутубхоналар, давлат, жамоат ва халқаро ташкилотлар, дипломатик корпус ҳамда ОАВ вакиллари таклиф этилди.

Медиа анжуманда “Ўзбекистон обидаларидаги битиклар” туркумига киритилган 13-жилд, яъни Тошкент вилоятига бағишланган китоб-альбом тақдимоти ҳам бўлиб ўтди. Мазкур китоб вилоятдаги “Занги ота” меҳморий мажмуаси ва бир қанча осори атиқалардаги битикларга бағишланган.

“Ўзбекистон обидаларидаги битиклар” номи остида жами 25 жилдли китоб-альбомлар туркум-лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 6 апрелдаги Қарори асосида амалга оширилмоқда.

“Ўзбекистон обидаларидаги битиклар” лойиҳаси доирасида ҳукумат ва жамоат ташкилотлари кўмагида мамлакатимиздаги меъморчилик обидаларидаги битикларни ўрганиш ва умумлаштириш, туркум китоб-альбомлар кўринишида тақдим этиш бўйича кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда. Бунгача бирор-бир мусулмон мамлакатида ана шундай ишларга қўл урилмаган.

Айни пайтда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги қадимий меъморий обидалардаги эпиграфик матнларни ўқиш ва уларни таржима қилиш бўйича бой тажрибага эга мутахассислардан таркиб топган ижодий гуруҳ ташкил этилди.

Мазкур лойиҳа ташкил этилганидан бери унга Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Фирдавс Абдухолиқов раҳбарлик қилиб келмоқда.

Ўтган йиллар давомида Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Бухоро, Навоий, Наманган, Сурхондарё, Фарғона, Қашқадарё вилоятлари, Хива ва Тошкент шаҳарлари, шунингдек, Самарқанднинг икки йирик тарихий меъморий мажмуаси – Регистон ва Шоҳи Зинда битикларига бағишланган жами 12 та китоб-альбом тақдим этилди.

Тадбирнинг муҳим воқеаси сифатида “Ўзбекистон обидаларидаги битиклар” лойиҳасининг 3250 дона китоб-альбомини ўз ичига олган 250 та тўпламни илмий-таълим муассасалари, миллий ва жаҳон кутубхоналари ҳамда музейлар вакиллари, дипломатик миссиялар раҳбарларига ҳадя сифатида тақдим этишга бағишланган илмий-маърифий акция ўтказилди.

Илмий-маърифий акция доирасида “Darakchi inform service” МЧЖ томонидан тўпламларни ҳадя сифатида олиш ҳуқуқини берувчи сертификатлар тантанали топширилди.

Лойиҳа муаллифларининг ушбу тўпламни дунё кутубхона ва музейларига тақдим этиш ғоясини катта олқишлар билан кутиб олишди. Муқаддас кунларда бундай туҳфа қилинганлиги, нафақат бугун балки келажак авлод учун катта меърослиги алоҳида таъкидланди.


Эслатиб ўтамиз: “Ўзбекистон обидаларидаги битиклар” туркумидаги китоблар лойиҳанинг биринчи босқичини қамраб олади. Ушбу лойиҳа бўйича ишлар иккинчи босқичида давом эттирилади ва кейинги китоб-альбомлар Ўзбекистон бўйича дастлабки жилдларга киритилмаган обидалардаги битикларга бағишланади. Умумий ҳисобда 25 жилдли китоб-альбомлар чоп этилиши режалаштирилган.

Йиғилганлар мазкур лойиҳа Ўзбекистон маданий меъросини бутун дунёга ёйишда, Ислом дунёсини қай даражада инсонни комилликка етакловчи эканлигини бутун дунё аҳлига етказишда катта аҳамиятга эга эканлигини қайд этишди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Абдулазиз Мансуров "Ислом дини фақат нурли ҳаётга илм-маърифатга, яхшиликка ундовчи йўл" мавзуида ўзларининг маърузалари билан иштирок этдилар. Тадбирга ташриф буюрган бир гуруҳ олимлар номидан Шайҳ Абдулазиз Мансурга зарбоп тўн кийдирилди.



Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1