​Юрак аритмияси ҳаёт учун хавфлими?!

САЛОМАТЛИК 21.06.2017, 16:14
Теглар: Саломатлик
​Юрак аритмияси ҳаёт учун хавфлими?!

Юрак уриши маромининг бузилиши билан кечадиган хасталик юрак аритмияси дейилади. Аритмиялар ўз ичига юракнинг нотекис, ҳаддан зиёд тез ёки меъёрдан тез уриши каби ҳолатларни қамраб олган. Касаллик нимаси билан хавфли? Даволаш чораси-чи, фақат операциями? Шу каби саволлар билан Республика Ихтисослаштирилган кардиология маркази электрофизиологик текширувлар бўлими мудири Рамеш ҲАМРАЕВга мурожаат қилдик.

Асорати қандай?

Бошқа аъзоларга нисбатан юракнинг иши қийинроқ ва анчайин хавфли. Юрак дабдурустдан тўхтаб қолиши, тез уриб кетиши ёхуд секинлашиши мумкин. Беморга аритмия ташхиси қўйилдими у албатта даволаниши шарт. Негаки, касаллик ўз вақтида муолажа қилинмаса, ўта жиддий асоратлар, ногиронлик ҳамда кутилмаган ўлим ҳолатига олиб келиши мумкин.

Турлари

Аритмиянинг ҳар хил турлари мавжуд бўлиб, энг кўп учрайдиганлари билан таништирамиз. Булар юракнинг тез уриб кетиши билан боғлиқ аритмиялар ҳамда юрак маромининг пасайиб кетиши билан характерланадиган касаллик кўринишларидир. Ҳар қайсиниси ҳаёт сифатининг ёмонлашиши ва салбий оқибатларга олиб келиши билан хавфли саналади.

Юрак уришининг 90 тадан ортиқ бўлиши тахикардия дейилиб, унинг юрак қоринча усти, юрак қоринчаси тахикардия турлари мавжуд. Юрак қоринча усти бўлмачалар тахикардияси ҳам бир қанча турларга ажратилади. Дейлик юрагингиз нормал ҳолатда 70-80 та уриб туриб, тўсатдан тезлашиб кетади ва 150-160 ҳатто ундан ҳам тезроқ ура бошлайди. Бу тахикардиянинг тўсатдан юрак уриши билан намоён бўладиган хилидир.

Аритмиянинг ҳилпировчи тури ҳам бўлиб бунда юрак уриш сони палапартиш юз беради. Безовталик тўсатдан бошланиши ёки доимий ҳолатга ўтиши мумкин.

Юрак ўтказувчанлик йўлида қўшимча йўлнинг пайдо бўлиши оқибатида келиб чиқадиган аритмия. Асосан туғма кўринишда бўлса ҳам қўшимча йўл фаоллашганидагина безовталик келиб чиқади. Мазкур ҳолат асосан 40 ёшдан ошганларда кўпроқ кузатилади.

Безовталикнинг аниқланиши...

Юракдаги ўзгаришлар ҳамиша ҳам оғриқ билан ифодаланмайди. Ҳолсизлик, юқорига кўтарилганда хансираш, қон босимининг ортиши ёки камайишида юз берадиган ўзгаришларда ҳамда юрак уришига аҳамият беринг. Мазкур жараёнлар ташхис қўйишда асқотиши мумкин. Агар юрак уриши издан чиқаётганини сезсангиз албатта мутахассисга учрашинг. Билиб–билмай тинчлантирувчи воситалар ёки бирор бир дори препаратини қабул қилиш мумкин эмас. Юрак аритмиясига ташхис қўйишда ЭКГ таҳлили, мураккаб аритмияларда эса 24 соат давомида юрак фаолиятини ёзиб борувчи Холтер бўйича ЭКГ текширувлари ўтказилади.

