1

​Шубҳа-гумонлар домидаги ота ўз фарзандининг қотилига айланди

ЖИНОЯТ 13.03.2017, 11:11
Теглар: Жиноят
​Шубҳа-гумонлар домидаги ота ўз фарзандининг қотилига айланди

Оила муқаддас маскан. Бу қўрғоннинг устуни, таянчи отадир. Шу сабабдан бўлса керак, ҳар бир фарзанд ўз падарига нисбатан чексиз ҳурмат-эҳтиром кўрсатади. Халқимизда “Ота рози — худо рози” деган нақл ҳам бежизга айтилмаган. Аммо афсуски, бугунги кунда ота ўз маъсулиятини, фарзанд эса бурчини унутиб қўйиш ҳолатлари учрамоқда. Бунинг натижасида оилада нохуш вазиятлар келиб чиқмоқда. Ҳатто ота ўз жигарбандининг қотилига айланиб қолиш ҳолатлари юз бермоқда.

Содиқ Жалиев (исм-фамилиялар ўзгартирилган) шундай шахслардан ҳисобланади. У фермер хўжалиги ташкил этиб, балиқчилик билан шуғуллана бошлайди. Шу меҳнати ортидан уч фарзандни тарбиялаб, оиласи билан бахтли ҳаёт кечирарди. Лекин уларнинг турмушига кўз тегди.

ТОҒАНИНГ ИДДАОСИ

У 2013 йил тахминан октябрь ойларида турмуш ўртоғининг тоғаси билан бирга тўйда ўтиришади. Зиёфат авжида. Суҳбат қизигандан қизиган. Энг қайноқ нуқтада эса Содиқ аёлининг тоғаси билан ҳамсуҳбат бўлади. Уларнинг суҳбати орасида тоға айтган гаплар Содиқнинг хаёлини алғов-далғов қилди:

— Биласанми, фарзандларингнинг ҳақиқий отаси менман.

Бу гапдан ҳушини йўқотгудек бўлган Содиқ қулоқларига ишонмайди, жаҳл отига минди:

— Ўйлаб гапиряпсизми?!

— Менга ишонмасанг бориб турмуш ўртоғингдан сўра, ҳақиқатни айтади.

Содиқ бу гапдан жаҳл отига миниб шахт билан тўйхонани тарк этади:

— Агар гапларинг тўғри чиқса, иккалангни ҳам соғ қўймайман, — дейди у кетаётиб тоғага зарда билан.

ХОТИННИНГ ТАКЛИФИ

Содиқ тўйхонадан отилиб чиққанича зудлик билан уйига етиб боради. Жаҳл отига минган Содиқ аёлини чақиради ва эшитганларига аниқлик киритишга уринади:

— Сен менга хиёнат қилибсан, болаларингнинг отаси бошқа экан.

Аёл эрининг важоҳатидан қўрқса-да, бундай айбловни бўйнига олмади.

— Нималар деябсиз? Бу гапларни қаердан топдингиз? — жавоб қайтарди тили базўр айланиб. Содиқ бу гапларнинг хотинининг тоғасидан эшитганини айтгач, аёл ўзини оқлашга киришди ва эрининг шубҳаларининг ягона ечими бўлган ДНК текшируви ўтказишни таъкидлади.

— Бундай бўлмағур гапларни йиғиштиринг, мен сизга ҳеч қачон хиёнат қилмаганман, агар менга ишонмасангиз ўғлимизни ДНК текширувида ўтказинг, — кўзларида ёш билан сўзлади аёл.

ҒИШТ ҚОЛИПДАН КЎЧДИ

Гарчи ДНК текшируви натижаси ижобий чиққан бўлса-да, Содиқнинг ич-этини аёли ва фарзандларига нисбатан шубҳа-гумон тирнарди. Шу воқеадан кейин оилада тинч-тотувлик ва хотиржамлик ўрнини келишмовчилик, нотинчлик эгаллади. Натижада Содиқ барча аламини ичкиликдан ола бошлади. Уйга маст ҳолатда келиб жанжал кўтарадиган, баъзида эса хонадонига келишни истамай дала ҳовлисида тунаб қоладиган одат чиқарди. Ўз жигаргўшаларига нафрат кўзи билан боқарди. Оиладаги тортишувлар ўзаро оилавий жанжаллар тез-тез такрорланиши одатга айланди. Бошида фарзандлар отасини бу қилиқларига, ҳақоратларига индамай жимгина турарди. Аммо пичоқ суякка қадалгудек тус олган можаролардан кейин секин-аста фарзандларнинг ҳам бардоши тугаб падарига жавоб қайтарадиган бўлди. Бунинг натижасида эр-хотин, ота-фарзанд муносабатларига дарз кетди. Бундай вазиятнинг охири яхшиликка олиб келмаслиги аниқ эди.

ҚАСОСГА УНДАГАН НАФРАТ

2015 сентябрь ойи. Нонушта вақти. Ўғил отадан илтимос қилади:

— Дада, бугун “Малибу”ни бериб туринг.

— Нима қиласан?

— Тўй бор, шунга миниб чиқмоқчиман.

— Олавер, фақат машинанинг ичида ҳужжат, ов милтиғим, яна бир неча нарсалар бор. Ўшаларни “Нексия”га олиб қўй. Кеч қолиб кетма, ишларга ёрдам берасан.

