"Озодбек Назарбековнинг клипида чиққач, мени ёмон кўрадиганларнинг фикри ўзгарибди"
Категория: Шоу-Бизнес Опубликовано 08.06.2012 09:00 Просмотров: 1645

Саҳифамизнинг бугунги қаҳрамони оёққа туриб, жамиятда ўз ўрнини топишида аввало отасининг роли беқиёслигини бот-бот такрорлашдан чарчамайди.
Саҳифамизнинг бугунги қаҳрамони оёққа туриб, жамиятда ўз ўрнини топишида аввало отасининг роли беқиёслигини бот-бот такрорлашдан чарчамайди. Чиндан ҳам отасининг қаттиққўллиги, укасининг тиргаклиги, турмуш ўртоғининг ишончи, ўғлининг танқидлари, қисқа қилиб айтганда, пойдевори мустаҳкам бўлмаганида Райҳон УЛАСЕНОВА бугун таниқли ва энг асосийси, севимли актриса сифатида қаршимизда турмасмиди. Келинг, яхшиси, актриса ҳаётда суянганлари ҳақида ўзи сўзлаб бера қолсин...
«Болалар мени роса тепган»
— Мактабда ҳам, Тошкент Давлат Санъат институтида ўқиб юрганимда ҳам ўғил болалар билан дўст эдим. Боиси кичиклигимдан вақтим суратга олиш майдонларида ўтгани боис қизлар мени хуш кўришмасди. Ўғил бола синфдошларим қизларни қорбўрон қилмоқчи бўлса, «Тўхтанглар, дўстимиз Райҳон ўтиб кетсин», деб, сафларидан жой беришарди (кулади). Ҳозир, афсуски, синфдошларим билан бошқалар сингари учрашмаймиз. Лекин мен уларнинг барчасини яхши кўраман. Ўз вақтида мени қўллаб-қувватлаб, меҳрларини аяшмаган. «Илҳом» театридаги актрисалар бирга тушлик қилса, негадир мен йигитлар билан овқатланардим. Чунки ўзбек қизи бўлганим учун «Русча гапиришни билмайди», деб камситиб, устимдан кулишарди. Лекин мен бундай майда-чуйда гапларга эътибор бермасдим.
Тўққиз ёшимда хорижда ўтказилган Халқаро болалар танловига «Булбулча» рақс дастаси билан борганман. Нуфузли ўринни эгаллаб, қайтишда рангли «рюкзаг» ва либослар олиб келганман. Бу синфдош қизларга ёқмай, йигитларни қайрашган. Мактабдан қайтаётганимда бешта бола «рюгзаг»имдан тортиб, тепа бошлади. Шунда жаҳлим чиқиб, «Ўғил бола бўлсаларинг, битта-битта уришларинг!» деб, ҳаммасини дўппослаганман. Эртасига мактаб директори отамни чақиртирган. Борса, бешовининг ота-онаси «Қизингиз ўғилларимизни урибди», деб шикоят қилишган (мириқиб кулади). Отам ҳам «Қизим шўхроқ, урса урибди-да!» деганди. Ҳозир ўйласам, ўғлим ўзимга ўхшаган уришқоқ экан (кулади).
«Жаҳонгирнинг чиғириқларидан ўтиш осон бўлмаган»
— Оилада тўрт фарзанмиз: уч қиз ва бир ўғил. Жаҳонгир отамдан кейин оилабоши ҳисобланади. У отамни йўқлигини билинтирмасликка ҳаракат қилади. Отамнинг фарзандларига ташлаб кетган бойликлари, бу — меҳр-оқибат. Ҳаттоки энг кичик синглим Зулайҳо ҳам бизни қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилади. Жаҳонгир ташқи кўринишидан жиддий бўлишига қарамай, жудаям ҳушчақчақ, исталган мавзуда гаплаша олади. Бошловчилик соҳасида укамни энг биринчи устозим дея оламан. Сабаби кутилмаган вазиятлардан қандай чиқиб кетишни менга Жаҳонгир ўргатган. Илк бор тўйда бошловчилик қилганим ҳеч ёдимдан чиқмайди. Жаҳонгир билан энг катта тўйхонадаман. Чиройли кийиниб, гапирадиган сўзларимни ёдлаб, камига қоғозга ҳам ёзиб олганман. Жаҳонгир ҳам «Фалон гапни айтасиз», деб тайинлади. Даврага чиққанимдан кейин қани энди бирон нимани эслолсам. Жаҳонгир ўргатган гапни айтишга оғиз жуфтлаб турсам, укам атай гапни илиб кетди-да! Жозибали табассум билан чиқиб, худди шу ҳолда даврани тарк этдим. Укамга «Нега менинг сўзларимни гапирдинг?» десам, «Аслида у гап меники эди», деса бўладими (кулади)! Бу вазият менга катта мактаб бўлган. Ўша кундан кейин укамнинг чиғириқларига тайёр турадиган бўлганман.
