1

​Тест: Жуфтингизнинг туйғулари нақадар жиддий?

СУҒДИЁНА 23.06.2017, 11:11
Теглар: Оила
​Тест: Жуфтингизнинг туйғулари нақадар жиддий?

Биз аёлларга муҳаббатнинг ўзи кифоя эмас, исботи ҳам керак. Ҳар куни севишини исботласин, намоён этсин деймиз. Лекин гуллар, ширинликлар, чиройли сўзлару ваъдалар ҳар доим ҳам жиддий туйғуларнинг исботи бўла олмаслигини-да биламиз. Хўш, ёримиз бизни чиндан севадими? Қанчалик севади? Буни билиш учун қуйидаги саволларга жавоб бериб, натижаларни ҳисобланг.

  • Ёрингиз сизга эътиборини қандай намоён қилади?
  • а) қимматбаҳо совғалар беради (3)б) тез-тез ресторанларга таклиф қилади (2)в) гуллар совға қилади (5)г) менинг ҳамма ҳаражатларимни кўтаради (1)
  • У бирон жойга бирга боришни таклиф қилди. Сиз эса кайфиятингиз йўқлигини айтиб рад этдингиз. Шунда у...
  • а) сизни кўндиришга узоқ уринади (2)б) хафа бўлади (5)в) кайфиятингизни кўтаришга ҳаракат қилади (2)г) рад жавобингизни хотиржам қабул қилади (1)
  • Ёрингиз сиз учун ўз хоббисидан воз кечиши мумкинми?
  • а) у аллақачон шундай қилган (1)б) муроса вариантини топишга ҳаракат қилади (4)в) узоғи билан бир-икки марта сизга ён босиши мумкин (2)г) йўқ, хоббиси унинг учун жуда қадрли (1)
  • Сиз унинг аввалги муҳаббатлари ҳақида...
  • а) ҳамма нарсани биласиз (4)б) тахминан биласиз (2)в) ҳеч нимани билмайсиз (3)г) ёрингиз улардан қочиб юрганини биласиз (0)
  • У сиз билан дам олиш учун бирор жойга боришни муҳокама қиладими?
  • а) ҳа, қаерга боришни бирга ҳал қиламиз (7)б) қаерда дам олишни сиз ҳал қиласиз, у доим рози бўлади (5)в) дам олиш жойлари кўп бўлганидан ўзининг ҳам боши ачиб кетади (3)г) ҳеч қачон таътилни биргаликда ўтказмайсиз (1)
  • Гаплашиб ўтирганингизда бирдан телефони жиринглаб қолди. Шунда у...
  • а) сизнинг олдингизда телефонда бемалол гаплашади (5)
    б) телефонга қарамай чақирувни рад этиш тугмасини босади (4)в) дарров четроққа ўтиб гаплашишни бошлайди (1)г) сизнинг ёнингизда ҳеч ким унга қўнғироқ қилмайди (0)
  • У сизни қайси образда кўришни ёқтиради?
  • а) қулай уйчи кийимда (7)б) спорт кийимида (4)в) кечки ҳашаматли либосда (2)г) кундалик иш кийимида (3)
  • Гаплашишга гап қолмаганда у...
  • а) шунчаки сизга тикилиб ўтиради (7)б) ҳазиллашишни ва латифалар айтишни бошлайди (5)в) сизни нима билан хафа қилганини сўрай бошлайди (3)г) телевизорга тикилиб ўтираверади (0)
  • Қўша қариш деганда нимани тасаввур қиласиз?
  • а) муҳаббатингиз ҳозиргидек бўлади (5)б) бир-бирингизга қаттиқ боғланиб қолишингизни (1)в) ёрингиз сизни ҳозиргидан ҳам қаттиқроқ севади (7)г) қариганда қандай яшашимизни ҳозир тасаввур қила олмайман (0)

Энди балларни жамлаб, натижалар билан танишинг.

