1

Шоҳруҳхон ва Асалнинг севги тарихи ёхуд машҳур қайнона-келин билан дилдан суҳбат

ШОУ-БИЗНЕС 21.11.2016, 10:40
Теглар: Шоу-бизнес, Шоҳруҳхон, Асал Шодиева, Оила
Шоҳруҳхон ва Асалнинг севги тарихи ёхуд машҳур қайнона-келин билан дилдан суҳбат

Кўп сонли мухлисларга эга хонанда  Шоҳруҳхон ва ўзбек киносининг таниқли актрисалардан бири Асал Шодиева оила қуришгани уларнинг мухлислари ва ҳамкасблари учун ҳақиқий сюрприз бўлганди.  Шундан буён икки санъаткор ҳам интервью беришдан бош тортиб келишаётганди. Лекин биз бугун ижодкорларнинг оиласи билан яқиндан танишиш, севги тархини билишга муваффақ бўлдик. Келинпошша учрашувга оиланинг яна бир ижодкори, кўплаб фильмлар режиссёри, қайнонаси Зебо Наврўзова билан ташриф буюрди. 

—  Сизларни кўриб турганимиздан хурсандмиз. Хуш келибсизлар!

Зебо Наврўзова: — Хушвақт бўлинг. Таклиф учун раҳмат. 

— Зебо опа, ниятингиз амалга ошиб, эркатой ўғлингиз ҳам ваниҳоят оила қурди... 

—Ҳақиқатдан унга тўғри таъриф бердингиз.  Шоҳрух ўғилларим ичида энг инжиқ ва эркаси. Бир неча йиллар давомида оилавий йиғинларимизнинг асосий мавзусига айланган, уни уйлантириш орузимиз ҳам амалга ошди. Аммо буни узоқ кутган бўлсак-да, “келин қидириб қовушим едирилмаган”. Ўғлим “Она, ўзим топаман” дерди. Мен эса  унга юз фоиз ишонганман. 

— Асал, тўйни шу қадар сир тутдингларки, жуда оз фурсат қолгандагина хабар топдик... 

— Чунки, бу бизнинг ўртамиздаги туйғулар, орзулар ва ният эди. Шунинг учун ҳам уни бегоналардан асраб- авайладик. Ўша кун келганда эса бахтли кунимизни кўпчилик билан баҳам кўрдик. Менимча ҳаммаси кўнгилдагидек ўтди. 

— Бир-бирингизга узукка кўз қўйгандек моссизлар. Севги тарихингизни ҳам эшитишни истардик. Тўйгача бу ҳақда гапиришни истамадингиз балки энди гапириб берарсиз?

— Ўзингизга яхши маълумки, биз ҳамкасбмиз, ижодкормиз. Турли тадбирларда кўришиб турардик. Шундан бошланган... 

—  Шоҳрух турмушга чиқиш таклифини қай тарзда билдирган? 

— Ҳамкасб, дўст бўлиб юрдик. Ишонасизми, оила қуриш таклифини ўзбекона урф-одатларимизга кўра совчилар келгандагина билганман. 

— У айнан сиз кутган инсон эканини қандай сезгансиз?

— Шоҳрух ака, мен учун идеал даражадаги инсон. Очиғини айтсам, у инсонни тўлиқ англаб етмаганман. Ўзига яраша сирли феъл-атворга эга. Ҳар қандай вазиятда суянишим, ишонишим мумкин. Баъзида менга нотўғридек туйилган қарорлари ҳам охир-оқибат энг тўғри йўл эканлигини гувоҳи бўлганман. Шунинг учун ҳам ҳар бир қарорига ҳурмат билан муносабат билдираман. 

— Сизларни кўрганлар “иккаласи ҳам оғир-босиқ, қандай тил топишишди экан” деб ўйлашади...

— Биз иккимиз ёлғиз қолганда, умуман бошқа одамга айланамиз. Гапдан тинмаймиз. Кулгули воқеаларни гапириб, кулишиб, хуллас, сира зерикмаймиз. 