Бу нонуштадаги мулоқотдан сўнг фарзанд ўз йўлига, ота ўз ишига йўл олдилар. Содиқ балиқчилик хўжалигига бориб, ишчиларни назорат қилиб, бугунги қилинадиган юмушлар юзасидан топшириқлар берди. Сўнгра дала ҳовлисида тушлик қилди. Овқатланиш давомида ароқ ичишни ҳам унутмади. Орадан маълум вақт ўтиб, ўғил машинасида отасининг олдига келади.

— Нега кеч қолдинг, сенга эрта кел, дегандим-ку, — ширакайф ота фарзандини сўроққа тутди.

— Кечиринг, шундай бўлиб қолди.

Аммо отани фарзандининг бу узр-маъзури қониқтирмади. Шундан сўнг ота ўғлини ҳақорат қила бошлади. Фарзанд дадасининг спиртли ичимлик ичганини сезиб турса-да, ҳақоратларига чидаб туролмай жавоб қайтаради. Қараса, падарига ҳеч нарсани тушунтириб бўлмайди. Шартта автомобилини миниб ортига қайтиб кетади. Бундан жаҳли чиққан Содиқ унинг ортидан машинасида қувиб кетади. Ўғил уйга келиб, содир бўлган воқеа ҳақида онасига сўзлаб турган вақтида дарвозадан шиддат билан ота кириб келади.

— Ҳали мени ҳурмат қилмай қўйдингми, — дея турли хил сўзлар билан ҳақоратлади. Бунга қаноат қилмай қўлларини ҳам ишга солди. Ўз ўрнида фарзанд ҳам бунга жим қараб тургани йўқ.

— Сени отиб ташлайман, — ота шундай дея ов милтиғи томон талпинди. Лекин ўғил бир амаллаб отасининг қуролни олишига имкон бермайди. Содиқ ўғли ва аёлига кучи етмаслигини сезиб, юз-кўзлари, кийимлари қон ҳолатда ортга қайтди. Дастлаб акасининг уйига киради.

— Сенга нима бўлди? Ким жароҳат етказди? — сўради Содиқнинг оғаси.

— Оға, мени болаларим уриб ўлдирмоқчи, юз-кўзимга қара, уриб ташладилар, — деб жавоб қайтарди.

Сўнгра қўшнисининг машинасини олиб дала ҳовлиси томон жўнайди. У ерда тинч ўтиролмайди. Уни нафрат қасос ўти қийнай бошлайди. Ўғлининг бу қилмишига қандай муносиб жавоб қайтариш ҳақида ўйларди. “Жаҳл чиққандан ақл кетади” деб бежиз айтилмаган. Охири уни ўлдиришга қарор қилади. Шу мақсадда қўлига пичоқ олиб уйи томонга йўл олади. Четроқда бир муддат кутиб туради. Ниҳоят, кутилган оғриқли дақиқалар етди. Ўғил дарвозадан чиқди. Дарвозадан ўғли чиқиши билан ота унинг олдига борди ва... аянчли мақсадини амалга оширди. Нафрат ва қасос ўти билан ўғлини қонга белаган ота зудлик билан воқеа жойини тарк этди. Лекин у қонун ҳимоячиларининг қарорларини четлаб ўтолмади. Қотил ота қўлига кишан тақилди.

Жиноят ишлари бўйича Хоразм вилояти Янгиариқ туман суди спиртли ичимлик истеъмол қилган ҳолда, инсонпарварлик тамойилини четлаб ўтиб, шахсга қарши қаратилган жиноятлар туркумига кирувчи қасддан одам ўлдириш жиноятини содир қилгани учун судланувчини Ўзбекистон Республикаси ЖК 97-моддасининг 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топди ва шу ҳуқуқий асос билан 10 (ўн) йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.

Ў.МАШАРИФОВ,
Жиноят ишлари бўйича Хоразм вилояти
Янгиариқ туман суди судьяси
Зуҳриддин РАҲМОНОВ, журналист

Шарҳлар

Жиззахда 39 ёшли эркак хотинини уриб ўлдирди (видео)

07.09.2022, 12:07

Жиззахда аёл ўз эри томонидан ўлдирилди. Бу ҳақда вилоят ИИБ матбуот хизмати хабар бермоқда. Маълум қилинишича, жорий йилнинг 2 сентябрь куни Жиззах вилояти Зарбдор тумани Янгиҳаёт...
Наманганда 21 ёшли йигитни қотилига айланган блогерга нисбатан қамоқ жазоси тайинланди

10.01.2022, 21:58

Наманганда 150 минг сўм эвазига Instagram саҳифасидаги обуначиларини кўпайтириш ортидан икки блогер ўртасида келиб чиққан келишмовчилик қотиллик билан тугади.Қайд этилишича, ҳодиса Чуст туманида ўтган йилнинг...
Термизда қидирувдаги қочқин қўлга олинди

10.08.2021, 17:29

Термизда қидирувдаги қочқин қўлга олинди. Бу ҳақда Сурхондарё вилояти ИИБ хабар берди.Маълум бўлишича, Термиз тумани “Ш.Рашидов” маҳалласида яшовчи фуқаро Х.Илҳом 2021 йил 29 июнь куни...
Йилнинг 6 ойида ҳар 100 минг аҳолига нисбатан 132 та жиноят тўғри келган

10.08.2021, 16:44

2021 йил 6 ойида ҳар 100 минг аҳоли сонига нисбатан 132 та жиноят тўғри келган. Бу ҳақда АОКАда ўтказилаётган  матбуот анжуманидан махсус мухбиримиз Абдукарим Зарипов...
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1