Натижалар

У СИЗНИ СЕВАДИ!

54 дан 40 баллгача. Унинг сизга бўлган севгиси шу қадар кучлики, ҳаётини сизсиз тасаввур қила олмайди. Ётса ҳам, турса ҳам хаёлида сиз. Сизнинг кайфиятингиз – бу унинг кайфияти. Кулсангиз, у ҳам хурсанд, йиғласангиз, ўзини қўйгани жой топа олмайди. У сизни еру кўкка ишонмайди. Балки Фарҳод Ширинни шундай севгандир, балки Тоҳир Зуҳрони. Хуллас, эртакларда айтилган, достонларда куйланган муҳаббат ёрингизнинг қалбида сизга нисбатан мавжуд. Бу бир томондан у инсоннинг улкан қалби борлигидан, шу даражада ва шундай гўзал сева олишидан далолат берса, бошқа томондан сизнинг ҳам маълум фазилатларга эга эканингизни кўрсатади. Бу бахтга ҳамма ҳам эришавермайди. Аммо унинг юрагидаги бу туйғуни бир умрга сақлаб қолиш учун нима қилиш керак? Ёрингизни сиздаги қайси фазилатлар мафтун этганини яхши билсангиз керак. Ана шу хусусиятларингизни ҳеч қачон йўқотманг, аксинча, ривожлантириб боринг. Асосийси, самимий бўлинг. Чин сева олган инсон сохталикни ёқтирмайди. Сизга ҳасади келаётган дугоналарингизнинг миш-мишу ғийбатларига ишонманг. Уни муҳаббати чинлигини исботлашга ҳадеб мажбур қилманг. Бу туйғудан безиб қолмасин. Хуллас, бахтли бўлинг.

ТУЙҒУЛАРИНГИЗ ИМТИҲОНДА

39 дан 29 баллгача. Муносабатларингизда муҳаббат, меҳрдан кўра эҳтироснинг ўрни баландроқ. Ишқ бошқа, ҳавас бошқа дейишади. Сизларники ҳозирча боғлиқлик, ўрганиш ва эҳтиросдир. Рашк ҳам бу ўринда катта ўрин тутади. Ёрингиз сизни қаттиқ рашк қилса керак. Аммо бу ҳали тўкис муҳаббат дегани эмас. Туйғуларингиз кўп чиғириқлардан ўтиши, тобланиши, чиниқиши керак. Балки у сизга ўзи истаб эмас, ота-онасининг таклифи билан уйлангандир. Балки бир-икки кўриб ёқтириб қолган-у, тақдир йўлларини боғлаган. Ёки уйланиш пайти келгани сабабли оила қурган. Хуллас, кўнгилларга муҳаббат уруғи экилгани рост. Лекин бу ниҳолни парваришлаб вояга етказиш ва улкан дарахтга айлантириш ўз қўлингизда. Ёрингиз билан кўпроқ суҳбатлашишга, уни тушунишга, қийин дақиқаларда эса қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилинг. Унга ишонинг, нафақат унинг садоқатли ёр эканига, балки келажаги порлоқ, қўлидан ҳамма иш келадиган инсон эканига ҳам ишонинг. Эркаклар уларга ишонган аёлларга ипсиз боғланиб қоладилар. Сиз ундаги ўзига бўлган ишончни ўстирувчи манба бўлинг. Шунда унинг туйғулари янада теранлашади, сизга нисбатан муҳаббати ортади.

СИЗДА КЎНГЛИ БОРУ АММО...