З. Н.: — Биласизми, бир-бирига кўнгил қўйган инсонлар туйғуларини синовдан ўтказиш, ҳақиқатдан ҳам бир-бири учун яралганлигини билиш учун вақт талаб қилинади. Буларга ҳам вақт керак бўлди ва бу албатта яхшиликка бўлди. Асал юқорида биринчи галда дўст бўлдик, деб бекорга айтмади. Нафақат улар, балки биз оналар ҳам бу вақт ичида оилавий дўстлашиб олдик. 

Бир-бирини яқиндан таниб, билиши учун анча вақт талаб этилганини табиий ҳол деб биламан. Чунки иккиси ҳам ижодкор, ўзига яраша инжиқликлари бор. Ана шу нарсаларга кўникиб, кейин бир оила бўлишди. Ўзимни бахтли инсонлар қаторига бемалол қўша оламан. Чунки икки ўғлим ҳам менга келин эмас, қиз олиб келишди. Шунинг учун ҳам бугун кўпроқ иш билан бандман. 

Асал: — Зебо опа, бизни тўйимизни кутиб турган эдилар, назаримда. Тўй ўтди-ю, шу заҳоти ишга берилиб кетдилар. Ҳозир фақат тасвирга олиш ишлари, янги фильм ва сериаллар билан бандлар. 

З.Н.: — Уйдан кўнгли тўқ инсонгина бемалол ишлайди. Доим ҳўмрайиб, кайфиятсиз юрадиган ўғлим ҳам, кулиб, ҳазил-ҳузул қилиб юрадиган бўлган. Сизлардан хотиржамман... 

— Қайнонанингизга Зебо опа, деб мурожаат қилганингиз эътиборимни тортди. 

А. Ш.: — Ўзларидан рухсат сўраганман. Шу кунгача Зебо опа деб чақирганим учун тўйдан кейин ойижон дейишга сира ўрганолмадим. 

З. Н.: — Бундан ташқари, менинг ўзим ҳам қаршилик қилмадим. Сабаби, инсонни қандай аташ муҳим эмас, ўзига ёққандек мурожаат этаверсин. Ҳурмат бу билан ўлчанмайди-ку, тўғрими?

— Зебо опа, касбингиздан келиб чиққан ҳолда бир савол берсам, яъни  режиссёрлар инсон психологиясини жуда яхши тушунади. Улар суҳбатлашиб ҳам қалбни кўра олади, дейишади. Асални илк кўрганингизда, у ҳақиқатдан ҳам ўғлингизга мос эканлигини ҳис этганмисиз?

— Бу воқеанинг тарихи узун... Бир бошидан гапириб бера қолай. Ёдингизда бўлса, Шоҳруххон клипларининг бирга Асални таклиф этган эди. Ўша ҳамкорликдан сўнг турли гап-сўзлар “болалай” бошлаганди. Ўша пайтларда биз киноижодкорлар Камолот ёшлар ижтимоий ҳаракати ташаббуси билан ёзги оромгоҳда йиғилгандик. Шунда биринчи марта Асал билан яқиндан танишганман. Илгари муносабатимиз салом-аликдан нарига ўтмаган. Хуллас, ўша тадбирда, ҳамма ўзи билан овора, мен эса  келганлар орасидан келин излашни бошлаганман. Шу пайти Асалга кўзим тушди. Худо ўзи кўнглимга солганми билмайман, нима қилмай шу қизга қарайверганман-да. Кейин ўзимча, ойдакгина қиз экан, одамлар бекорга гапирмас экан, Асални келин қилиб қўя қолсам бўларкан, деб ўйлаб қўйганман. Энг қизиғи, ўша тадбирда қайноналардек унинг нима иш билан бандлиги, нималарга қизиққанини пойлаганман. Кечки пайт ҳамма гуруҳ-гуруҳ бўлиб йиғилиб, куй-қўшиқ айтиш билан банд бўлса, у хонасига кириб китоб ўқирди. Бир зум бўш вақтини беҳуда сарфламаслиги эътиборимни тортди. Ана ўшандан кейин унга бўлган меҳрим яна ҳам ошган. Эртасига ўғлимга қўнғироқ қилиб, “Мен сенга зўр қиз топдим” деганман. У эса “Ойи, ўша ерда ҳам тинч юрманг. Атрофингизда фақат артистлар-ку, ким экан сиз топган қиз”  деб сўради. Мен эса “Ҳа, шу артистларнинг ичидан топдим-да. Асал Шодиева” дедим. У тўсатдан “Вой” деди. Ўша бир сўзнинг оҳангиданоқ ўғлим аллақачон Асалга кўнгил қўйганини сезгандим. Мен бу ерда жон куйдириб келин изласам-у, у ҳамма ишни пишитиб қўйган экан. Шундай қилиб, бир вақтнинг ўзида иккимиз ҳам бир номзодни кўз остимизга олиб қўйганмиз (кулади). Шундай қилиб, бир куни қўнғироқ қилиб, “Ойи, тайёрланиб туринг, меҳмонга борасиз” дея совчиликка юборди. Энг қизиғи эса, менинг ўзим ҳам тўйга ўн кун қолганда белгиланган санани эшитганман. Концертга тайёрланиш жараёнида ҳаммамиз елиб-югуриб юрибмиз. Концерт ҳам келди. Парда очилишига 15 дақиқа қолганда “Она 5 июнь тўй! Тайёрланаверинг” деса бўладими? Энди менинг аҳволимни тасаввур қилаверинг. Сарпо-суруқ, дегандек тўйнинг ўзига яраша ташвишлари, югур-югурлари бор. Қандай улгураман деб роса ваҳима  босган. Аммо ҳаммаси жуда чиройли ўтди. Минг шукр. 

