1

Тутқунликдан қутулган тарихчи

МОЗИЙДАН САДО 21.09.2016, 10:50
Тутқунликдан қутулган тарихчи

Ёхуд Ибн Арабшоҳнинг аянчли қисмати хусусида

Ўзининг ажойиб ва сермазмун асарлари билан Мовароуннаҳр тарихида сезиларлик из қолдирган араб муаррихи ва адибларидан бири – XIV аср охири XV асрнинг ўрталарида яшаб ижод этган Ибн Арабшоҳдир. 

Асирликдан адибликкача
Тўлиқ исми Шиҳабуддин Аҳмад ибн Абдуллоҳ ибн Иброҳим бўлиб, мелодий1389 йимлда Дамашқ шаҳрида туғилган. Амир Темур 1401 йилда Шом (Сурия)ни забт этгач, у ердан жуда кўп олимлар, фозиллар, меъморлар ва косиб-ҳунармандларни Мовароуннаҳрга олиб кетади. 

Ўн икки ёшларидаги Ибн Арабшоҳ ҳам оиласи билан Самарқандга олиб келинади. У бу ерда камолга етади, мадрасаларда ўқиб, яхши билим олади, форс ва турк тилларини ўрганиб, адиб ва олим бўлиб етишади. 

Буларнинг барчаси дамашқли асирнинг Темур даврида зулм-таадди остида яшамаганлигини, балки соҳибқирон ҳукмдорлиги остида яратилган яхши имкониятлардан баҳраманд бўла олганлигини кўрсатиб турибди. 

Ибн Арабшоҳ кейин Ҳиндистон, Эрон, Дашти Қипчоқ ва Рум мамлакатларида саёҳатда бўлади, у ерларнинг ҳукмдорлари хизматида ва эътиборли олимлар, фозиллар суҳбатида бўлади.

Муаррихнинг бебаҳо мероси
Ибн Арабшоҳ бир неча ажойиб асарлар муаллифидир. Унинг “Миръот ул-адаб фи-л баён в-ал-маоний” (“Маъно ва баёнда адабиёт ойнаси”), “Жилват ал-амдаҳ ал-жамолия фи-хуллатай ал-аруз в-ал-арабия” (“Араб тили ва аруз либоси билан безалган гўзал мадҳлар жилваси”), “Фоқиҳат ал-хулафо ва муҳофиқат аз-зурафо” (“Халифалар овунчоғи ва зарифлар эрмаги”) ва бошқа чуқур маъно, нозик услуб, ўйноқи сажъ билан ёзилган асарлари араб ва жаҳон маънавий хазинасининг ноёб дурдоналари ҳисобланади. 

Унинг номини оламга машҳур қилган шоҳ асарларидан бири Амир Темур ва темурийлар даври ҳаётига бағишлаб ёзилган “Ажойиб ал-мақдур фи тарихи Таймур” (“Темур тарихида тақдир ажойиботлари”) ҳисобланади. Мазкур асарда муаллиф ўзи таъкидлаганидек “ўзи кўриб мушоҳада этган” воқеалар ва “ўзгалардан эшитган” маълумотлар асосида Амир Темурнинг ҳукмронлиги, юришлари ва инсоний сифатлари, хулқ-атвори ҳақида батафсил ҳикоя қилади. 

Хусусан, машҳур тарихчи Шарафиддин Али Яздий   ўзининг “Зафарнома” асарида Амир Темур Темур сиймосига ўта ижобий ёндошади. Бу табиий эди. Чунки, “Зафарнома” бевосита Соҳибқироннинг кўрсатмаси билан ёзилган ва унда бирёқлама муносабат бўлиши табиий эди. Ибн Арабшоҳ эса, ўз асарида Амир Темур ва унинг фаолиятига холисона ёндашган. Бироқ, гарчи Соҳибқирон қўшинлари томонидан асир олиниб, ўзга юртга келтирилган бўлса-да, барибир Амир Темурнинг жанговар ва бунёдкорлик салоҳиятини қаламга олади. 

Соҳибқироннинг ҳаққоний сийрати
Ибн Арабшоҳ Амир Темурни азму қарори қатъий, қанчалик аччиқ бўлмасин  –  ҳақиқатни хуш кўриб, адолат юзасидан иш тутувчи, чуқур фикр-мулоҳазали, вазмин, тадбиркор, жасоратли, мурувватли, олийҳиммат, улуғвор бир инсон сифатида тасвирлайди. 

Аммо бу тасвирда ҳам ортиқча мақтов ва мадҳу муболағага берилмайди. “Темур тамғасининг нақши “рости русти” бўлиб, “ҳақгўй бўлсанг – нажот топасан” демакдир, – деб ёзади муаррих. – Темур бехато нишонга урувчи, фикр-мулоҳазали, бағоят фаросатли, мислсиз даражада бахтли-саодатли, улуғворлиги ўзига мувофиқ, қатъий азму қарор билан сўзловчи, бошига кулфат тушганда ҳам ҳақгўй инсон эди... Унинг лутфи қаҳри ичига қорилган бўлиб, қаттиққўллиги эзгулигига аралашган эди”.

Ибн Арабшоҳ ҳар бир инсонда бўлгани каби Амир Темур феъли-атворидаги бу икки томон, қарама-қаршиликни холис, одилона тасвирлайди, унинг юрт ободлиги борасидаги саъй-ҳаракатлари, илм-фан, маданиятга қилган буюк ҳомийлиги, уламою фозилларга кўрсатган иззат-икромини айтиш билан бир қаторда унинг муруввати ҳайбати билан аралаш эканлигини келтиради, 

Сўнгги манзил
Ибн Арабшоҳ ўз даврида ва хозиран ҳам кимларгадир ёқиш-ёқмаслигидан қатъий назар фақат ҳақиқатга  қараб иш тутган, мадҳиябозлигу хушомадгўйликдан ор қилган тарихчи эди. 

У умриниг охирларида ватанини қумсаб, Арабистонга кетди ва Миср султони Зоҳир Чақмоқнинг таклифига мувофиқ бир қанча муддат унинг саройида яшади, саройдаги маҳаллий адиб ва шоирлар  билан мунозара ва мушоираларда иштирок этди.

Ибн Арабшоҳ ўз билими, тарих, адабиёт ва нотиқлик санъатидаги устунлиги билан уларни ҳайратда қолдирса-да, аммо афсуски, ҳасадгўйлар таъқибига учради. 

Аммо ҳасадгўйлар иғво ва фитна қуролларини ишга солиб, адиб ҳақида бўлмағур гапларни тўқиб, султонга етказадилар. Натижада султон Ибн Арабшоҳни ҳибсга солади. Бегуноҳ адиб беш кун ҳибсда ётиб, оғир хасталикка учрайди, зиндондан чиқарилгач бир неча кун умр кўриб, оламдан ўтади. 

Ҳасадгўй чақимчилар ўз ниятига етишди: яна битта пок ниятли инсон, ҳақгўй адиб жаҳолат ва ғараз қурбони бўлди. Аммо Ибн Арабшоҳдан инсониятга ҳақиқат нурига йўғрилган ажойиб асарлар қолди.

М.Худойқулов тайёрлади.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1