Оилавий «Меҳржон» театр студиясида отам, укам ва мен ярим тунгача репетиция қилардик. Отам «Бола-ку, уйқуси келди», демасди. Шунда уйқусираб ўтирган Жаҳонгирнинг «Опа, катта бўлсак ҳеч ҳам санъаткор бўлмаймиз-а?» деганини эсласам, кулгим келади. Отамнинг ўша вақтдаги талабчанлиги ҳозир бизга қўл келаяпти.
«Отамни йўқотганим ҳақида гапириш мен учун оғир»
— Отамга шу қадар яқинлигимдан мени «Отасининг думи», дейишарди. Ҳаттоки онамга айтолмаган сирларимни отамдан яширмасдим. Отам Ориф Шахобиддинов Тошкент Давлат Маданият институтида саҳна нутқи ҳаракатидан дарс берарди. «Дум» бўлганим учун (кулади) тўрт-беш ёшлигимдан болалигим саҳнада ўтган, десам ҳам бўлади. Санъатга кириб келишимга ана ўша пайтлардан замин яратилган. Отам жудаям қаттиққўл, бир сўзли инсон эди. Биргина қарашининг ўзидан «ўчардик» (кулади). Сира «йўқ» деган сўзни ишлатмасди. Бироқ инкорини ҳам шу қадар чиройли сўзлар билан тушунтирардики, хафа бўлишга ўрин қолмасди.
Чақалоқлигимда отамни Наманганга хизмат сафарига жўнатишган. Укам иккимизнинг санъатга қизиқишимизни кўриб, ўз карьерасидан ҳам воз кечиб, Тошкентга қайтишни лозим топган. Ва мени «Булбулча» рақс дастасига аъзо қилган. Ҳозир ўйлаб қарасам, ўшанда бизнинг ғамимизни емаганида «катта одам» бўлиб кетармиди…
Мени илк бор фильмга суратга тушишга таклиф қилишганида эркак киши бўлишига қарамай, отам «Олдингга қўйган мақсадингга албатта етишасан! Фақат унга тўғри йўл билан ҳам, эгриси билан ҳам етишса бўлади», деб насиҳат қилганди. Бугун ҳар бир босаётган қадамимда отамнинг шу сўзларини ёдга оламан.
Ўзбекистон Санъат институтига имтиҳон топшириб, актёрлик маҳоратидан юқори, тестдан паст натижа олиб, шартномага ўқишга кирганларнинг биринчиси бўлганман. Отам шу қадар ориятли эдики, «Қизим шартнома асосида ўқишидан ор қиламан. Керак бўлса ўзинг пул топиб ўқигин», деган. Фурсатдан фойдаланиб, «Ўзбек» театрига миннатдорчилик билдираман. Бир йиллик шартнома пулини тўлаб берган. Қолган босқичларда «Илҳом» театрида ишлаб топган маблағимга ўқиганман. Шу тариқа ўзим маблағ топиб, дипломимни қўлимга олганман. Лекин ҳеч қачон бугунги даражага ўз кучим билан эришганман, демайман. Чунки биз фарзандлар отам яратиб берган муҳит орқали оёққа турганмиз. Отам бирон марта таниш-билишларидан фойдаланмасди.