— Фарзандларингизни келин-куёвлик либосида кўрганингизда хаёлингиздан нималар ўтди?

— Аввалига қандай бўларкин, жуда шошилиб, апил-тапил тўй қилдик, деб чўчигандим. Аммо ҳаммаси кўнгилдагидек ўтди. Илоҳим, болаларимизнинг бахти доим бутун бўлсин. 

— Келин сифатида Асалга қандай баҳо берасиз?

— Келин бўлиб тушганидан кейинг бағрим тўлиб, жуда ҳурсанд бўлдим. Асал жуда содда ва уятчан. Баъзида “бу қандай роль ўйнаган экан. Актрисага ҳам ўхшамайди” деб ўйлаб қоламан. Рўзғорда камчиликлар, паст-баландликлар бўлиши табиий. Уларни ҳозир ҳам, келажакда ҳам биргаликда енгиб ўтишимизга ишонаман. Очиғини айтишим керак, касбимдан келиб чиқиб оилада ҳам жуда талабчанман. Вақт ўтиши билан секин-секин бир-биримизга мослашиб феълимизни ўрганиб боряпмиз. 

— Касбингиз ҳақида гап бошлаганингиз сабаб бир савол туғилди. Фильмларингизга Асални таклиф қилишга улгурдингизми?

— Албатта! Ҳозирда “Бахтли бўламиз” сериалининг учинчи фасли суратга олиняпти. Ана шу сериалга ўғлим билан келиним учун сценарийга махсус ўзгартириш киритилди. Улар диалогларга ҳам тайёрланишаётган эди, бироқ тасвирга олиш ишлари яқинлашгандан кейин Шоҳрух рол ўйнаш фикридан қайтиб қолди. Айрим сюжетлар унга ёқмаган эмиш. Айни кунларда сценарийга ўзгартириш киритиб яна унга бердим. Розилигини ололсак, албатта иккиси билан ҳам биргаликда ишлаймиз. 

— Асал, келинликдан кейинги илк ижодий ишингиз қайнонангизнинг фильми билан бошланар экан-да? 

— Ҳа, албатта. Мен бундан жуда хурсандман. 

— Турмуш ўртоғингиз ижодингизга қандай фикр билдиради? Бирор бир шартлар бўлдими?

— Биласизми, тўйдан кейин ижод қилишимга рози бўлмадилар. Оила қургандан кейин келин уй ишлари, оила билан банд бўлиши керак дедилар. Бироқ Зебо опа менинг ёнимни олиб, ишлашимга рухсат олиб беряптилар. Шоҳрух ака ҳали аниқ қарор айтмадилару, бироқ, ойижонимиз кўмакларида фотосессия, кичикроқ  лойиҳаларда иштирок этиб келяпмиз. (Зебо опага юзланиб) Бунинг учун сизга раҳмат. 