Муолажа

Аритмология ёш соҳа ҳисоблансада жадал ривожланиб бормоқда. 10-15 йил ортга назар ташлайдиган бўлсак, хасталикка қарши курашишда фақат дори – дармонларга мурожаат қилинган холос. Аммо препаратлар дарддан бутунлай фориғ бўлиш имконини бермаган. Ҳалқаро миқёсда ўтказилган тадқиқотлар хулосаси шуни кўрсатадики, касалликка чалинган инсонларнинг 50 фоизидан ортиғи дори воситаларини тўла-тўкис ўз вақтида қабул қилмайди. Бу ўз ўрнида аритмиянинг сурункали турга ўтишига, ногиронлик ёки эрта ўлим ҳолатларига етаклайди.

Бугунга келиб, аритмияларнинг 90 фоиздан ортиғи интервецион жарроҳлик амалиёти ёрдамида даволанмоқда. Бемор операциядан сўнг умрбод дори ичишдан ҳалос бўлади ҳамда ҳаёт сифати яхшиланиб, салбий оқибатларнинг олди олинади. Шу ўринда савол туғилади, амалиёт қанчалик хавфсиз? Жарроҳлик муолажаси наркозсиз, кўкрак қафасини очмаган ҳолда фақатгина қон томирлари орқали, маҳаллий оғриқсизлантириш йўли билан амалга оширилади.

Хуруж юз берганида...

Кутилмаганда юрак уриши тезлашиб, гўё кўкрагингиздан отилиб чиқадигандек туюлаяптими? Бу ҳолат аритмиянинг хуружли кўринишидан дарак бўлиши мумкин. Диққат қилинг:

– Тор бичимли кийимда бўлсангиз, ёқасини бўшатинг. Қоринни сиқиб турган камардан халос бўлинг;

– Турган ҳолатда хуружга чап бериш қийинроқ. Қулай ўтириб олганингиз маъқул;

– Нафас олиш маромини тартибга келтириш учун кўзларни юмиб, бироз тин олинг;

– Ёнингизда бирор ким бўлса хона деразаларини очишга кўмаклашсин. Тез-тез нафас олишга шошилманг;

Хуруж ўтиб кетавермаса, тез ёрдам хизматига мурожаат қилиш зарур.

Н.Илёсова тайёрлади

Шарҳлар

Буйрак хасталиклари кимларда кўпроқ учрайди? Шифокор жавоб берди

06.08.2021, 17:47

CCВ Матбуот хизмати буйрак етишмовчилиги қандай хасталик экани ва уни бартараф этишда мамлакатимиз тиббиёти нималарга қодирлиги ҳақида Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази бўлим раҳбари,...
ЮТИНГАНДА ҚУЛОҚ ОҒРИҒИ?!

26.12.2017, 13:12

— Уч яшар ўғлим овқат чайнаб ютаётганида қулоғини ушлаб, оғриётганини айтди. Шифокорга кўрсатсам, отит деб ташхис қўйди. Бу қандай касаллик? Уни уйда даволаса бўладими? Назира...
ДИАТЕЗ ҚАЙТАЛАМАСИН ДЕСАНГИЗ…

26.12.2017, 13:08

— Эмизикли чақалоғим экссудатив диатез касаллиги билан оғриганди. Ҳозир соғайган бўлса-да, айрим таомларни истеъмол қилганимда унинг баданида қизғиш доғлар пайдо бўлади. Гўдакда диатез қайталамаслиги учун...
ФАРЗАНДИНГИЗНИ МАКТАБ КАСАЛЛИКЛАРИДА АСРАНГ!

26.12.2017, 11:36

Узоқни кўра олмаслик;сколиоз (умуртқа поғонасининг қийшайиши);гастрит;руҳий-асаб тизими бузилишлари кабиларни мактаб касалликлари сирасига киритиш мумкин. Статистикага кўра, ҳар беш боланинг бири умуртқа поғонаси муаммоларидан қийналса, ҳар...
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1