28 дан 15 баллгача. Ёрингиз бир томондан сизни қаттиқ севиб қолишдан қўрқса, бошқа томондан сизни йўқотишни ҳам истамайди. Унинг қалбида ўзига яраша ўрнингиз борлиги, шубҳасиз. Аммо бу ўриннинг чуқурлашиб боришидан у хавотирда. Балки бировни севиб ўрганмагандир, балки кимнидир қаттиқ севиб куйгандир. Хуллас, унинг сиздан эмас, муҳаббат деган туйғудан хавфи бор. Сиз борини борича қабул қилинг. Албатта, туғуларини қизғанаётган ёрингизни шу ҳолига ташлаб қўйинг демаймиз. Муносабатлар устида, агар уларда биттагина ёруғ нуқта бўлса ҳам, ишлаш керак. Ундан ҳозирча ўзида йўқ нарсани талаб қилманг, ўзи қодир бўлмаган туйғуни туймайди барибир. Яхшиси, ўз устингизда ишланг. Бўлар-бўлмасга бўйнига осилиб, севасизми деб сўрайверманг. Орасталик, гўзаллик, тадбирлилик ва фаросат доим қадрда бўлган. У сизда шу хусусиятларни кўрса, меҳри ортади. Қўлингиздан келса, унга дўст бўлинг, эплолмасангиз ё истамасангиз, ҳеч бўлмаса бегонага айланиб қолмасликка ҳаракат қилинг. Унутманг, у хотиржамлик ва илиқлик истаб сизга талпинади, сизни шу сабабли йўқотишдан қўрқади. Сиздаги шу илиқлик унинг қалбидаги туйғуларини улкан муҳаббатга айлантирса, не ажаб.

МУНОСАБАТЛАРИНГИЗ ЧИГАЛЛАШГАН

6 дан 14 баллгача. Ёрингизнинг туйғулари анча сусайиб, муҳаббат олови тафти пасайган. Бунинг сабабларини ўзингиз яхши билсангиз керак. Балки маиший муаммолар, балки муносабатлардаги таранглик ва ёки бошқа сабаблар... Нима бўлганда ҳам энди сиз муносабатларингизни сақлаб қолишга жиддий киришишингиз керак. Муҳаббат ҳар нарсага қодир дейишади. Аммо баъзида бир-бирини қаттиқ севган инсонлар ҳам бирга яшай олишмайди. Сизларда эса муҳаббатнинг ўзи ёрдамга муҳтож. Ёрингизга кўпроқ эътибор беринг, ўзингизга ҳам. Сиздан нима хато ўтган бўлса, тузатинг. Ундан ўтганларини эса кечиринг. Албатта, бу инсон сизга керак ва қадрли бўлса.

Шаҳина тайёрлади

Шарҳлар

Ўзбекистоннинг қайси ҳудудида оилалар сони кўп?

26.09.2021, 17:45

Ўзбекистоннинг қайси ҳудудида оилалар сони кўп? Давлат статистика қўмитаси маълумот берди. Унга кўра, 2021 йилнинг 1 январь ҳолатига Ўзбекистон Республикасида жами 8 871 412 та оила...
Ўзбекистонда 2030 йилга қадар оила институти янада мустаҳкамланади

27.05.2021, 16:56

АОКАда “Маҳалла ва оила” илмий-тадқиқот институти раҳбарлари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.Анжуманда  “Ўзбекистон Республикасида оила институтини 2030 йилгача янада мустаҳкамлаш концепцияси” мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида...
Ўзбекистонда қанча оила фақат шаърий никоҳ асосида яшагани аниқланди

14.11.2019, 18:36

 Ўзбекистонда ФҲДЁ органлари ҳокимликлар тасарруфига ўтказилгач, фақатгина шаърий никоҳ билан яшаб келган 20 минг 350тадан ортиқ оила аниқланиб, уларнинг никоҳи қонунийлаштирилди.Бу ҳақда 13 ноябрь куни оила...
«ИЧКИЛИК БЎЛМАСА ЭДИ...»

23.12.2017, 17:11

Сайёра, 30 ёш, Жиззах вилояти: — Турмушга чиққанимга ўн йил бўлибди. Икки фарзандим бор. Қайнона-қайнотам билан бирга яшаймиз. Шу йиллар ичида тинч, осойишта, хотиржам яшаганимни...
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1