Отам оламдан ўтганига олти йил бўлди. Йигирма тўрт ёшимдаги бу йўқотиш менга жуда қаттиқ таъсир қилган. Онамнинг таваллуд кунида отамни ерга қўйганмиз. Ҳамма оила аъзоларим ўзини йўқотиб қўйгани боис, катта фарзанд сифатида иродамни сусайтирмаганман. Шу боис отам вафот этганини қирқи чиққач англаганман. Отам дўстлар даврасида ўтирганида олтинчи юрак хуружи сабаб жон бераётганида ёнида Жаҳонгирдан бошқа ҳеч ким бўлмаган. Укамга ҳеч кимга ишонмайдиган сувенир пичоқчасини топшириб, кўз юмган экан. Отам доим «Уч кундан ортиқ аза тутманглар. Саҳнанинг ортидаги нарсани томошабин билиши керак эмас», деган гапни кўп гапирарди. Тўртинчи кундан ишга чиқиб, ҳаттоки комик ролларни ҳам ижро этганман…
«Турмуш ўртоғим отамга ўхшайди»
— Кўпчилик қизлар бўлажак турмуш ўртоғида отасида бор жиҳатларни кўришни истайди, шу жумладан, мен ҳам. Умр йўлдошим ташқи кўринишидан отамга ўхшамаса-да, феъл-атвори бир хил: бир сўзли, гапини нигоҳи билан тушунтира билади, сабр косаси чуқур... Рафиқаси санъаткор бўлган эркаклар сабрли бўлмаса қийин. Ҳамма инжиқликларимга чидайди, лекин бир жаҳли чиқса тамом (кулади). Ҳар бир ақлли аёл сингари бундай вазиятда чегарадан чиқмай, қизил чироққача етиб бормасликка интиламан. Турмуш ўртоғим жанжал қилиб ўтирмай, мен йўл қўйган хатоларни «темир дафтарча»сига ёзиб боради. Ҳисоб-китоб вақти келганида битта гапдан қоламан. Аслида эркак гап бошлаганида аёл киши «балиқ бўлиши» шарт! Шунда юзага келиши мумкин бўлган жанжалнинг олди олинади. Отамни қандай тушунган бўлсам, биринчи муҳаббатим — умр йўлдошимни ҳам яримта гапидан тушунаман (кулади).
«Азизбек — менинг стилистчам»
— Саккиз ёшли ўғлим Азизбекни, кичкина бўлишига қарамай, яна битта хўжайиним дея оламан. Боиси гоҳида хизмат сафарига кетган отасининг ўрнини билинтирмайди. Буйруқ оҳангидаги гаплар янграб туради. Либосларим ёқмаса, эътироз билдиради. Ҳаттоки қайси либосим нима билан уйғунлашишини ҳам айтиб туради. «Шахсий стилистингиз борми?» деган саволга «Стилистчам бор, уйда», деб жавоб бераман. Азизбек санъат шайдоси. Ҳаттоки мактаб гимнига ҳам рақсга тушади. Ғайрати, завқи ичига сиғмайди. Қизиқишидан келиб чиқиб, «Breakdance» рақс тўгарагига бердим. Бошида туриб айланишни ўрганиб олган. Бир куни шу маҳоратини дўстларига кўрсатаётганини директор кўриб қолган… Ҳар куни директор хонасига бир кирмаса бўлмайди (кулади). Ё болалар билан уришаётган ёки рақс тушаётган бўлади. «Ўғлим, уришмагин», десам, «Ойижон, қизбола эмасманки, жим туриб гапларини эшитадиган», дейди. Ўғлим жудаям уришқоқ ва санъатни севадиган йигитча.
«Партнёрни севиш учун…»
— Театр актрисаси бўлганим учун партнёрларим жудаям кўп, ҳаммаси маҳоратли. Ролнинг табиий чиқиши партнёрдан чиқадиган энергияга боғлиқ. Театрдаги партнёрларимдан бири — «Илҳом» театрининг бадиий раҳбари Борис Гафуров. Истеъдодига тан бераман. Бадиий раҳбар бўлишига қарамай, саҳнада ҳамма қатори актёрга айланади, интизомга қатъий бўйсунади. Кеч қолса, бизга ўхшаб ойлигидан 20 фоиз жарима тўлайди, репетиция жараёнида қўл телефонидан фойдаланмайди. Иккинчи партнёрим Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Сейдулла Малдаханов. У киши отамнинг курсдоши. Ҳар хил қиёфада кўрина олади. Бугун отам, эртасига севикли ёрим ролини маҳорат билан ўйнайди. Ролда партнёрни севиш учун унга эркак сифатида қараш шарт эмас. Шахсан мен турмуш ўртоғимнинг қиёфасини кўз ўнгимда гавдалантириб, партнёримни «севаман».
«Кумирим Жонни Дэп»
— Бу актёрни ўз устида тинимсиз ишлагани учун яхши кўраман! Пластика, сўздаги ҳар бир оҳанги, хуллас, актёрликдаги барча жиҳатларни назардан четда қолдирмайди. Ҳар бир фильмини кўрганимда «Жонни Дэпми?» деган савол туғилади. Чунки битта қолипда қолиб кетмайдиган истеъдод эгаси. Жонни Дэп ҳақиқий актёр, менинг кумирим!
Озодбек Назарбековнинг кутилмаган қиёфаси
— Озодбек Назарбековни нафақат санъаткор, балки инсон сифатида ҳам оилавий ҳурмат қиламиз. «Сарсон» клипига таклиф этишганида ҳам сценарийни ўқиб чиқиб, ҳеч иккиланмай розилик билдирдим. Уч кунлик суратга олиш жараёнида Озод акага далда бўлиб, «Ўзбекистон Давлат Санъат институтини битиргансиз, қўлингизда дипломингиз бор. Актёрлик маҳоратингиз зўр», деб қўллаб-қувватлаб турдик. Кўпчилик кутмаган қиёфада намоён бўлди, роли чакки чиқмаган.