З. Н.: — Бироқ Асални ролга таклиф қилган ҳар бир режиссёр биринчи ўринда мен ва Шоҳрухнинг олдидан ўтади. Сценарийларни ҳам биринчи биз ўқиймиз. Бу Асалга ишонмаймиз дегани эмас. Келиним ҳам ролларни чертиб- чертиб танлашига ишонаман. 

— Янги хонадонга кўникиб кетиш қийин бўлмадими, Асал?

— Йўқ. Ўзим таниган, билган оилага келин бўлиб тушдим. Қайнукаларим билан ҳам илгаридан танишмиз. Тўғри баъзида бироз хатоликларга йўл қўяпман. Аммо оила аъзоларим кўмагида уларни бартараф этишга, қайтармасликка ҳаракат қиляпман. 

— Зебо опа, инжиқ қайнонаман дедилар. Айтингчи, ростдан қаттиққўлмилар?

(Зебо опа гапга қўшилиб) — Жуда ҳам! Буни тан олишим керак. 

— Тўғри. Ҳамма иш идеал даражада бўлишини талаб қиладилар. Уларни бажаришга ҳаракат қиляпман. Аммо мукаммал даражада амаллашим учун ҳали кўп нарсаларни ўрганимишим кераклигини ҳам биламан. 

З. Н.: — Бу борада ўзим сенга ёрдам бераман, Асал. Чунки, янги хонадонга борган қиз, у ернинг шароитига, ички қонун-қоидаларига ўрганиб кетиши учун вақт керак. Мослашиб олиши учун эса уни қўллаб-қувватловчи инсонлар ёнида бўлиши шарт...

Машҳур қайнона-келин билан  суҳбатлашиб, очиғи ҳавасимиз келди. Улар бахтиёрликлари, бир-бирини тушунишга интилишлари билан ҳам ҳавасимизни келтиришди. Биз ҳам уларнинг кўзларидаги бахт ёлқинлари сира сўнмаслигини тилаб, суҳбатимизга якун ясадик. 

Алия СУЛАЙМАНОВА суҳбатлашди
Фотомуҳбир Ислом РЎЗИЕВ

Шарҳлар

Ўзбекистоннинг қайси ҳудудида оилалар сони кўп?

26.09.2021, 17:45

Ўзбекистоннинг қайси ҳудудида оилалар сони кўп? Давлат статистика қўмитаси маълумот берди. Унга кўра, 2021 йилнинг 1 январь ҳолатига Ўзбекистон Республикасида жами 8 871 412 та оила...
Ўзбекистонда 2030 йилга қадар оила институти янада мустаҳкамланади

27.05.2021, 16:56

АОКАда “Маҳалла ва оила” илмий-тадқиқот институти раҳбарлари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.Анжуманда  “Ўзбекистон Республикасида оила институтини 2030 йилгача янада мустаҳкамлаш концепцияси” мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида...
Ўзбекистонда қанча оила фақат шаърий никоҳ асосида яшагани аниқланди

14.11.2019, 18:36

 Ўзбекистонда ФҲДЁ органлари ҳокимликлар тасарруфига ўтказилгач, фақатгина шаърий никоҳ билан яшаб келган 20 минг 350тадан ортиқ оила аниқланиб, уларнинг никоҳи қонунийлаштирилди.Бу ҳақда 13 ноябрь куни оила...
Зохиршоҳ Жўраев Ботир Қодиров унинг акаси экани ҳақидаги миш-мишларга нуқта қўйди (видео)

06.11.2019, 12:06

Зохиршоҳ Жўраев "Миллий" телеканалининг "Нишондасиз" кўрсатувида иштирок этиб, оилавий миш-мишларга нуқта қўйди...Кўрсатув давомида бошловчи Зохиршоҳдан Ботир Қодиров Шерали Жўраевнинг фарзанди экани ҳақидаги миш-мишларга ойдинлик киритишини...
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1