Шу қўшиқнинг шеърини ёзган шоир Муҳаммад Исмоил янги китобининг тақдимотига чақирганида ишдан ортиб боролмагандим. Шунда қўнғироқ қилиб, «Клипда айнан сиз ўйнаганингиздан хурсандман!» деб миннатдорчилик билдирганида юрагим бир энтикканди. Эътибордан ортиқ совға йўқ-да ижодкор учун!
«Мени яхши ва ёмон кўрадиган мухлислар…»
— Бир куни дугонам таксида кетаётганида радиода Озодбек Назарбековнинг «Сарсон» қўшиғи янграб қолган. Шунда ҳайдовчи «Шу қўшиқнинг клипида ўйнаган актрисани чидаб бўлмас даражада ёмон кўрардим. «Кечир» фильмида сотқин дўстни ўйнаган. «Алданган аёл»да ҳам оиласидан воз кечадиган аёл ролида чиққан. Кеча қарасам, клипда чиқибди, яхши кўриб қолдим», дебди. Шунда дугонам «Райҳон менинг сирдошим бўлади», деган экан, ҳайдовчи «Озодбек Назарбеков менинг дўстим», дебди мазах қилиб (мириқиб кулади). Айтмоқчиманки, мени салбий ролларим орқали ёмон кўрадиган, ҳатто Райҳон Уласеновани танимайдиганлар ҳам бор. Машҳур актёр Андрей Паниндан «Мухлисларингиз сизга хат ёзиб турадими?» деб сўрашса, «Ҳа, «Сени ёмон кўрамиз!» «Қўлимизга тушсанг, ўлдирамиз!» деган мактублар ёзишади», дер экан. Райҳон Уласеновага эса ҳеч ким хат ёзмайди, ҳатто қўнғироқ ҳам қилишмайди. Чунки телефон рақамимни сўраганларга турмуш ўртоғимнинг рақамини бераман. Лекин мени ҳурмат қилган мухлисларимни мен ҳам яхши кўраман! Борларига шукр!
Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА суҳбатлашди
Янгиликлар
- 11:55 Тошкентда яна зилзила қайд этилди
- 20:12 Ижарада турмоқчимисиз? Ижара билан боғлиқ 10 та масала
- 19:47 Клипмейкер масъулиятсиз Шоруххонни эрталабгача тасвирга тушишга мажбур қилди
- 19:32 Ўзбекистон-Қатар ўйинига чипта ютиб олишни истайсизми?
- 19:17 Олти давлат цирк усталари Тошкент аренасида
- 18:41 Миржалол Қосимов Хитой, Корея ва Қатарга қарши дастлабки таркибни эълон қилди
- 17:44 Сўровнома - Даракчи.uz ўқувчилари ва букмекерлар "Бавария" чемпион бўлишига ишонмоқда
- 17:24 Қонунчилик палатаси депутатлари қатор қонун лойиҳаларини кўриб чиқдилар
- 12:06 Ўзбекистон ҳукумати Ўткир Ҳошимов вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди
- 11:48 Gentra ёки биз кутган "Ласетти-2" автомобилининг кутилган тақдимотидан фоторепортаж
- 10:21 Тошкент яқинида 5,5 балли кучли зилзила содир бўлди
- 20:54 ФИДЕ. Рустам Қосимжонов Морозевич билан дурангга имзо чекди
- 18:44 Ўзбекистон футзал терма жамоалари Осиё ўйинларидаги рақибларини билиб олишди
- 18:26 Юлдуз Усмонованинг "Belli-belli" клипи қандай суратга олинган эди? Сиз кўрмаган кадрлар (видео)
- 18:04 Москвага олиб кетилаётган 17 миллион сўмлик қадимий медаллар ушланди
- 17:21 Иштаҳани қитиқлаймиз: бу бананми ёки музқаймоқ?
- 16:41 Сессия имтиҳонларини текинга топшириш мумкинми? Сўровнома якуни
- 16:01 Йигирма яшар ўқитувчи 4 кишининг ўлимида айбланмоқда
- 15:35 Lego ўзининг энг катта ўйинчоғини оммага намойиш этди
- 14:47 Британия вакили Колин Робертс Ўзбекистон билан алоқаларни муҳокама қилди
Шоу-бизнес
